Яна бир савол

00:07 / 02.05.2017 | Савол | 1833
Ассалому алайкум! Ҳожатхона ва ҳаммомга кирганда ва чиққанда махсус дуолар бор. Шуларни ўқиб бошяланг кирса ҳам бўлавeрадими? Масалан, ёш болалар доим шошилиб юришади, уларга ҳали гуноҳ бўлмайдику а? Лeкин баъзида ўзимиз ҳам шу ҳолатга тушиб қоламиз. Бу ҳақида ҳадис борми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Қазои ҳожат қилмоқчи бўлган шахс Аллоҳ таолонинг исми ёзилган, шунингдек, малоикалар, Азиз, Карим, Муҳаммад, Аҳмадга ўхшаш улуғ исмлар ёзилган нарсаларни ўзи билан бирга олмаслиги керак.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам халога кирсалар, узукларини ечиб қўяр эдилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий ҳасан, деган.
Маълумки, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узукларида «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деган ёзув бор эди. Подшоҳларга мактуб юборсалар, ўша узукни муҳр қилиб босар эдилар. Узукда Аллоҳнинг исми ёзилган бўлгани учун ҳам халога кирганларида уни ечиб қўяр эдилар. Шунга биноан, Аллоҳнинг исми ёзилган нарса билан, айниқса, Қуръон билан халога мутлақо кириб бўлмайди.
2. Халога истинжо қиладиган нарсаси ва сувини тайёрлаб олиб, оёқ ва бош кийимини кийган ҳолда кириш керак.
3. Халога кирганда, ичкарига аввал чап оёқ қўйилади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларида келган дуо ўқилади:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам халога кирсалар:
«Аллоҳумма иннии аъузу бика минал хубуси вал хобаиси» («Аллоҳим, Сендан эркак ва урғочи ифлослар(шайтонлар)дан паноҳ тилайман»), дер эдилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Шу каби саволларга тўла жавобни «Ижтимоий одоблар» китобининг 192-196 бетларидан олишингиз мумкин. Валлоҳу аълам!.