Ассалому алайкум! Опам сал кам 1 йилдан бeри хўжайини билан майда гаплар сабаб яшамайди. Бирга яшамаса талоқ тушадими? Агар тушса қанча муддатда тушади? Тушмаса нима қилиш керак? Қайта яшаб кeтишларидан умид йўқ
Ва алайкум ассалом!
«Ийло» луғатда «қасам ичиш» маъносини англатади. Шариатда эса эрнинг хотинига тўрт ой ёки ундан кўп муддат жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичишига айтилади.
«Мухтасари Виқоя»нинг соҳиби ийлони қуйидагича таърифлайдилар:
Ҳур завжанинг тўрт ой, чўри завжанинг икки ой яқинлигини ҳаром қилган қасам ийлодир.
Ийлонинг ҳукми Қуръони Каримда собит бўлгандир.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Хотинларидан ийло қилганлар учун кутиш тўрт ойдир. Агар қайтсалар, бас, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. Ва агар талоқни қасд қилсалар, бас, албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир» (226-227-оятлар).
Агар эр ўша муддат ичида унга яқинлик қилиб қўйса, қасами бузилади ва Аллоҳнинг номи ила қасам ичган бўлса, каффорат бериши вожиб бўлади. Ундан бошқада жазоси вожиб бўлади ва ийло соқит бўлади. Илло, хотинга бир боин талоқ тушади.
Хотинидан ийло қилган эр тўрт ойнинг ичида унга жинсий яқинлик қилса, қасамини бузган бўлади ва унга қасамини бузган одам ўтайдиган каффоратни ўташ вожиб бўлади.
وَقَالَتْ عَائِشَةُ: آلَى رَسُولُ اللهِ r مِنْ نِسَائِهِ، وَحَرَّمَ، فَجَعَلَ الْحَرَامَ حَلَالًا، وَجَعَلَ فِي الْيَمِينِ كَفَّارَةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳо деди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан ийло қилдилар ва (баъзи нарсаларни ўзларига) ҳаром қилдилар. Сўнгра ҳаромни ҳалол қилдилар ва қасамга каффорат бердилар».
Термизий ривоят қилган.
Валлоҳу аълам!