Ассалому алайкум! Исломда песлик ҳақида нималар дейилган. Терисида оқ доғлари бор эркакка турмушга чиқса бўладими. Ёки аксинча, шундай доғлари бор аёллар соғлом эркакка турмушга чиқсалар бўладими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Ҳанафий мазҳаби бўйича, жиннилик, мохов, пес, аёл фаржида ўсимта бўлиши ҳолатларида никоҳ бузилмайди.
Эркакнинг талоқ қилиш ҳаққи бўлгани учун, унга бу каби ҳолатларда ажрашишни талаб қилиш ҳаққи берилмаган.
Аёлда талоқ ҳаққи бўлмагани учун, унга мазкур ажрашишни қози орқали та лаб қилиш ҳаққи берилган.
Айб туфайли эр-хотин орасини ажратиш масаласини атрофлича ва чуқур ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса тарийқасида қуйидагиларни айтганлар:
Айблар қовуша олиш ёки олмаслик жиҳатидан иккига бўлинади:
1. Қовушишдан манъ қиладиган айблар.
Бунга эркакдаги олати кесилганлик, жинсий ожизлик, бичилганлик, аёлнинг жинсий аъзосида без, ўсимта каби тўсиқ бўлиши каби омиллар.
2. Қовушишни манъ қилмайдиган айблар.
Бунга нафрат қўзғовчи ва юқадиган пес, мохов, сил ва жиннилик каби касаллар киради.
Умумий қилиб олганда, эса, эр-хотинда ажрашишга сабаб бўладиган айблар учга бўлинади:
1. Эркакнинг жинсий ҳолатига хос айблар.
Жинсий олатнинг кесилган бўлиши, ишламаслиги, бичилган бўлиши ёки қарилик ва бошқа беморликлар туфайли жинсий алоқага қодир бўлмаслик.
2. Аёлнинг жинсий ҳолатига оид айблар.
Фаржнинг йўли тўсиқ бўлиши.
Фаржда суяк ёки без бўлиб жинсий алоқага монеълик қилиши.
Фаржда лаззатни манъ қилувчи нарса бўлиши ёки ёмон ҳид чиқарадиган бўлиши ва бошқа шунга ўхшаш айблар.
3. Эркак ва аёллар учун муштарак бўлган айблар.
Жиннилик, пес, мохов, сийдик ёки пешоб турмаслиги, хунасалик каби айблар шу жумлага киради.
Айбга биноан ажратиш ҳақида фиқҳий мазҳаблар турли ҳолатларга қараб, турлича ҳукмлар чиқарганлар.
Буни ҳар бир ҳолатга қараб алоҳида ўрганиб кейин охирги хулосага келинади.
Лекин айб туфайли ажратишга оид умумий шартлар бор.
1. Ажрашни талаб қилаётган томон никоҳ аҳди тузилаётган пайтда айбдан бехабар бўлиши шарт. Агар ўша вақтда у айбни билса, ажраш ҳақидаги талаб ҳаққига эга бўлмайди. Чунки, айбни билиб туриб, никоҳга рози бўлиши айбга ҳам рози бўлиши аломатидир.
2. Ақди никоҳдан кейин ҳам айбга рози бўлмаган бўлиши шарт. Аввал айбни билмаган бўлса ҳам, ақди никоҳдан кейин айбни билиб туриб рози бўлган бўлса, ажрашни талаб қилиш ҳаққидан маҳрум бўлади. («Кифоя» китобидан)
Валлоҳу аълам!.