Ассалому алайкум! Балоғат ёшига eтаётган қиз ва йигитларнинг қўлтиқ ости ва киндик ости туклари янги чиқишни бошлашида юлинадими? Биз шундай қилганмиз, лeкин кимлардир “турмушга чиқмагунча тeгиб бўлмайди” дeйишади. Шу масалага ойдинлик киритилса яқинларимга ҳам улашсам дeйман
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Долзарб масалани кўтарибсиз. Бу ҳам бўлса сизни ибодат масаласида эътиборли эканлигингиз белгисидир. Анчадан бери шу масалани ёритиш ниятим бор эди. Мен ҳам шу гапни кўп бора эшитганман. Ҳақиқатда ҳам баъзиларда шундай одат бор. Келинг, аввало шариатда бу ҳақида нима дейилганига назар солайлик:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўн нарса фитратдан (соф табиатдан)дир; мўйлабни қисқартириш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни олиш, бўғинларнинг бужмайган жойларини ювиш, қўлтиқ (туки)ни юлиш, қовуқ (туки)ни қириш, истинжо қилиш ва Мисъаб, ўнинчисини унутдим, оғизни чайиш бўлса керак», деди».
Бешовлари ривоят қилишган.
Инсон мукаллаф бўлганидан кейин бу ишларни амалга ошириши зарур. Демакки, бу нарсалар зоҳир бўлиши билан, яъни қўлтиқ ва киндик остидаги тук ўсиб чиқиши билан олиш керак. Бу маълум бир ёш ёки вазиятга боғланмаган. Мазкур аъзоларда ўсиб чиқадиган туклар нопок ҳисоблангандан кейин уни тозалаш зарур. Турмушга чиққунга қадар олмаслиги керак деган гап аслида шариатда йўқ, аксинча, шариат кўрсатмасига зиддир. Уламоларимиз уларни олмаслик қирқ кундан ошиб кетмаслигини айтадилар.
Энди, ижозатингиз билан, бу борадаги ҳаётий татбиққа назар солиб кўрайлик. Дейлик, қиз болада 13-14 ёшларида шу нарсалар зоҳир бўлди. У то турмушга чиққунга қадар, яъни масалан, 19 ёшгача тукларини олмади. Бу туклар нопоклик экани, хар ҳил ноқулайликларга сабаб экани, турли нохуш ҳидларни жалб қилиши ҳаммага аён. Бунинг устига қиз боланинг покланиш ҳақида тушунчаси ҳам, тажрибаси ҳам йўқ. Тўй куни тайин бўлганидан кейин, тўйдан бир кун аввал қиз ҳаммомга кириб покланиш ишини ҳаётида биринчи бор амалга оширади. Бунга минг машаққат ва оғриқлар билан 4-5 соат сарфлаб эришилади. Мазкур ҳолатни тўйдан аввал қанча вақт сарфлаб бўлсада қилиш имкони бордир. Лекин тўйдан кейинчи? Қайси келин ҳаммомда соатлаб қолиб кетиши мумкин? Бундай тозаланишга одатланмаган келин тўйдан кейин ноқулай ҳолатга дуч келади. Ё ўрганмагани учун кўп машаққатга, вақт сарфлашга мажбур бўлади, ё одатланиб қолгани учун тўйдан кейин ҳам покланишга беэътибор бўлиб юраверади. Баъзи, балки аксар можароли оилаларнинг келишолмаслиги сабабини ўргансангиз, айнан мана шу сабаб келиб чиқади. Аёлларининг покликка бўлган эътиборсизликлари эрларнинг кўнглини совутади. Эркаклар учун аёлларнинг озодалиги ва хушбўй бўлиши жуда муҳимдир.
Энди, қизболага шу нарсаларни аввалдан ўргатиб борилса, бунга одатлантирилиб борса, турмушга чиққанида ҳам қийналмайди. Тозаланиш учун соатлаб вақт кетказмайди. Озодаликка ўргангани учун нопок юра олмайди. Ёш қизларга бундай масалаларда таълим-тарбия бериб бориш, биз катталарнинг масъулиятимиздир.
Сабрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бола етти ёшга етганда уни намозга буюринглар. Қачонки, ўн ёшга етса, унинг учун уришинглар», дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Ётар жойларини ажратинглар», деб зиёда қилинган.
Абу Довуд, Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилишган.
Яна шундай мавзуга боғлиқ ҳолатлардан бири, шариатда болаларга намоз ўқишни етти ёшидан ўргатиш, гарчи уларга намоз фарз бўлмаган бўлса ҳам. Чунки аввалдан ибодатга одатланиб борса, бирдан фарз бўлганида қийналмай адо этилаверади. Уламоларимиз намозга қиёсан рўза, қироат каби бошқа амалларга ҳам болаларни аввалдан ўргатиб бориш керак эканини тавсия қиладилар.
Шу каби қизларимизга ҳам шариат ишлари, айниқса поклик ҳақидаги тушунчаларни бериб боришимиз ва уларни бунга одатлантиришимиз керак.
Валлоҳу аълам!.