Ассалому алайкум! Менинг иккита қизим бор 4 ёш ва 9 ойлик. Уларни тарбия қилишга қийналяпман. Катта қизимга жуда кўп танбеҳ бераман, "ундай қилиш мумкин эмас, ундай қилма, ундай қилсанг бундай бўлади", деб ҳам тушунтираман. Синглиси ўйнаётган ўйинчоқларни олиб уни йиғлатаверади. Баъзи ҳолларда бақириб, асабийлашиб кетаман. Муаммо ўзимда эканлигини биламан. Тўғрисини айтсам, болалигимда онам мени кўп уришаверардилар, ўзим ҳам жуда кўп хато қилганман. Онам ҳам дадам билан муаммолари сабаблими тез асабийлашиб кетардилар. Онам оналаридан ҳеч нимани яшира олмасдилар, менинг қилган хатоларим ва уйдаги ҳамма бўлаётган воқеалардан бувимнинг хабарлари бўларди. Хуллас мени қилган айбим учун икки марта, ҳам ойим ҳам бувим уришишарди. Улар ҳам менга яхшиликни исташган, албатта. Менинг қизимни уришишим, бақиришларим онамникига ўхшайди. Лекин бундай бўлишини хоҳламасдим. Аллоҳ хоҳласа, уларга тўғри ва жаннатга элтадиган тарбия бермоқчи эдим. Баъзида ўзимни қўлга ололмаяпман. Қандай йўл тутай?
– Ва алайкум ассалом! Сиз аввало, ўзингизни ислоҳ қилинг. Доимо ибодатда бўлинг. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам эрталаб ва шомда ўқиган дуоларини ўқишга одатланинг. Истиғфор, саловатларни кўп айтинг. Намозларингизда, айниқса, таҳажжуд намозларингизда саждадаги ҳолатингизда ҳожатингизни сўраб дуолар қилинг. Уйдаги баъзи салбий ҳолатларни онангизга айтмасликни одат қилинг. Она эмасми, жуда ҳавотирланиб пашшадан фил ясаб юборишлари мумкин. Ўзингиздаги камчиликларни сезяпсизми, бу ҳам катта ютуғингиз. Дарҳол тузатишга ҳаракат қилинг. Фарзандларингиз жуда кичкина. 7 ёшгача қаттиқ уришиб ёки жазоласангиз уларни бадтар қайсар қилиб қўясиз. "Ҳадис ва ҳаёт", "Одамийлик мулки", "Қизларжон", "Исломга бағишланган умр", "Фарзанд тарбияси", "Сиз қандай яшамоқчсиз?" номли китобларни ўқинг. Катта ва кўп ибратлар оласиз. Валлоҳу аълам!