Маргарин ҳақида

19:47 / 01.05.2017 | Савол | 1515
Ассалому алайкум! Дўконларда сотиладиган пишириқларга қўшиладиган маргарин, “Щедрое лето” маргарини таркибида чўчқанинг мойи бор дeб эшитдим. Шу тўғрими? Илтимос жавобини тeлeграмдан Бинту Содиқ каналидан юборсангиз. Жавоб учун олдиндан раҳмат
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
http://savollar.islom.uz/smf/index.php?topic=26487.0
http://savollar.islom.uz/smf/index.php?topic=29161.0
Менимча бу саволга қуйидаги жавобдан ўзизга хулоса чиқаришингиз
мумкин: Е-322 моддаси
САВОЛ — Маргарин, шоколад ва бошқа баъзи бир озиқ-овқат маҳсулотларининг ёрлиқ қогозида унинг таркибида Е-322 моддаси борлиги ёзилади. Баъзиларнинг айтишига қараганда бу чўчқа ёғи экан. Чиндан ҳам шундайми? Шунингдек, бизга номаълум бўлган мана шундай маҳсулотларнинг ҳалол эканлигига қандай ишонч ҳосил қилиш мумкин?
ЖАВОБ – Албатта, бу ҳозирги кунда кўп такрорланадиган саволлардан ҳисобланади. Фақат Е-322 эмас, балки шунга ўхшаган рамз билан ишора қилинган кўпгина моддалар бор. Ана ўша моддалар озиқ-овқат маҳсулотларини маълум бир савияда ушлаб туриш, ёки қандайдир бир бошқа вазифаларни бажарадиган моддалар бўлади. Улар битта чўчқа ёгидан ташкил қилинган эмас, балки бир неча қоришма нарсалардан ташкил қилинган – «жалатин» ё шунга ўхшаган турли моддалар ҳисобланади. Уларнинг ичида чўчқа ёги қўшиб ишлатилган бўлиши мумкин, ёки кўпроқ ҳайвонларнинг суяклари ишлатилган бўлади ва ўшанинг ичида чўчқанинг суяги ҳам бўлиши мумкин.
Мана бу масалага аввал бўлмаганлиги учун эски китобларда жавобини топа олмаймиз, лекин ҳозирги замон уламолари бу масалаларни пухта, ниҳоятда диққат билан ўрганишган, мана шу озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлайдиган кишилар билан, олимлари билан ўтириб, таркибларини, таҳлилларини – ҳамма нарсаларини кўпчилик бўлиб ўрганиб чиқишган ва ўз хулосаларини айтишган.
Бу масала бизнинг диёримизда, халқимизнинг орасида энди-энди суриштириб борилаётгани эътиборидан, мўмин-мусулмонлар бунга қизиқиб, ҳукмини ўрганишга қизиқаётганлиги эътиборидан бу масалага батафсил тўхтаб ўтмоқчимиз ва ана ўша тўхтаб ўтишда асосан, Ислом фиқҳи академиялари, тиббий илмлар бўйича ислом ташкилоти уламолари ва бугунги кунимизда кўзга кўринган фақиҳларининг мажлислар ўтказиб, маслаҳат ва чуқур таҳлил қилиб ўрганиб чиққандан кейинги хулосаларини сизларга етказишга ҳаракат қиламиз.
Мана шундай савол бошқа уламоларга ҳам берилган. Бизга берилган саволда Е-322 дейилган бўлса, бошқаларда, мана мисол учун «Мусулмон озчиликлар фиқҳи» деб номланган китобдаги саволда Е-422, Е-553 деб рамз қилинган моддалар ҳақида сўралади. Унда ҳам, бизнинг саволимиздаги каби «мана шу моддалар ичига аралаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини еса бўладими, бизга айтилишича ана шу нарсаларнинг асли чўчқанинг ёги ёки суягидан эмиш?» деган саволлар берилган.
