Динда эркак киши ўз аёлини ўзи танлаши жоизлиги ҳақида бирор бир сура ёки ҳадис борми?

20:42 / 05.05.2021 | Gulchehra | 741
Ассалому алайкум! Динда эркак киши ўз аёлини ўзи танлаши жоизлиги ҳақида бирор бир сура ёки ҳадис борми? Бордию унинг онаси ўзи истаган аёлига уйланишини хоҳламаса қандай қилиб уларга бу борада диний мисол келтириш мумкин?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Уруғларингизга ихтиёрни яхши қилинг. Никоҳингизга тенгни топинг ва уларга никоҳланинг».

Ибн Можа ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлажак ота ва оналарга мурожаат қилиб, ўзларининг бўлажак фарзандларига муносиб ота ва муносиб она танлашга амр қилмоқдалар. Бундан мусулмон инсон оила қураётганда фақат ўзининг фойдасини ўйламасдан, бўлажак фарзандини ҳам ўйлаши, унга муносиб ота ёки она танлаши кераклиги келиб чиқади. Ҳар бир инсон оила қуриш чоғида ўзидан ва жуфти ҳалолидан дунёга келадиган фарзанднинг ғамини емоғи лозим бўлади. Чунки ота-онанинг сифатлари ва хусусиятлари ирсият йўли билан болага ўтиши бор. Шунинг учун болага ҳам маънавий, ҳам жисмоний тарафдан етук ота ва она танлаш керак бўлади. Токи фарзанд эсини таниганида отаси ва онаси билан, уларнинг ҳар тарафлама етук сифатлари билан фахрланиб юрадиган бўлсин.

Боланинг соғлом бўлиши ҳақида қайғуриш борасида сўз кетганда, бўлажак ота-оналарнинг никоҳланишдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари ҳам шариат рухсат берган нарсалардан эканини эслаб ўтмоғимиз керак.

 Валлоҳу аълам!