Ассалому алайкум! Ёшим 27 да. Алҳамдулиллаҳ, 3 нафар фарзанд онасиман. Март ойида қизим 1 ёшга тўлди. Мен оч қолсам ҳолсизланиб кетардим, бирон иш қилмасам ҳам доимий чарчоқ босарди. Таҳлилда оч қоринга глюкоза кўрсаткичи 6,05 чиқди. Менда қандли диабет бошланиш арафасида экан. Эндокренолог парҳез буюрди. Мен рўза тутсам бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Оч қолганда ҳолсизланиш фақат сизга эмас, барчага хос нарса. Бундай бўлишига сабаб, очликда организмда тўпланиб қолган шлаклар парчаланиб, организмдаги чиқиндилар чиқарилади ва аутофагия жараёни бошланади. Оддий қилиб тушунтирганда, организмдаги лейкоцитлар - "аскар ҳужайралар" чиқитларни парчалаб ҳазм қилиб, эритиб, ўзлаштиради, яъни йўқ қилади. Бошқача қилиб айтганда, детоксикация жараёни кетади. Ана шу паллада инсон ўзини ҳолсиз сезади, бу бизнинг зараримизга эмас, фойдамизга бўладиган жараён. Шундай экан, "ҳолсиз бўламан", деб рўза тутмай қўйишлик тиббий нуқтаи назардан ҳам оқланмайди. Бошидаги 3 кун шу жараён яққол сезилади, кейин адаптация механизмлари ишга тушиб, организм очликка мослашади. Қандли диабетга келсак, 6.05 кўрсаткич глюкозага толерантликнинг бузилиши деб баҳоланади, қандли диабетнинг бошланиши эмас. Соғлом турмуш тарзи, махсус дорилар ва парҳез билан уни коррекция қилса бўлади. Менинг беморларим орасида ҳақиқий қандли диабет билан оғириганлар бор. Улар ўзлари хоҳлаб Рамазон рўзасини қийналмай тута олишди ва қондаги қанд миқдори уларда ошиб кетгани йўқ. Бу билан ҳамма қандли диабет билан оғриганлар рўза тутаверсин демоқчимасман. Бу касалликнинг даражасига, компенсация ёки декомпенсация босқичидалигига, ёндош касалликлар ҳам бор йўқлигига ва ихлос даражасига боғлиқ!
Сизга яна бир маслаҳатим, қондаги гликозаланган гемоглабинингизни текширтиринг ва 2 маротабалик :
1. Оч қоринга сахарга тест
2. Уни кетидан дарров 75 гр шакарли чой ёки бирон таом истеъмол қилиб 2 соат ўтказиб қайта қондаги қанд миқдорини текширтиринг.
Мана шу юқорида таъкидлаган 2 усул сизда қандли диабет бор йўқлигини аниқлашга мезон бўла олади.
Валлоҳу аълам! Саломат бўлинг!