Ассалому алайкум! Келин бўлганимга 6 ой бўлди, ёшим 26 да. Мен табиатан оғир босиқман, шундай бўлганимга ҳам шукур қиламан. Шу орада қайнонам одамларга қўшилиб кетмайди, ғурури баланд деган гаплар гапирдилар, овсиним билан солиштиряпдилар. Овсиним келин бўлганларига 7 йил бўлган, табиатан шўх, шаддод кўп гапирувчан, баъзида ноўрин одобсиз гаплар гапириб қўядилар. Бунга қайнона қайниотам индашмайди, турмуш ўртоғим ҳам жуда камгап оғир босиқлар, баъзида шўхлигим келиб кўп гапирсам, урушиб берадилар. Инсон ўзгариши жуда қийин, деб ўйлайман. Ўзим бировни ҳечам муҳокама қилмайман, солиштирмайман. Бошқа одам билан солиштириш қанчалик тўғри ёки нотўғри?
– Ва алайкум ассалом! Солиштириш тўғри эмас албатта. Аммо хуш муомала ва сертабассумлик вазминликка зид нарса эмас. Мана шу икки нарса одамлардаги нотўғри тушунчани кетказади, энг муҳими булар суннат амалдир. Валлоҳу аълам!