Ибодат

13:05 / 24.04.2017 | Савол | 1362
Ассалому алайкум! Намоз нима?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Намоз арабчада «Салот» дейилиб, луғатда «яхшиликка дуо» маъносини англатади.
Шариатда эса: такбир ила бошланиб, салом бериш ила тугайдиган, махсус шартлари бор гаплар ва ишлар намоздир.
Намоз Исро кечасида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан олдинроқ фарз бўлган.
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: فُرِضَتْ عَلَى النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم
لَيْلَةَ أُسْرِىَ بِهِ الصَّلَوَاتُ خَمْسِينَ ثُمَّ نُقِصَتْ حَتَّى جُعِلَتْ خَمْسًا ثُمَّ نُودِيَ يَا مُحَمَدُ إِنَّهُ لاَ يُبَدَّلُ الْقَوْلُ لَدَىَّ وَإِنَّ لَكَ بِهَذِهِ الْخَمْسِ خَمْسِينَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيُّ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқартирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса:
«Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда гап ўзгарилмас. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб нидо қилинди».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Беш вақт намоз фарзлиги Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам, ижмоъда ҳам қайта-қайта таъкидланган.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:
إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَّوْقُوتًا ۝
«Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир», деган (103 -оят).
Аллоҳ таоло «Баййина» сурасида:
وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاء وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ۝
«Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг дийнигагина ихлос қилишга, бошқа дийнларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар. Ана шу тўғри(миллат)нинг дийнидир», деган (5-оят).
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم
: بُنِيَ اْلإِسْلاَمُ عَلَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَإِقَامِ الصَّلاَةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَالْحَجِّ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом беш нарсага бино қилинган: «Лаа илааҳа Иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтиришлик, намозни тўкис адо этишлик, закот беришлик, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», – дедилар».
Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.
Ислом умматининг барчаси беш вақт намоз фарз эканига доимий равишда ижмоъ қилиб келган.
Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир. Ҳар ким ўзи учун намоз ўқимоғи фарздир. Ким намозни инкор қилса, Исломдан чиқиб, кофир бўлади.

НАМОЗНИНГ ҲИКМАТЛАРИ

1. Намоз Исломнинг иккинчи рукни, ибодатларнинг онаси, тоатларнинг асоси, гуноҳларни ювувчи, ёмонликларни қайтарувчидир.
2. Намоз калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарздир.
У, банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг дийний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари жуда кўпдир.
3. Намоз банданинг Аллоҳ ила боғланиш воситасидир.
Унда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, У зотга муножот қилади, барча дардларини тўкиб солиб, руҳий, маънавий лаззат олади.
Бу дунёда ҳаёт кечираётган одамнинг ўзига яраша дарди, ҳасратлари бўлади. Уларни бошқа одамларга айтса, ёрдам олиб бўлмаслиги мумкин, қолаверса, улар сирини бошқаларга фош қилиб, дард устига чипқон бўлишади. Дарду ҳасратни Аллоҳ таолога айтилганда эса, Аллоҳ ёрдам беради ва сирни фош қилмайди. Ҳеч бўлмаса, банда дардини тўкиб солиб ҳузур қилади.
Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.
4. Намоз ютуқ ва нажотлар йўлидир.
5. Намоз – хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўли.
6. Намоз ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради.
7. Намоз намозхонни Аллоҳ таолога яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди. Фақат Аллоҳдангина иззат талаб қилишга ўргатади.
8. Намоз инсонни бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади.
9. Намоз ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат касб этади.
10. Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан қутулиб, ушбу ҳаётдаги ўз масъулиятини сидқидилдан адо этадиган бўлади.
11. Намоз кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.
12. Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқор, сабр каби кўплаб шахсий сифатларга эга бўлади.
13. Намоз ўз эгасини юксак инсоний фазийлатларга эга бўлишга, турли разийлатлардан холий бўлишга олиб боради.
14. Намознинг намозхонлар жамиятига келтирадиган фойдалари ҳам жуда кўпдир.
Маълумки, намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзалдир.
Жамоат билан намоз ўқиш намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди. Куч жамоатда эканини англатади. Ижтимоий боғланиш, ҳамкорликни кучайтиради.
Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намо-йиш қиладиган муҳим омилдир. Намозда ҳамма, ким бўлишидан қатъиназар, бир жойда, бир сафда туради, бир хил амални бажаради ва бир Аллоҳга банда эканликлари изҳор қилинади.
Жамоат намози мусулмонларнинг сафлари бир, гап сўзлари бир эканини кўрсатади.
Намозда жамоат шаклида имомга бўйсуниш, бир мақсадга йўналиш кўринишлари намоён бўлади.
Жамоат намози орқали мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, унсу улфат орттирадилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга одатланадилар. Улар, жамоат намози туфайли, бир-бирларининг ҳолларидан хабар оладилар. Ичларида бемор, мазлум, ҳожатмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар.
Жамоат намозида қатнашувчилар бир-бирларига ёрдам бериш билан бирга, хатоларини ҳам тузатадилар ва ўз жамиятлари учун керакли кўплаб бошқа ишларни ҳам амалга оширадилар.
15. Намоз мусулмон кишини ғайримусулмондан ажратиб турувчи асосий белгидир. Шунинг учун ҳам, намозхон одамни ҳамма ҳурмат қилади, унга ишонади, ундан хотиржам бўлади.
16. Намоз поклик рамзидир.
Намозхон одамнинг энг аввало қалби пок бўлади. Қолаверса, бадани, кийим-боши ва макони пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда кофирга ҳам сир бўлмай қолди.
Қўйингки, охиратдаги фойдаларини айтмаганда ҳам, намознинг бу дунёдаги фойдалари ҳақида гапирадиган бўлсак, шунинг ҳам адоғига ета олмаймиз.
(Кифоя).