Жавобга айтиляптики, ана ўша рақамланган моддаларнинг ҳаммасининг ҳам асли чўчқанинг суягидан ёки ёгидан бўлавермайди. Баъзи ҳолатларда ўша нарсаларсиз қилинган ҳолатлар ҳам бор. Лекин ҳаром нарсадан қилинган фаразни эътиборга олсак ҳам, фуқаҳоларнинг барча жумҳурлари қарор қилишганки, «Агар нажас нарса бошқа нарсаларга аралашиб йўқ бўлиб кетса, унинг ҳукми ҳам ўзгаради.
Мисол учун: ароқ моддаси – маст қилувчи ичимлик ўзи жойида турган ҳолида маст қилувчи ичимлик ҳолидан ўтиб сиркага айланиб қолса, ҳалол бўлади. Ёки нажосат нарса куйиб кул бўлса, унинг ҳам ҳукми ўзгаради — покка айланади.
Шунингдек, нажосат нарса тузнинг ичига тушиб, туз уни еб юборса, унинг ҳам ҳукми ўзгаради. Мисол учун, бир ҳайвон, ҳоҳ у ит бўлсин ёки чўчқа бўлсин туз конига қулаб тушган бўлса-ю, туз уни тамоман еб юборса, унинг итлик ёки чўчқалик хусусияти тамоман йўқолади, у умуман вужудда бўлмай йўққа айланиб кетади. Энди ўша ерда тузгина қолади, ана шу пайтда сифати ўзгарган бўлади ва исми ҳам қолмайди, ўзгаради. Шунга биноан унинг ҳукми ҳам ўзгариб нажосатдан покликка айланади.
Мана шу гаплардан хулоса чиқариб айтамизки — биз бундай холатларда нарсаларнинг аслига қараб ҳукм чиқармаймиз, чунки ароқнинг асли ўзи узумдан бўлади, ёки шунга ўхшаган шариатда рухсат берилган мубоҳ нарсалардан бўлади. Лекин, ўша узум, ёки бугдой, ёки бир нарса ишлов бериш оқибатида узумлик, бугдойлик ҳолини ўзгартириб, маст қилувчи ичимликка айланади. Ана шу пайтда «бунинг асли узум эди, ичса бўлаверади» демаймиз. Чунки турган ҳолига қараб ҳукм чиқарамиз – «бу узум эди, ҳозир хамрга-ароққа айланибди, ҳаром бўлди» деймиз. Ана шу ароққа айланиб турган нарса маълум бир муддат ўтиб, ўзгариб, сиркага айланиб қолса, «бу асли ароқ эди, энди сирка бўлибди, ишлатмаймиз» демаймиз, балки «бу сирка, буни ишлатса ҳалол, ўзи покдир» деган ҳукмни чиқарамиз.
Ҳозирги кундаги баъзи бир гизо ёки даволарга чўчқанинг бирор нарсаси аралашган бўлса ҳам, лекин ўша аралашган нарса ўзининг асл хусусиятини йўқотган бўлади. Бошқача ибора билан айтганимизда, «кимёвий ўзгариш оқибатида бутунлай бошқа бир нарсага айланиб қолади. Энди унинг нопоклиги, нажаслиги қолмайди ва ўша нарсада «чўчқанинг гўшти ҳаром» деб айтадиган ҳукмга ҳеч қандай дохил бўлмай қолади.
Мисол учун, ўша нарсалардан қилинган моддалардан баъзилари ҳайвоннинг суягидан қилинади, гоҳида ўша суяк чўчқанинг суяги ҳам бўлиши мумкин. Бу ишдан хабардор бўлган, эътиқодли одамларнинг айтишича ана ўша қўшилган модда – чўчқанинг ёги ёки гўшти бўлган нарса кимёвий аралашув оқибатида ўзининг хусусиятини батамом йўқотган бўлади. Ана шундай нарсалардан баъзи вақтларда совун қилиш мумкин, ёки тиш тозалайдиган «маъжун» — пасталар қилиш мумкин ва булардан фойдаланиш мумкин. Чунки ҳали айтганимиздек, мазкур моддалар ўзининг асл моҳиятини йўқотган, батамом пок-ҳалол нарсага қўшилиб кетган нарсалар бўлади. Валлоҳу аълам!.