– Ва алайкум ассалом!
Ота‑онанинг ҳақлари
Ота‑онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота‑онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, исломий ҳикматлар, мусулмонлар ҳаётидаги тажрибалар дунё тарихида бу борада мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар экани маълум ва машҳурдир.
Ислом фарзандларнинг зиммасида ота‑оналарнинг бир қанча ҳақ-ҳуқуқлари борлигини таъкидлайди. Бу масала Қуръони Каримда, суннати набавияда ва Ислом тарбияси ҳақидаги китобларда алоҳида баён қилинган.
Фарзандлар ўз ота‑оналарига яхши муомала қилишлари, ширинсухан бўлишлари, уларга меҳрибонлик кўрсатишлари, доимий эҳтиром билан уларни тақдирлаб туришлари, Аллоҳ таолонинг шариатига зид бўлмаган барча буйруқ, талаб-истакларини бажармоқлари лозим.
Ота‑онага яхшилик қилиш диний адабиётларимизда «Биррул волидайн» дейилади. Аввал «Биррул волидайни» – «Ота‑онага яхшилик қилиш» бирикмасининг тўлиқ маъносини тушуниб олайлик.
«Бирр» сўзи бизнинг тилимизга «яхшилик» дея таржима қилиниб, «фазийлат», «содиқлик», «тоат» ва «солиҳлик» маъноларини ифода этади.
Уламолар истилоҳида «Бирр» юмшоқ ва латофатли сўз ила яхшилик қилиш ва нафратга сабаб бўлувчи қўпол сўздан четда бўлишдир. Айни пайтда, «бирр» бир-бирига шафқат, меҳр-муҳаббат асосида молиявий амаллар ила яхшилик қилишдир.
«Волидайни» – ота‑она. Бу сўз бобо ва момоларни ҳам ўз ичига олади.
Энди ушбу маънони ифода қиладиган баъзи оят ва ҳадисларни умумий тарзда ўрганишга киришайлик.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!
Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт» (23–24‑оятлар).
Бу ояти каримада Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилгандан сўнг, бевосита, ота‑онага яхшилик қилиш буюрилмоқда.
«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота‑онага яхшилик қилишни амр этди».
Бу амал бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас, балки Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланиладиган кўнгилхуши ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғи бўлиб, уни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир.
Аллоҳнинг ибодатидан кейинги келадиган иш ота‑онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга чақирган амрдан кейин, шу жумланинг давомида ота‑онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукмнинг бир оятдаги ягона жумлада баён қилинишининг ўзиёқ Исломда ота‑онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.
«Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема».
Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси – ота‑онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси – ота‑онанг олдида «уфф» дема, улар «Болам оғир ҳолга тушибди», деб озорланадилар, деганидир.
«... уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!»
Ота‑онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота‑онангга раво кўр!
«Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт».
Фарзанд ота‑онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. У бутун меҳрини хокисорлик ила ота‑онасига пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат тилаб, дуо қилиб туриши лозим.
Ота‑онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар ва ҳадислар бу борада дунё тарихида мисли кўрилмаган олиймақом таълимотлар экани маълум ва машҳурдир. Хусусан, бу оят ва ҳадисларни, илоҳий кўрсатмалар ҳамда исломий ҳикматларни ҳаётга татбиқ қилган мусулмонларнинг ота‑оналарига кўрсатган юксак эҳтиромлари ва фидойиликларига тарих шоҳиддир.
Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида шундай дейди
«Биз инсонга ота‑онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир: «Менга ва ота‑онангга шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир» (14‑оят).
Қуръони Каримда фарзандларга ота‑онани ҳурмат қилиш, уларни эъзозлаш ҳақида қайта-қайта насиҳат берилади. Чунки Ислом ота‑онанинг ҳаққини юқори қўяди. Ушбу оятда эса, ота‑онани ҳурмат қилиш ҳар бир фарзанд учун Аллоҳнинг амри экани баён этилмоқда.
«Биз инсонга ота‑онаси ҳақида тавсия қилдик…».
