Декрет таътилидан ишга қайтиш

20:55 / 16.05.2021 | Abdulhamid Obidjonov | 2934

Ассалому алайкум! 2017 йил июнь ойида Марказий поликлиникага (1 ставка) ҳамшира бўлиб ишга кирдим. 2019 йил июнь ойида декрет таътилига чиқдим. Оилавий шароитим туфайли ҳозир ишга қайтмоқчи эдим. Лекин, "бўш иш ўрни йўқ, иш ўрни бўлгунча кутасиз", деб айтишди. Бу ҳолат анча чўзилиб кетди. Пора бериш ниятим йўқ, иймоним йўл қўймайди. Бу вазиятда менинг ҳуқуқларим қандай? Қонунчилигимизда иш ўрнимни қанча вақт мобайнида тиклаб беришлари керак? 

Ҳуқуқшунос:

– Ва алайкум ассалом! 2019 йил июнь ойида ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси: Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парвариши учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган  тартибда нафақа берилади. Аёлга, унинг хоҳишига кўра, болани уч ёшга тўлгунига қадар парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади. Болани парваришлаш даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Демак, сизга мазкур қонунда белгилангандек, икки ёшга тўлгунига қадар болани парвариши учун таътил берилган. Сиз бола икки ёшга тўлгандан сўнг, ариза билан болани уч ёшга тўлгунига қадар бериладиган, қўшимча таътилдан фойдаланмасдан ишга қайтиш учун мурожжат қилинг. Сизнинг иш жойингиз (ёки лавозимингиз) қонунда белгиландек сақланади. Валлоҳу аълам!