Ассалому алайкум! Эркак кишини қовурғасидан битта аёл яратилганми? Эрим жумага борадилар. Лeкин иймонлари сустдeкми билмайман рибо, сўкиниш, қизлар билан бузуқлик каби ишлардан чeтланмайдилар. Бир кун уни қовурғасидан яралмаганимни, хунуклигимни ва уларга мос эмаслигимни айтди. Худди бошқа никоҳ қилишликлари бордек. Дин ҳақида оз-моз тушунчам бор, лeкин бу гапларга нима қилай дилим оғриди. Индамадим. Мен эримни қовурғасидан яратилганманми ёки никоҳидаги барча аёллар ҳам шундайми? Лeкин бир тубан кимсага айланиб бораётган эримга аёлни яратилишини ҳадислар билан ёзсангиз, ўқиб бeрмоқчи эдим
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик қилинг! Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!» дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Бошқа бир ривоятда:
«Албатта, аёл киши қовурғадан яратилгандир. У сен учун бир йўлда мустақим турмас. Агар сен ундан эгрилигича ҳузурлансанг, ҳузурланиб қолдинг. Агар уни тўғрилайман десанг, синдирасан. Унинг синиши талоғидир», дейилган.
Шарҳ: Сиртдан қараганда ушбу ҳадиси шарифни аёллардаги баъзи камчиликлар ва ўша камчиликларни бартараф этиш мумкин эмаслиги ҳақида, деб тушуниш мумкин.
Аслида эса бу ҳадиси шариф аёлларнинг эрларидаги ҳақларини билдирувчи ҳадислардандир. Шунинг учун ҳам у «Хотиннинг эридаги ҳақлари» бобида келтирилмоқда. Яъни эр ўз хотинидан содир бўладиган баъзи нуқсонлар учун сабр қилиши, зулм қилмаслиги, тўғриланишини кутиши керак. Бу эса аёлнинг эридаги ҳаққидир.
Беайб инсон йўқ. Жумладан, беайб аёл киши ҳам йўқ. Беайб ёлғиз Парвардигорнинг Ўзи. Аллоҳ таоло аёл кишини ўзига хос табиат билан яратган. У эрига хотин, фарзандларига она бўлиши ва бу вазифаларга тегишли масъулиятларни адо этиши лозим. Ана шунинг учун ҳам аёл кишида тез ва таъсирли меҳр кўрсатиш қобилияти бўлиши зарур. Бунинг акси ўлароқ, унда тез аччиқ чиқиш ва оғир нарсани кўтара олмаслик сифати ҳам юзага чиқиб туради. Аёл киши ўз жинсига мос келадиган машаққатлардан юзта ва ундан ҳам кўп эркак киши кўтара олмайдиганини бир ўзи кўтара олади. Аммо ўзига хос бўлмаган қийинчилик, салгина қўпол муомала, бир оғиз ноқулай сўзни кўтара олмаслиги мумкин. Эр ушбу ҳолатларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда хотинига яхши муомалада бўлиши лозим.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда:
«Аёлларга доимо яхшилик қилинг!» демоқдалар.
Халқимизда ушбу маъно «Аёл киши яхши сўзнинг гадоси» деган ҳикматли сўз билан ифода қилинади. Бундан эса аёл кишига қилганига яраша эмас, доимо яхши муносабатда бўлиш кераклиги тушунилади. Чунки аёл кишининг асл яратилиши шуни тақозо қилади. Аллоҳ таоло аёл кишини аввал айтиб ўтилган ҳикматларга биноан, шундай қилиб яратган.
Бу маъно ҳадиси шарифда «Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир» деган сўзлар билан ифода қилинмоқда.
Бунда Момо Ҳаввонинг Одам алайҳиссаломнинг қовурғасидан яратилганига ишора қилинмоқда. Аллоҳ таоло Одам Атони тупроқдан яратиб, унга жон киритганидан сўнг у кишининг қовурғасидан Момо Ҳаввони яратган. Қовурға ўзи эгри нарса, ўша эгри нарсанинг энг эгри жойи энг юқорисидир. Шунинг учун ҳам аёл кишининг ҳаёлига тез-тез турли ўзига хос фикрлар келиб, ундан ҳар хил амаллар содир бўлиб туриши мумкин. Бу ҳеч ғариб нарса эмас. Худди ушбу сифат Момо Ҳавво онамизда ҳам зоҳир бўлган. Бундай нарсалар у зотнинг қизларида ҳам зоҳир бўлиб туриши эса турган гап.
Шунинг учун эркакларга аёлидан содир бўлган ҳар бир нарсани тафтиш қилиб, унинг бошқача бўлиши учун уриниши маслаҳат берилмайди. Балки аёл табиатига мансуб нарсаларни ўз ҳолида қолдириб, сабр қилиш афзал саналади. Ана шунда уруш-жанжаллар озаяди, оиланинг бузилиш ҳавфи йўқолади.
Буни ҳадисда «уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан», дейилмоқда. Демак, аёл кишида содир бўлган ҳар бир эгриликни тўғрилаш учун уриниш яхши натижага олиб келавермайди. Баъзида бу иш оиланинг бузилишига олиб келиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам иккинчи бир ривоятда «унинг синиши – талоғидир», дейилмоқда.
Кези келганида ушбу – аёл кишидан содир бўлганда эр сабр қилиши лозим бўлган нарсалар ахлоқ-одоб ва шахсий муомалаларда бўладиган нуқсонларга боғлиқ эканлигини эслаб қўйишимиз керак. Агар камчиликлар шариат чегарасидан чиқишга бориб етса, сабр қилиш эмас, тузатиш керак бўлади.
Демак, аёл кишидан содир бўладиган камчиликларга сабр қилиб, у билан яхши яшашга уриниш эрнинг вазифасидир.
Аёл кишининг эридаги ҳақларидан энг муҳими бўлмиш яхши яшаш, унга гўзал муомала қилиш ҳақида шариатимизнинг тавсиялари жуда ҳам кўп. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда эрларга хитоб қилиб, «…ва улар ила маъруф билан яшанг!» деган.
Бу эса яхши муомала, озор бермаслик, ҳаққини поймол қилмаслик, ёмон кўришни изҳор қилмаслик, ширинсуханлик, қилган яхшиликларини миннат қилмаслик каби ишларда намоён бўлади. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!.