Оятдаги «тавсия», кўпчилик тушунганидек, ихтиёрий иш эмас, балки Аллоҳнинг амридир. Ўша амр нимадан иборат эканини айтишдан олдин ота‑онани ҳурмат қилишнинг сабаби айтиб ўтилади.
«Онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди».
Яъни ҳомиладорлик пайтида онаси уни қорнида заифҳол бўлиб кўтаради. Борган сари заифлик устига заифлик ортиб боради. Бу ҳол бола туғилгунича давом этади.
«Уни сутдан ажратиш икки йилдадир».
Яъни қорнида заифлик устига заифлик билан олиб юрган она қийналиб туққан бу арзандасини кейин яна икки йил давомида эмизади.
Уламоларимиз шаръий эмизиш муддати икки йил экани ҳақидаги ҳукмни шу жумладан олганлар. Бола икки ёшга етгунича бирор аёлни эмса, сут орқали насаб собит бўлади, ва ўша эмизишга боғлиқ ҳукмлар жорий қилинади. Мисол учун, уни эмизган аёл унга эмизикли она, унинг эри ота, болалари ака‑ука, опа‑сингил бўладилар. Маҳрамлик ва никоҳ масалаларидаги ҳукмлар ҳам шунга мувофиқ кучга киради.
Хуллас, она ҳам ҳомиладорлик даврида, ҳам эмизиш даврида бола туфайли катта қийинчиликларни бошидан ўтказади. Шунинг учун ҳам фарзандда онанинг ҳаққи отаникидан кўп бўлади.
Оятнинг давомида тавсиянинг нимадан иборат экани айтилади:
«Менга ва ота‑онангга шукр қилгин».
«Эй инсон фарзанди, аввало Менга – яратган Роббингга, кейин ота‑онангга – сенинг дунёга келишингга сабаб бўлган зотларга шукр қилгин. Бу ишлар сенинг энг олий бурчингдир».
«Ва қайтиш фақат Менгадир».
«Билиб қўй, ана ўша қайтиш бўлганида бу ҳақда Ўзим ҳисоб-китоб қиламан».
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: لَا يَجْزِي وَلَدٌ وَالِدَهُ إِلَّا أَنْ يَجِدَهُ مَمْلُوكًا فَيَشْتَرِيَهُ فَيُعْتِقَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фарзанд ўз волидини қул ҳолида кўриб, сотиб олиб, озод қилсагина уни (ҳаққини) адо этган бўлади», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Ота‑онанинг фарзанд учун қилган меҳнатларини мукофотлаш, уларнинг ҳаққини адо қилиш жуда қийин иш эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Фарзанд бу дунёда ҳар қанча уринса ҳам, бу ишни бажариб, охирига етказа олиши қийин.
Мабодо, ота ёки она бировнинг қўлида қул ёки чўри бўлиб турган бўлса-ю, фарзанд уларни эгасидан сотиб олиб, қулликдан озод қилсагина, мазкур ҳақни адо қилди, дейиш жоиз экан.
Қуръони Карим ва Суннатдан ота‑онага яхшилик қилиш борасидаги баъзи далилларни умумий тарзда келтирганимиздан кейин фарзанднинг ота‑онага қилиши лозим бўлган яхшиликлари ҳақида алоҳида тарзда ҳам қисқача сўз юритамиз.
Ота‑онага яхшилик қилиш борасидаги ҳужжат ва далилларни жамлаб, таҳлил қилган уламоларимиз бу амал, жумладан, қуйидагилар ила юзага келишини айтганлар:
1. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири уларга берган неъматлари учун Аллоҳ таолога шукр қилишдир.
Аллоҳ таоло «Аҳқоф» сурасида марҳамат қилади:
«Биз инсонни ота‑онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди ва уни қийналиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Токи у вояга етиб, қирқ ёшга кирганида: «Роббим, Ўзинг менга ва ота‑онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўладиган солиҳ амал қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман», – деди» (15‑оят).
