Ассалому алайкум! Яқинда эрим билан қонуний ажрашаман. Ҳозир ота уйимдаман, бир нафар фарзандим бор. Боламга эримдан алимент пули олмоқчиман. Эр-хотин олти ой давомида яқинлик қилмаса, гаплашмаса, хотин эридан моддий ёрдам олмаса, ўртадаги никоҳ кесилади, деб эшитганман. Эрим ҳам ман билан ажрашиш ниятидалар, лекин шарий қилиб жавобимни бермаганлар, 7 ойдан бери эрим билан бирга эмасмиз. Саволим шуки бизни никоҳимиз нима бўлади, ростдан ҳам кесилиб кетадими ёки жавобимни сўрайми?
– Ва алайкум ассалом! Алимент бола учун олинади ва уни болага сарфлаш керак. Гарчи эр хотин ажрашиб кетсаларда, олиш имконияти узилмайди, чунки бола отадан ҳеч қачон узилмайди.
Ийло ҳақидаги фасл
Ҳур завжанинг тўрт ой, чўри завжанинг икки ой яқинлигини ҳаром қилган қасам ийлодир. Агар эр ана шу муддат ичида унга яқинлик қилиб қўйса, қасами бузилади ва Аллоҳнинг номи ила қасам ичган бўлса, каффорат бериши вожиб бўлади. Ундан бошқада жазоси вожиб бўлади ва ийло соқит бўлади. Илло, хотинга бир боин талоқ тушади. Ва муваққат қасам соқит бўлади, муаббади эмас. Шунинг учун иккинчи никоҳдан сўнг эр хотинига қайтмасдан, яна бир бошқа муддат ўтса, яна бир боин талоқ тушади. Шунингдек, учинчидан кейин ҳам тушаверади. Уч талоқдан кейин қасам қолади, ийло қолмайди. Агар унга яқинлик қилса, каффорат беради. Ийло билан аёл боин бўлмайди.
Агар икковларидан бирининг беморлиги туфайли ёки бошқа сабабга кўра эр яқинлик ила қайтишдан ожиз бўлса, «Мен унга қайтдим», дейди. Агар муддат тугашидан олдин қодир бўлиб қолса, қайтиши жинсий яқинлик билан бўлади.
«Сен менга ҳаромсан», деганда зиҳорни ёки уч талоқни, ёхуд ёлғонни ният қилган бўлса, ният қилгани бўлади. Агар ҳаром қилишни ният қилган бўлса, ийло бўлади.
Агар ўша гапида талоқни ният қилган ёки ҳеч нарсани ният қилмаган бўлса ҳам, шунингдек, «Ҳар бир ҳалол менга ҳаромдир», деганда ва «Аллоҳнинг ҳалоли менга ҳаромдир» ва «Мусулмонларнинг ҳалоли менга ҳаромдир», деганда бир боин талоқ тушади.
«Ийло» луғатда «қасам ичиш» маъносини англатади. Шариатда эса эрнинг хотинига тўрт ой ёки ундан кўп муддат жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичишига айтилади.
«Мухтасари Виқоя»нинг соҳиби ийлони қуйидагича таърифлайдилар:
Ҳур завжанинг тўрт ой, чўри завжанинг икки ой яқинлигини ҳаром қилган қасам ийлодир.
Ийлонинг ҳукми Қуръони Каримда собит бўлгандир.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Хотинларидан ийло қилганлар учун кутиш тўрт ойдир. Агар қайтсалар, бас, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. Ва агар талоқни қасд қилсалар, бас, албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир» (226-227-оятлар).
Агар эр ўша муддат ичида унга яқинлик қилиб қўйса, қасами бузилади ва Аллоҳнинг номи ила қасам ичган бўлса, каффорат бериши вожиб бўлади. Ундан бошқада жазоси вожиб бўлади ва ийло соқит бўлади. Илло, хотинга бир боин талоқ тушади.
Хотинидан ийло қилган эр тўрт ойнинг ичида унга жинсий яқинлик қилса, қасамини бузган бўлади ва унга қасамини бузган одам ўтайдиган каффоратни ўташ вожиб бўлади.
