Ҳадис шарҳи

13:16 / 24.04.2017 | Савол | 1112
Ассалому алайкум!
1) ,,Сизларга ўзларинга ўхшаганлар учрайди» дeган маънода ҳадис борми?
2) Қўқонликман. Муаллим сонини ва ,,тажвид»китобини ўқиб тугатганман(асло мақтаниш ниятим йўқ). Айтмоқчиманки, мeн ҳам мадрасаларда ўқиган, илми бор муслима қизларимиздан бирига уйланишга муносибманми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
1. Сиз айтган маънодаги ҳадисни билмайман. Лекин Қуръондаги “Нур” сурасининг 26- оятида қуйидагича баён қилинади.
الْخَبِيثَاتُ لِلْخَبِيثِينَ وَالْخَبِيثُونَ لِلْخَبِيثَاتِ وَالطَّيِّبَاتُ لِلطَّيِّبِينَ وَالطَّيِّبُونَ لِلطَّيِّبَاتِ أُوْلَئِكَ مُبَرَّؤُونَ مِمَّا يَقُولُونَ لَهُم مَّغْفِرَةٌ وَرِزْقٌ كَرِيمٌ۝
Нопок хотинлар нопок эркаклар учундир. Нопок эркаклар нопок хотинлар учундир. Покиза аёллар покиза эркаклар учундир. Покиза эркаклар покиза аёллар учундир. Ана ўшалар у(бўҳтончи)лар айтаётган нарсалардан поклангандирлар. Уларга мағфират ва гўзал ризқ бордир.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло исломий жамият ҳаётидаги муҳим бир асосни баён қилмоқда. У ҳам бўлса, нопок қалблар ўзларига ўхшаган нопоклар билан топишиши, ўз навбатида, пок қалблар ўзидек покиза қалблар билан топишиб бирлашишидир. Асли нопок инсондан доимо нопоклик содир бўлади. У ўзига ўхшаган нопокларни ёқтиради, улар билан топишади, доим бирга бўлади. Лекин пок кишиларга қўшила олмайди. Шунингдек, пок одам ҳам доимо поклик билан яшайди. Пок кишиларни қидиради, топади, бирга бўлади. Эру хотин бўлишда ҳам шу. Пок хотинга пок эр, нопок хотинга нопок. Агар нопок билан пок бирлашиб қолса, бу ҳамдамлик узоққа бормайди. Чунки, пок билан нопокнинг бирга бўлишлари амри маҳол. Шундай экан, Аллоҳ пок қилиб яратган, Пайғамбарликка танлаган зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишаи Сиддиқани ҳамма аёлларидан яхши кўришлари у аёлнинг ниҳоятда поклиги сабабидан эмасми?! Оиша онамизда заррача нопоклик бўлганида, у муҳтарама зотни Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шунчалар яхши кўришлари мумкин эдими?!
Ана ўша пок эр ва аёллар бўҳтончилар уларга қўяётган айблардан покдирлар.
«Уларга мағфират ва гўзал ризқ бордир.»
Уларга бу дунёда мағфират – гуноҳларини кечиш ва у дунёда гўзал ризқ – жаннат бордир.
Шу билан ифк ҳодисаси — мусулмонлар жамоасини катта мусийбатга солган ҳодиса ҳақидаги оятлар ниҳоясига етди. Бу ҳодиса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оиласининг поклигини ва бу оилани Аллоҳнинг Ўзи сақлашини исбот этди.
2. Аллоҳ таолонинг ҳузурида банданинг фазли тақвоси билан ўлчанади холос. Валлоҳу аълам!.