Ҳар бир инсон учун унга Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш энг муҳим ишдир. Бу ояти каримада «Роббим, Ўзинг менга ва ота‑онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўладиган солиҳ(иш)ни қилишимга илҳом бергин» деган жумлага биноан, банда ўзига берилган неъматлар билан бирга, ота‑онасига берилган неъматларга ҳам шукр қилиб туриши ота‑онасига қиладиган яхшиликларидан бири экани англанади.
2. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиш турларидан бири уларнинг кўрсатган иноятларига шукр қилишдир.
Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ
«Менга ва ота‑онангга шукр қилгин ва қайтиш фақат Менгадир» (14‑оят).
Фарзанд ота‑онасига уни туққани, боққанлари, таълим ва тарбия берганлари ҳамда бошқа яхшиликлари учун ташаккурда бўлиши зарур.
3. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири ота-онани жеркимаслик ва уларга «уфф» ҳам демасликдир.
Аллоҳ таоло шундай дейди
«...уларга «уфф» дема, уларни жеркима ва уларга яхши сўз айт!» («Исро» 23‑оят)
Фарзанд ота‑онасига бирор оғиз ёқимсиз сўз айтмаслиги керак. Ота‑онага озор етмаслиги йўлида уларнинг олдида ўзининг ғами борлигини билдирувчи «уфф» деган овозни ҳам чиқармаслиги керак. Ота‑онага қўпол ҳаракат ҳам қилмаслик лозим. Уларнинг юзларига тик қараб ҳам бўлмайди. Уларга фарзанд доимо мулойимлик билан ширин сўзларни айтиши вожибдир.
4. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири уларга тавозуъ кўрсатиб, меҳрибонлик қилишдир.
Аллоҳ таоло айтади:
«Уларга меҳрибонлик ила хокисорлик қанотини пастлат» («Исро» 24‑оят).
5. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири уларнинг олдига изн сўраб киришдир.
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Қачон сизнинг ёш болаларингиз балоғатга етсалар, улардан олдингилар изн сўраганидек, изн сўрасинлар» (59‑оят).
Балоғатга етган ўғил-қизлар, улардан олдин изн сўраб юрган катта кишилар каби, ота‑оналари ва бошқалар ҳузурига изнсиз киришлари мумкин эмас.
Ривоятларда келадики, саҳобаи киромлардан бири ушбу оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб:
«Ё Расулаллоҳ, менинг онам қариб қолган, мен унинг хизматини қилиб тураман, ҳар кирганимда рухсат сўрашим керакми?» – деганида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Нима, бўлмаса онангни кийимсиз ҳолда кўрмоқчимисан?!» – деганлар.
Айнан шу мулоҳаза туфайли, балоғатга етган болалар, бир оила аъзолари бўлсалар ҳам, бир-бирларининг ҳузурларига киришдан олдин изн сўрашлари жорий қилинган.
6. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири улар келганда ўрнидан туриб, кутиб олишдир.
Абу Довуд, Термизий ва бошқалар келтирган ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар:
«Кўринишда, ҳайбатда, ўзини тутишда, ўтириш ва туришда Фотимачалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаш одамни кўрмадим. Агар у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирса, у зот ўринларидан туриб, ўпиб кутиб олар ва ўз ўринларига ўтқазар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кириб қолсалар, у туриб, у зотни ўпиб кутиб олар ва ўз ўрнига ўтқазар эди».
7. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири – уларни исми билан атамаслик, улардан олдин юрмаслик ва ўтирмаслик.
عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ، عَنْ أَبِيهِ: أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ أَبْصَرَ رَجُلَيْنِ فَقَالَ لِأَحَدِهِمَا: مَا هَذَا مِنْكَ؟ فَقَالَ: أَبِي. فَقَالَ: لَا تُسَمِّهِ بِاسْمِهِ، وَلَا تَمْشِ أَمَامَهُ، وَلَا تَجْلِسْ قَبْلَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.
Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан ривоят қилинади:
«Абу Ҳурайра икки кишини кўрди ва улардан бирига:
«Бу киминг бўлади?» – деди.