وَقَالَتْعَائِشَةُ: آلَى رَسُولُاللهِ r مِنْ نِسَائِهِ، وَحَرَّمَ، فَجَعَلَ الْحَرَامَ حَلَالًا، وَجَعَلَ فِي الْيَمِينِ كَفَّارَةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳо деди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан ийло қилдилар ва (баъзи нарсаларни ўзларига) ҳаром қилдилар. Сўнгра ҳаромни ҳалол қилдилар ва қасамга каффорат бердилар».
Термизий ривоят қилган.
Қасамини бузган одам бой бўлса, ўн мискинга бир кунлик таом беради ёки уларга кийим олиб беради, ёхуд бир қул озод қилади. Агар камбағал бўлса, уч кун кетма-кет рўза тутади.Аммо ийло қилганда Аллоҳ таолонинг номи билан қасам ичмай, бошқача гап айтган бўлса, мисол учун: «Агар сенга яқинлик қилсам, сен талоқсан», деган бўлса, ўша жазо ўтади.
Икки ҳолатдан кейин ҳам ийло соқит бўлади. Бундан кейин унинг кучи қолмайди.
Агар тўрт ой муддат ўтгунча ҳам эр хотинига қайтмаса, мазкур муддат ўтиши билан бир боин талоқ тушади.
Ва муваққат қасам соқит бўлади, муаббади эмас. Шунинг учун иккинчи никоҳдан сўнг эр хотинига қайтмасдан, яна бир бошқа муддат ўтса, яна бир боин талоқ тушади. Шунингдек, учинчидан кейин ҳам тушаверади. Уч талоқдан кейин қасам қолади, ийло қолмайди. Агар унга яқинлик қилса, каффорат беради. Ийло билан аёл боин бўлмайди.
Ийлодаги қасам икки хил: вақтинчалик ва абадий бўлади. Вақтинчалик қасам тўрт ой ўтиши билан соқит бўлади, аммо абадий қасам тураверади.
Агар биров абадий қасам ичиб, хотинига «Мен сенга абадий яқинлик қилмайман», деган бўлса ва тўрт ой ўтса, бир боин талоқ тушади.
Кейин уни иккинчи марта никоҳлаб олиб, яна яқинлик қилмай юраверса, тўрт ой ўтгандан кейин яна битта боин талоқ тушади.
Учинчи бор никоҳлаб олиб, яқинлик қилмай юраверса, яна битта боин талоқ тушади. Шунда ийло тугайди, аммо қасам давом этаверади.
Ана ўша битта-битта бўлиб, учтага етган талоқдан кейин аёл бошқа эрга тегиб, ундан ажраб, яна аввалги абадий яқинлашмаслик ҳақида қасам ичган эрига никоҳланса ва эр унга яқинлик қилса, қасамини бузгани учун каффорат беради. Аммо ийло сабабидан талоқ тушмайди. Чунки уч талоқ тушиши билан ийло тамом бўлган.
Ийлодан қайтиш эрнинг хотинга жинсий яқинлик қилиши билан бўлишини билдик. Аммо баъзи вақтларда эр жинсий яқинликдан ожиз бўлиб қолиши мумкин. Бундай ҳолатларда масала қандай бўлиши келаси матнларда баён қилинади.
Агар икковларидан бирининг беморлиги туфайли ёки бошқа сабабга кўра эр яқинлик ила қайтишдан ожиз бўлса, «Мен унга қайтдим», дейди. Агар муддат тугашидан олдин қодир бўлиб қолса, қайтиши жинсий яқинлик билан бўлади.
Яъни эр жинсий яқинлик қила олмай, қайтганлигини сўз билан эълон қилганидан кейин тўрт ой муддат чиқмай туриб, яқинликка қодир бўлиб қолса, гап беҳуда бўлади ва жинсий яқинлик қилиши лозим бўлади.
«Сен менга ҳаромсан», деганда зиҳорни ёки уч талоқни, ёхуд ёлғонни ният қилган бўлса, ният қилгани бўлади. Агар ҳаром қилишни ният қилган бўлса, ийло бўлади.
Агар ўша гапида талоқни ният қилган ёки ҳеч нарсани ният қилмаган бўлса ҳам, шунингдек, «Ҳар бир ҳалол менга ҳаромдир», деганда ва «Аллоҳнинг ҳалоли менга ҳаромдир» ва «Мусулмонларнинг ҳалоли менга ҳаромдир», деганда бир боин талоқ тушади.
Чунки бу лафзлар киноя билан айтилган талоқ бўлади.
(Кифоя.)
Валлоҳу аълам!