Ассалому алайкум! Хижрий йилнинг бошланиши ҳақида маълумот берсангиз. Инсон яратилганига неча йил бўлган? Ҳозирги хижрий йил бошланишидан олдин сана қандай юритилган?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Пайғамбарлар ҳаётини ўрганган мутахассис олимлар уларнинг оралиқ муддатларидан келиб чиқиб инсон 7000 йил илгари яратилган, деган хулосани қилишади.
ҲИЖРИЙ ЙИЛ ҲИСОБИНИНГ БОШЛАНИШИ
Вақт ўтиши билан Ислом жамияти ҳар томонлама улғайиб борар эди. Чегаралар, вилоятлар, амирлар ва бошқаларнинг сони тезлик билан ортиб бормоқда эди.
Девонлар ташкил қилинди, ҳамма тарафдан пойтахтга мактублар кела бошлади. Бошқа алоқалар ҳам ривожланиб борди.
Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан мактуб олди. Унда сендан мактублар келади, тарихи номаълум бўлади. Тарихни белгиласанг, яхши бўлар эди, деган маъно бор эди.
Бир оз вақт ўтгач, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу яна бир мактуб олдилар. Унда «Шаъбон ойида» деган маъно бор эди. Қайси Шаъбон? Ўтганими, ҳозиргисими ёки келгуси Шаъбон ойими, била олмай қийналдилар.
Яна бир куни Ямандан, Яъло ибн Умайядан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мактуб келди. Бу мактубда тарих белгиланган эди. Бу иш ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга маъқул келди.
Шундан сўнг у киши шуро мажлисини чақириб, ўртага мусулмонларга хос тарих–йил ҳисобини қабул қилиш масаласини қўйдилар. Ислом жамияти ўзлигини намоён қилиши, бировга тақлид қилмай, ўзига хос йил ҳисобига эга бўлиши керак эди.
Биринчи масала «Тарихни қачондан бошлаш керак?» деган саволга жавоб топишдан иборат бўлди.
Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этган йилларини биринчи йил, деб ҳисоблашни таклиф қилди.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлган йилларини биринчи йил, деб ҳисоблашни таклиф қилди.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат қилган йилларини биринчи йил, деб ҳисоблашни таклиф қилдилар. У киши: «Ҳижрат ҳақ билан ботилнинг ораси ажралишига сабаб бўлган», дедилар.
Бошқа бирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган йилларини биринчи йил, деб ҳисоблашни таклиф қилди. Лекин кўпчилик Али розияллоҳу анҳунинг таклифларини ёқлаб овоз бердилар.
Иккинчи масала йил ҳисобини қайси ойдан бошлаш масаласи эди.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: «Ражаб ойини биринчи ой қилиб олайлик, у ҳаром ойларнинг биринчиси», деди.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Рамазон ойини биринчи ой қилиб олайлик, у умматнинг шарафли ойи», деди.
Али розияллоҳу анҳу: «Муҳаррамни биринчи ой қилиб олайлик, унинг ўзи йилнинг биринчи ойи», дедилар.
Ҳаммага мана шу гап маъқул бўлди. Шу тариқа Ислом уммати ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ташаббуслари ва ғайратлари билан 16-ҳижрий санадан бошлаб, ўзининг йил ҳисобига эга бўлди.
Албатта, бу катта иш эди. Дунёга етакчилик қилишни даъво қилаётган уммат учун ана шунга ўхшаш шиор бўладиган нарсаларнинг зарурлиги ҳеч кимга сир эмас эди.
«Ҳадис ва ҳаёт».