«Отам бўлади», – деди у.
«Ундай бўлса, уни исмини айтиб чақирма, олдига тушиб юрма ва ундан олдин ўтирма», – деди».
Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.
Фарзанд ота‑онасига, ҳурмат билан, «отажон», «онажон» дея ёки бошқа эҳтиром маъносидаги сўзлар ила мурожаат қилиши лозим. Ота‑онасининг исмини бошқаларнинг исмини айтгандек айтиш мусулмончилик одобига тўғри келмайди.
Шунингдек, йўлда юрилганда ҳам ота‑онадан кейин юриш керак, олдинга ўтиш мумкин эмас. Бир ерга ўтирмоқчи бўлсалар, аввал ота‑она, кейин бола ўтириши лозим.
8. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири – олдиларига кирганда ва чиққанда уларга салом бериш.
عَنْ أَبِي مُرَّةَ مَوْلَى عُقَيْلٍ: أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ كَانَ يَسْتَخْلِفُهُ مَرْوَانُ، وَكَانَ يَكُونُ بِذِي الْحُلَيْفَةَ، فَكَانَتْ أُمُّهُ فِي بَيْتٍ وَهُوَ فِي آخَرَ، قَالَ: فَإِذَا أَرَادَ أَنْ يَخْرُجَ وَقَفَ عَلَى بَابِهَا فَقَالَ: السَّلَامُ عَلَيْكِ يَا أَمَتَاهُ وَرَحْمَةُ اللهِ وَبَرَكَاتُهُ، فَتَقُولُ: وَعَلَيْكَ يَا بُنَيَّ وَرَحْمَةُ اللهِ وَبَرَكَاتُهُ فَيَقُولُ: رَحِمَكِ اللهُ كَمَا رَبَّيْتِنِي صَغِيرًا، فَتَقُولُ: رَحِمَكَ اللهُ كَمَا بَرَرْتَنِي كَبِيرًا، ثُمَّ إِذَا أَرَادَ أَنْ يَدْخُلَ صَنَعَ مِثْلَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.
Уқайлнинг мавлоси Абу Муррадан ривоят қилинади:
«Абу Ҳурайрани Марвон ўз ўрнига қўйиб кетар эди. Унинг уйи Зулҳулайфада эди. Онаси бир уйда, у бир уйда яшар эди. У уйидан чиқмоқчи бўлса, онасининг эшиги олдига бориб:
«Ассалому алайкум, онажон ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» – дер эди. Онаси ҳам:
«Ва алайка, ўғилгинам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» – дер эди.
«Кичиклигимда тарбиялаганингиз учун сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» – дер эди.
«Катталигимда яхшилик қилганинг учун сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» – дер эди онаси.
Кейин уйга кирмоқчи бўлса ҳам шундай қилар эди».
Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.
Мадинанинг ҳокими бўлган Марвон ибн Ҳакам исмли одам бирор ёққа кетса, ўзининг ўрнига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни ҳоким қилиб қўйиб кетар эди. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам Ислом оламида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг тутган ўринлари қанчалар улуғ эканини яққол кўрсатиб туради.
Энди ўша улуғ саҳобий, катта обрў эгаси бўлган, амирлар унинг олдида таъзим қиладиган зот онасининг олдида ўзини қандай тутишини кўриб қўйинг!
Уйидан ҳар чиқишида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб, кўчага чиқар эди.
Уйига ҳар киришида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб кўчадан келганининг хабарини берар эди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гўзал иши асрлар оша кўплаб мусулмон фарзандларнинг одатига айланганлиги фахримиз боисидир. Бу ишни фақат мусулмон фарзандлар, «мадрасаи Муҳаммадия»нинг талабалари қилишлари мумкин, холос.
9. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири – уларни энг ёқимли лафзлар ила чақириш.
10. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – уларга динлари ва дунёларида манфаат берадиган гапларни айтиш.
11. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – динда улар билмайдиган нарсаларини ўргатиш.
12. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – иккисининг барча вожиб ва мандуб амрларига итоат қилиш.
13. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – иккиси тарк қилишга амр қилган нарсалардан ўзига зарар келтирмайдиганларини тарк қилиш.
14. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – ота‑онанинг олдига кирганда фақат уларнинг изни билангина ўтириш.
15. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – ота‑она билан ўтирганда уларнинг рухсатисиз чиқиб кетмаслик.
16. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – ота‑онадан содир бўлган нарсани, агар улардан беморлик ёки қарилик туфайли бавл қилиб юборишга ўхшаш ишлар бўлса ҳам, қабиҳ санамаслик.
17. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – ота‑онанинг муҳаббатини қозонган кишиларнинг ҳурматини қилиш.
18. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири уларнинг нафақасини яхшилаш, ҳадялар бериб туриш, уларни сўрашга муҳтож қилмай ёки миннат қилмай, иззат кўрсатишдир.
Ота‑оналари заифлашган, қартайган вақтларида фарзандлари уларнинг ҳаққини адо қилишларини Ислом биринчи ўринга қўяди.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. «Нафақа қилган яхшилигингиз ота‑онага, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга ва йўқсил йўлчига бўлсин. Нимаики яхшилик қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир», – деб айт» (215‑оят).
Савол нимани нафақа қилиш ҳақида бўлган эди: «Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар».
Жавоб эса кимларга нафақа қилишни ҳам баён этяпти: «Нафақа қилган яхшилигингиз ота‑онага, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга ва йўқсил йўлчига бўлсин».
Демак, яхшилик нафақа қилинар экан. Араб тилида яхшиликка сарфланадиган молнинг ўзи ҳам яхшилик дейилади. Яхшиликка мол сарфлаш ҳам нафақа дейилади.
Қуръони Каримда хайр – яхшилик сўзи кўпинча мол-дунё маъносида ишлатилган. Бу жойда ҳам худди шу маънони англатмоқда.
Нафақага лойиқ инсонлар ичида ота‑она бекорга биринчи зикр қилинаётгани йўқ. Инсон табиати ўзи шуни тақозо қилади. Инсоннинг молига ўзидан кейинги биринчи ҳақдор шахс унинг ота‑онаси бўлади. Ота‑онасини муҳтож қўйиб, улардан бошқаларга нафақа қилишдан нима фойда бор? Шунингдек, яқин кишилар, қариндошлар ҳақдорлик жиҳатидан бошқалардан устунлар ва ҳоказо.
Нафақа қилиш худди шу тартибда бўлиши лозимлиги Набий алайҳиссаломнинг ҳадисларида ҳам зикр қилинган.
Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кишига:
«Садақа қилишни ўзингдан бошла, ортиб қолса, аҳлингга қил, агар аҳлингдан ҳам ортиб қолса, қариндошларингга қил, агар қариндошларингдан ҳам ортиб қолса, улардан бошқаларга ва ҳоказо», – деган эканлар.
Нафақа қилиш бандадан, унинг савобини бериш, тақдирлаш Аллоҳдан. Чунки
«Нимаики яхшилик қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир».
Ислом шариати қодир фарзандларни ожиз бўлган ота‑оналар ҳаққини кафолатга олишга ҳукм этади. Ишни уларнинг ўзларига топширмайди, балки бу кафолат фарздирки, агар вақтида вафо қилмаса ҳам, кейинчалик қазоси вожиб бўлади.
Ота ўғлининг нафақаси учун унинг кўчар мулкини сотади, кўчмас мулкини сотмайди. Ўғлидаги бундан бошқа қарзи учун сотмайди.
Она ўз нафақаси учун ўғлининг мулкини сотмайди.
Агар ўғилнинг молини омонат сақлаб турган одам қозининг амрисиз уни ота‑онаси нафақасига сарфлаган бўлса, тўлаб беради.
Чунки бировнинг молини унинг изнисиз тасарруф қилиб бўлмайди. Қозининг умумий валийлиги бор бўлганлиги учун изн беришга ҳаққи бор.
Ота‑она унинг ўз ҳузурларидаги молини нафақага олсалар, тўлаб бермайдилар.
