Мажбуриятми?

02:49 / 07.03.2021 | Salohiddin | 513

Ассалому алайкум! Оила қурганимга 11 йил бўлади. Халигача қайнонам билан келиша олмайман. Нима қилсам ҳам ёқмайди. 10 ёшли ўғлимга бирон иш буюрсам "ўзинг қил" дейишади. Ҳамма буюрган ишларни қилади. Лекин мен айтсам, аччиқлари келади. Овсиним бошқа уйга кўчиб ўтган, 8 йил бўлди. Тандир қуришга қайнонам кўнмади. Шундан бери нон қилсам, доим ярмини бериб юборади. "Ўзлари келиб қилиб кетсин", десам, аччиқ қилиб гаплашмай қўядилар. Баъзан беркитиб ҳам бериб юборадилар. Қалбимда қизғониш, ҳасад кучайиб кетаяпти. Мажбуриятдек муомала қиладилар. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Нон пиширадиган вақтингизда сизга оғирлик қилаётган бўлса овсинингизни ёрдамга чақиринг. Ёки "келинг галма-галдан пиширамиз", деб келишиб олинглар. Аммо шу нонни пишириб беришингиз орқали қанчадан қанча савоб ишни амалга оширган бўласиз. Биринчидан эҳсон қабулида иншааллоҳ, иккинчидан силаи раҳмни суннатга мувофиқ амалга оширган бўласиз. Бу орқали инсоннинг соғлиги яхши бўлади, умри баракали бўлади. Тасаввур қилинг сизнинг икки ўғлингиз уйландида икки келинлик бўлдингиз ва иккаласининг оиласига бир хил нонни лозим кўрдингиз. Келинларингиз эса бахиллик қилишяпти. Меҳнатини аяяпти. Албатта болаларингизни иккига ажратмайсиз. Балки шу бахил келинингиздан кўнглингиз совий бошлайди. Сизга шу ҳозирги тақдирни Аллоҳ инъом этибди, буни неъмат деб қабул этиб, шукрини адо этишингиз керак. Жуда аянчли аҳволда қолган оилалар бор. Сизга Аллоҳ шундай аянчли эмас бутунлай бошқача тақдир берибди. Бундан нолиманг. Ҳамма соғ-саломат, оилангиз тинч. Фақат келишув йўқ холос. Буни тўғирлаш эса муаммо эмас. Шунчаки ҳаёлларингизда қайнона-келин она боладек бир-бирларингизга меҳрибон эканлигингизни тасаввурингизга сиғдиринг. Инсон нималарни ўйласа, нима ҳақида гумон қилса ҳаётида ҳам шулар бўлади. Ҳадисга мувофиқ гумонингизни чиройли қилишингиз керак. Валлоҳу аълам!