Намоз

01:17 / 23.04.2021 | Камолиддин | 453
Ассалому алайкум! Мени бир оёғим гипс, ювишни иложи йўқ. Намозларимни қандай давом эттирсам бўлади?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! 

ТАХТАКАЧГА МАСҲ ТОРТИШ

«Тахтакач» (араб тилида «жабира» дейилади) деганда, аслида суяк синганда ёки бирор жойи чиққанда икки тарафдан тахта ёки шунга ўхшаш нарсани қўйиб, боғлашга айтилади. Аммо умуман, жароҳатни боғлаш ёки тўсиб қўйиш, гипслаб қўйиш, ярага бирор нарсани ёпиштириб қўйишлар ҳам шу жумладандир.

Бунга ўхшаш ҳолатларда киши тўлиқ таҳоратли бўлиш шарт эмас. Қандай ҳолатда бўлса ҳам, майли.

Тахтакачга масҳ тортиш шариатга киритилишига далил:

عَنْ جَابِرٍ t قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «إِنَّمَا كَانَ يَكْفِيهِ أَنْ يَتَيَمَّمَ وَيَعْصِرَ أَوْ يَعْصِبَ - شَكَّ مُوسَى - عَلَى جُرْحِهِ خِرْقَةً ثُمَّ يَمْسَحَ عَلَيْهَا وَيَغْسِلَ سَائِرَ جَسَدِهِ». انْفَرَدَ بِهِ أَبُو دَاوُدَ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унга фақатгина таяммум қилиши, жароҳатга латта боғлаши, сўнгра унинг устидан масҳ тортиши ва баданининг қолганини ювиши кифоя қилар эди», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Демак, жароҳатли одам ғусл ва таҳорат пайтида жароҳатига сув теккизмаса жоиз. Агар жароҳатни боғлаб олган бўлса, ўша боғланган латта устидан масҳ тортишнинг ўзи кифоя қилади. Жароҳати йўқ аъзоларини ювади.

Тахтакач тушиб кетса, ҳечқиси йўқ.

Бемор одамга қўйилган тахтакач ёки унинг ўрнидаги нарса у намоз ўқиётган вақтда тушиб кетса, ҳеч нарса бўлмагандек, намозини давом эттираверади. Агар намоздан ташқарида тушса, ўрнига қайтариб қўяди ёки бош­қасини қўяди.

Аммо тузалиб тушса, бундан мустасно.

Яъни тахтакач жароҳат тузалган пайтда тушса-ю, у намозда бўлса, намозини янгидан бошлаб ўқийди. Намоздан ташқарида бўлса, тўлиқ таҳорат қилмасдан, фақат тушиб кетган нарсанинг ўрнини ювиб қўяди.

Валлоҳу аълам!