Чунки икковларининг нафақаси ўғилнинг зиммасидаги вожиб. Бинобарин, улар ўз ҳақларини олган бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир йигитга: «Сен ҳам, молинг ҳам отангники», – деганлар.
Агар қози хотиннинг нафақасидан бошқага ҳукм чиқарган бўлса ва муддат ўтса, соқит бўлади.
Қози бир кишининг боласи, ота‑онаси ёки яқин қариндошларига маълум муддат нафақа бериб туриши ҳақида ҳукм чиқарган бўлса, ўша муддат ўтиши билан мазкур нафақани бериш тўхтайди.
Илло, қози қарз олишга изн берса, соқит бўлмайди.
Нафақа берувчи ғойиб бўлгани учун қози унинг нафақахўрларига унинг номидан қарз олиб, ишлатиб тураверишга изн берган бўлса, муддат ўтиши билан ҳам уларга берилган ваколат соқит бўлмайди.
Бола ота‑онасига қанчалик эҳсон қилмасин, қанчалик ўзидан ортиқ кўрмасин, ўзининг дунёга келишига сабаб бўлганлари мукофотини қайтара олмайди.
Абу Бурда айтади:
«Абдуллоҳ ибн Умар яманлик бир кишининг ўз онасини елкасига опичлаб, хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрибди. У одам тинмай қуйидаги байтни ўқиб юрар экан:
«Онаизори учун бўйнини эгган теваман,
Тева минган она ҳориса-да, мен ҳоримасман».
У буни ўқир экан, Абдуллоҳга қараб:
«Эй Абдуллоҳ ибн Умар, мана шу хизматим билан мен онамнинг ҳаққини адо қила олдимми?» – деб сўрабди.
Абдуллоҳ ибн Умар:
«Йўқ, бу хизматинг онангнинг сени туғиш пайтида бошидан кечирган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг бўлолмайди», – дебдилар».
Бухорий ривоят қилган.
19. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – фарзанд ота‑она хизматида доимо шай туриши, ҳатто мушрик бўлсалар ҳам, уларнинг розилигини топиши лозимлиги.
عَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ أَبِي بَكْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: أَتَتْنِي أُمِّي رَاغِبَةً فِي عَهْدِ النَّبِيِّ r، فَسَأَلْتُ النَّبِيَّ r أَفَأَصِلُهَا؟ قَالَ: نَعَمْ. قَالَ ابْنُ عُيَيْنَةَ: فَأُنْزِلَ فِيهَا ﮋ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁﮊ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.
Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Онам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида рағбат қилган ҳолида ҳузуримга келди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Унга силаи раҳм қилайми?» – деб сўрадим.
«Ҳа», – дедилар».
Ибн Уяйна:
«Бас, бу ҳақда Аллоҳ азза ва жалла «Аллоҳ сизларга дин борасида уруш қилмаганларга... (яхшилик ва адолат қилишдан) сизларни қайтармас», оятини нозил қилди», – деган».
Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг катта қизлари Асмо розияллоҳу анҳо мусулмон бўлиб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб кетган, мушрика оналари Маккада қолган эди. Мазкура онанинг номи Қийла бинти Абдулъуззо бўлган.
Замон ўтиб, ҳалиги мушрика она – Қийла бинти Абдулъуззо, қизимни кўрай, деб, унинг яхшилигидан умидвор бўлиб келган. Шунда Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо мушрика она билан муслима қиз ўртасида муносабат қандай бўлиши кераклигини сўраб билиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган. «Мушрика онамга силаи раҳм қилаверайми?» деб сўраганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, қилавер», деганлар.
Демак, ота‑она мушрик бўлса ҳам, фарзанд унга силаи раҳм қилиши, дунёвий ишларда яхшилик қилиб, иқтисодий ёрдам бериб, яхши гапириб, ҳурмат-эҳтиромини жойига қўйиши керак.
20. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – уларнинг обрўсини ҳимоя қилиш ва обрўсизланишларига йўл қўймаслик.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ r: مِنَ الْكَبَائِرِ أَنْ يَشْتُمَ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ. فَقَالُوا: كَيْفَ يَشْتُمُ؟ قَالَ: يَشْتُمُ الرَّجُلَ فَيَشْتُمُ أَبَاهُ وَأُمَّهُ. رَوَاهُ االْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир киши ота‑онасини сўкиши гуноҳи кабийралардандир», – дедилар.
«Қандай қилиб сўкади?» – дейишди.
«Бир одамни сўкади. У эса унинг ота‑онасини сўкади», – дедилар».
Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.
Албатта, ҳар қандай ёмон одам ҳам ота‑онасини тўғридан-тўғри сўкмайди. Саҳобалар ҳам шу мулоҳазани қилиб: «Киши ота‑онасини қандай қилиб сўкади?» деб сўрашганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг қандай ҳосил бўлишини тушунтириб бердилар.
Биров бир одамни сўкади, сўкиш эшитган одам «отангга фалон», «онангга фалон» деб, унинг ота‑онасини сўкади.
Демак, ўз ота‑онасини бошқа одамнинг сўкишига сабабчи бўлган кимса ўз ота‑онасини сўккан бўлар экан. Бу иш эса, гуноҳи кабийралардан саналади. Шунинг учун фарзанд ота‑онасига лаънат келтиришга эмас, балки уларнинг атрофдагилардан, халқдан раҳмат, ташаккур олишларига ҳаракат қилмоғи керак.
Фарзанд бир ёмон ишни қилса, бировга ёмон муомала қилса, «отанг фалон», «онанг фалон» бўлсин каби сўкишларга сабаб бўлса, бу нарса ота‑онаси учун ниҳоятда ёмон бир иш ва ушбу ҳадиси шарифнинг таъбири ила айтганда, ота‑онасини сўккан, гуноҳи кабийра содир қилган кишиларнинг қаторида бўлади.
21. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири – уларни хурсанд қилишнинг чораларини кўриш.
Бу иш ота‑онага уларни хурсанд қиладиган совғалар тақдим қилиш ва шунга ўхшаш кўпгина нарсалар билан бўлиши мумкин. Фарзанд бу ишларни ота‑онасининг хурсандчилиги учун қилиб туриши зарур. Жумладан, бундай ишларга қуйидагилар киради:
– Ота‑онанинг молу мулкларини ва керакли нарсаларини муҳофаза қилиш.
– Ота‑онанинг рухсатисиз бирор нарса олмаслик.
– Ота‑онага роҳатбахш нарсаларни ҳозир қилиш.
– Ота‑она ухлаётганларида уларни безовта қилмаслик.
– Ота‑онанинг хоналарига уларнинг изнисиз кирмаслик.
– Ота‑онадан олдин таомга қўл узатмаслик.
– Яхши нарсаларни ўзидан олдин ота‑онага тақдим қилиш.
– Ота‑онанинг олдиларида ёнбошламаслик.
– Ота‑онанинг олдиларида оёғини узатмаслик.
– Ота‑онадан юқорига ўтирмаслик.
– Ота‑онадан барча ишларда маслаҳат сўраш.
– Ота‑онанинг фикрлари ва тажрибаларидан фойдаланиш.
– Ота‑онанинг насиҳатларини жону дил ила қабул қилиш.
– Ота‑она ҳақларига дуода бўлиш ва ҳоказолар.
Чунки ҳар бир фарзанд учун ота‑онани рози қилиш ўта муҳим нарса ҳисобланади.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: رِضَا الرَّبِّ فِي رِضَا الْوَالِدِ، وَسَخَطُ الرَّبِّ فِي سَخَطِ الْوَالِدِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Роббнинг розилиги ота‑онанинг розилигидадир. Роббнинг норозилиги ота‑онанинг норозилигидадир», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шунинг учун Аллоҳ таолони рози қиламан, деган киши ота‑онасини Аллоҳ таоло чизган чегарада рози қилишга ҳаракат қилмоғи лозим.
