Қизи никоҳдан ўтганлигини уйидагилари билмаса

09:54 / 14.03.2017 | Савол | 2118
Ассалому алайкум! Ассалому алайкум, Одина опа! Аллоҳ ҳазратимизни раҳматига олган бўлсин. Сизнинг илмингизни зиёда қилсин. Сизга муҳим бир саволим бор эди. Вақтингизни олаётганим учун узр. Маслаҳатингизга муҳтожман. Биз бир йил олдин шаръий никоҳдан ўтдик. Алҳамдулиллаҳ Аллоҳни таниган ибодатдаги одамга ўзимни бағишладим. Лекин бундан иккаламизни оиламиз бехабар. Хўжайиним ибодатдаги одамлар. Менга ҳам Ислом динидан анча нарса ўргатдилар. Аввало Аллоҳ кўнглимизга солгани учун ва хўжайинимнинг тушунтиришлари натижасида ҳижобга кирдим. Хўжайиним ишларидаги нохушлик сабаб ҳозир чет элдалар. Айни дамда уйимиздан совчилар аримаяпти. Уйимиздагиларнинг ҳеч нимадан хабарлиги йўқ. Яқинда катта опамга никоҳимиз ҳақида айтдим. Аммо яқинлигимиз ҳақида айтолмадим. Катта опам истихора ўқишим кераклигини, яхши жойлардан совчилар келаётганини айтдилар. Уларга ҳаммасини айтолмайман. Хўжайинимга бу ҳақида айтганимда озгина сабр қилишимни, яқинда Тошкентга келишларини ва совчи юборишларини айтяптилар. Уларга бутунлай ишонаман. Аллоҳнинг олдида юзимиз ёруғ, шаръий никоҳимиз борлиги учун ҳам хўжайиним хотиржамлар. Онам 6 ой олдин вафот этдилар. Адамларга ҳозир қийин. Уларни хафа қилишни хоҳламайман. Аммо хўжайинимни жудаям яхши кўраман. Улар ҳам мени Аллоҳ йўлида яхши кўраман деб кўп айтадилар. Маслаҳатингизга муҳтожман. Ота-онамга айтмай, никоҳдан ўтганимиз нотўғри эканлигини биламан. Ўша пайтда хўжайиним совчи юборган эдилар, лекин ота-онам: «Ҳали қизимиз ёш» деб узатишмаган эди. Энди эса нима қилишга ҳайронман. Дуо қилинг, мушкулимиз осон бўлсин. Маслаҳатингизни аяманг, илтимос. Катта опамнинг гапига кириб истихора ўқишим керакми? Ахир Аллоҳнинг олдида никоҳимиз борку!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!Никоҳ махфий бўлмаслигини, никоҳни ҳаммага ошкор қилиш кераклигини билмайсизларми? Шариатга амал қилмаганинглар учун мана шу ҳолатга тушиб турибсизлар. Аллоҳ учун яхши кўриш бундай бўлмайди. Бу эркакнинг иши ҳам эмас. Агар даъво қилганидек бўлганида, нима қилиб бўлса ҳам ота онангизнинг розилигини олган бўлар эди. Сизлар жуда катта хато қилгансизлар. Диндан ўзингизга керак бўлган нуқтани олиб, қолганига амал қилмагансизлар. Қилган ишинглар динимизга ҳам, урфимизга ҳам тўғри келмайди. Сиз ҳиссиётларга берилмай, ақл билан қарор қабул қилинг. Ишонган одамингиз сизни гуноҳга ботириб, ота-онангизнинг розилигисиз ўзига никоҳлаб олиб, сизни шундай аҳволга солди. Келажак ҳаётда у сабабли яна қандай кунларни кўрасиз – шу ҳақда ҳам бир яхшилаб ўйлаб кўринг. Барибир ўшани дейман, десангиз, ўқитган никоҳингизни зудлик билан қариндош-уруғларга эълон қилинглар. Валлоҳу аълам