Бизда «Ота рози – Худо рози» деган гап бор. Худди шу халқ сўзи биз ўрганаётган ҳадиснинг таржимасидир. Роббнинг розилиги волид – ота‑онанинг розилигидадир. Робб, яъни Аллоҳ таолонинг норозилиги – ота‑онанинг норозилигидадир.
Демак, ким Аллоҳ таолони рози этаман, деган бўлса, ота‑онани рози қилишга, ким Аллоҳ таоло мендан норози бўлмасин, деса, ота‑онасини норози қилмасликка тиришмоғи, ҳаракат қилмоғи керак экан.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: مَا مِنْ مُسْلِمٍ لَهُ وَالِدَانِِ مُسْلِمَانِ يُصْبِحُ إِلَيْهِمَا مُحْتَسِبًا إِلَّا فَتَحَ لَهُ اللهُ بَابَيْنِ يَعْنِي الْجَنَّةَ، وَإِنْ كَانَ وَاحِدٌ فَوَاحِدٌ، وَإِنْ أَغْضَبَ أَحَدَهُمَا لَمْ يَرْضَ اللهُ عَنْهُ حَتَّى يَرْضَى عَنْهُ، قِيلَ وَإِنْ ظَلَمَاهُ؟ قَالَ: وَإِنْ ظَلَمَاهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«У киши:
«Бир мўмин‑мусмон инсоннинг мусулмон ота‑онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ субҳаанаҳу ва таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, битта эшик очади.
Агар фарзанд ота‑онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича, Аллоҳ рози бўлмайди», – деди.
«Ота‑она унга зулм қилган бўлсалар ҳамми?» – дейилди.
«Зулм қилган бўлсалар ҳам», – деди».
Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.
Бу ривоятда ҳам ота‑онага яхшилик қилишнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Унда бу ишнинг охиратда берадиган самараси баён қилинмоқда.
Ота‑онасига савоб умидида яхшилик қилиб, тонг оттирган мусулмонга Аллоҳ таоло жаннатнинг икки эшигини очиб қўйиши таъкидланмоқда. Онасига яхшилик қилгани учун бир эшикни ва отасига яхшилик қилгани учун яна бир эшикни очиши эслатилмоқда.
Ота‑онанинг иккиси бўлмай, фақат биттаси қолган бўлса ва фарзанд ўша қолганига савоб умидида яхшилик қилиб, тонг оттирса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир эшик очар экан.
Фарзанд зинҳор ота‑онанинг ғазабини чиқармаслиги керак. Чунки:
«Агар фарзанд ота‑онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича, Аллоҳ рози бўлмайди».
Демак, Аллоҳ таолонинг розилиги ота‑онанинг розилигига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.
Ҳаттоки, ота‑она фарзандга зулм қилиб турса ҳам, фарзанд уларнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўз, ҳаракат ва ишларни қилмаслиги керак.
Ота‑она зулм қилиб турибди, лекин агар фарзанд ўша зулм қилган ота‑онанинг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ғазабланар экан. Менга зулм қиляпти, деб ота‑онасини норози қилса, Аллоҳ таоло ҳам ўша бандадан норози бўлар экан.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Қайси бир мусулмон фарзанди савоб умиди билан эрталаб ота‑онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. Бола ота‑онасидан қайси бирини хафа қилгудай бўлса, уни рози қилмагунича Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди», – дедилар.
Шунда бир киши: «Агар ота‑оналар болага зулм кўрсатган бўлса-чи?» – деб сўради.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Агар улар боласига зулм кўрсатган бўлсалар ҳам, фарзанд уларни ранжитмаслиги керак», – деб жавоб бердилар.
Аммо, ота‑онанинг розилиги ва норозилиги Аллоҳ таолонинг ҳукмидан ташқарига чиқмаслиги шарт. яъни Аллоҳнинг амрига мувофиқ ишлардагина ота‑онага итоат қилинади. Бироқ, ота‑онанинг гапи Аллоҳнинг амрига хилоф бўлса, уларга итоат қилиш вожиб бўлмайди.
Валлоҳу аълам!