– Ва алайкум ассалом!
Ҳасад
Қалб хасталикларининг яна бири ҳасаддир.
«Ҳасад» сўзи луғатда арчиш ва шилиш деган маъноларни билдиради. Чунки ҳасад қалбни арчади ва шилади.
Уламолар: «Ҳасад – бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига (яъни ўзига) етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир», дейдилар.
Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб, энг баланд чўққиларигача, ҳар нарсада ҳасад бордир.
Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматнинг ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда ўзига ҳам шундай неъмат берилишини тиласа, ҳасад эмас, ҳавас қилган бўлади.
Ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса гуноҳ саналмайди. Чунки ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига ҳам шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади.
Аллоҳ таоло бир қанча оятларда ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган.
У Зот Нисо сурасида марҳамат қилади:
«Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?» деган (54-оят).
Аллоҳ таоло Фалақ сурасида марҳамат қилади:
ﭤﭥﭦﭧﭨﭩﭪﭫﭬﭭﭮﭯﭰﭱﭲﭳﭴﭵﭶﭷﭸﭹﭺﭻﭼﭽﭾﭿ
«Айт: «Тонг Роббидан паноҳ сўрайман… У яратган нарсалар ёмонлигидан... ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан... ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан... ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)» (1–5-оятлар).
Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори, ҳасад ҳам қаттиқ қораланади ва катта гуноҳ ҳисобланади.
عَنْأَبِي هُرَيْرَةَ t: أَنَّ رَسُولَ اللهِ r قَالَ: «لَا يَجْتَمِعُ فِي جَوْفِ عَبْدٍ مُؤْمِنٍ غُبَارٌ فِي سَبِيلِ اللهِ وَفَيْحُ جَهَنَّمَ، وَلَا يَجْتَمِعُ فِي جَوْفِ عَبْدٍ الْإِيمَانُ وَالْحَسَدُ». رَوَاهُ ابْنُ حِبَّانَ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жам бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад жам бўлмайди», дедилар».
Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда бир банданинг қалбида икки турли нарса жам бўлмаслигининг хабари берилмоқда.
Биринчиси – Аллоҳнинг йўлида иш қилиб, шу аснода чанг ютган одамнинг ичига жаҳаннамнинг олови кирмаслиги, яъни ўша одам жаҳаннамдан озод бўлиб, жаннат аҳлидан бўлишидир.
Иккинчиси – бир банданинг ичида иймон билан ҳасаднинг жам бўлмаслиги.
Демак, иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир-бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан. Бошимизга етган ва етаётган бало-офатлар бекорга эмаслигини шундан тушуниб олсак ҳам бўлади.
عَنْأَبِي هُرَيْرَةَ t: أَنَّ النَّبِيَّ r قَالَ: إِيَّاكُمْ وَالْحَسَدَ، فَإِنَّ الْحَسَدَ يَأْكُلُ الْحَسَنَاتِ كَمَا تَأْكُلُ النَّارُ الْحَطَبَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Ҳасадчи инсоннинг қилган савоб ишлари бўлса, йўқ бўлиб кетиши ҳамда умуман, ҳасад бор жойда яхшилик қолмаслигини ушбу ҳадисдан тушуниб оламиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасадни худди зарарли оловга ўхшатмоқдалар. Ёнғин чиққан ерда олов ҳамма нарсани еб битирганидек, ҳасад ҳам аввало ҳасадчининг ичини куйдиради. Кейин аста аланга олиб, йўлида нима яхшилик бўлса, ҳаммасини куйдириб битиради.
Шунинг учун ҳам ҳасадчи шахсга эътибор билан назар солсангиз, унда ҳеч бир яхшилик аломатларини тополмайсиз. Ҳасад тарқалган жамиятда ҳам худди шу манзаранинг ўзини кўрасиз. Ҳасадчилар жамиятида яхшиликдан асар ҳам қолмайди.
عَنْضَمْرَةَ بْنِ ثَعْلَبَةَ t قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «لَا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا لَمْ يَتَحَاسَدُوا». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.
Зомра ибн Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Модомики ҳасад қилишмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар», дедилар».
Табароний ривоят қилган.
Демак, ҳасад қилишса, ораларидан яхшилик кўтарилар экан. Одамлари орасидан яхшилик кўтарилган жамиятнинг ҳалокатга дучор бўлиши шубҳасиздир.
Ҳасаднинг инсонлар ва жамият учун нақадар даҳшатли хатар эканини муҳаддисларимиз ривоят қилган қуйидаги ҳадисдан билиб олишимиз мумкин.
عَنْكَعْبِ بْنِ مَالِكٍ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «مَا ذِئْبَانِ جَائِعَانِ أُرْسِلَا فِي غَنَمٍ بِأَفْسَدَ لَهَا مِنْ حِرْصِ الْمَرْءِ عَلَى الْمَالِ وَالشَّرَفِ لِدِينِهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْإِمَامُ أَحْمَدُ.
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг мол-мулк ва шарафга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар орасига қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам қўрқинчлидир», дедилар».
Термизий ва имом Аҳмад ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда молга ҳирс қўйиш ва ҳасаднинг қанчалик хавфли эканини сиз билан бизнинг тасаввуримизга янада яхшироқ сингдириш учун мазкур ўхшатиш ишлатилмоқда. Бу икки хавфли жиноят қўй қўрасига қўйиб юборилган икки оч бўрига қиёсланмоқда. Одатда, оч бўри қаттиқ қўриқлаб турилган қўйларни ҳам ўлдириб, еб кетади. Аммо икки оч бўри қўрага қамалган қўйлар ичига қўйиб юборилса-чи? Қўй бечораларнинг ҳоли нима бўлиши аён: оч бўрилар уларнинг ҳаммасини бирма-бир ҳалок қилади. Молга ҳирс қўйиш ва ҳасад ҳам жамият ичига қўйиб юборилган икки оч бўри каби жамиятни ҳалокат сари бошлайди.
Молга ҳирс қўйиш оқибатида одамлар Аллоҳга бандаликдан чиқиб, мол-дунёнинг бандасига айланадилар. Мол-дунё нимани амр қилса, шуни бажарадиган бўлиб қоладилар. Мол-дунё эса ўзига ҳирс қўйган одамни ҳеч нарсадан қайтмасликка амр этади. Оқибатда унга банда бўлган шахс барча гуноҳлар ва ёмонликлардан тап тортмайдиган бўлиб қолади.
Мусулмон кишининг динига ҳасад қилиш ҳасаднинг энг ёмон турларидан биридир.
عَنْعَبْدِ اللهِ بْنِ بُسْرٍ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «لَيْسَ مِنِّي ذُو حَسَدٍ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.
Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳасад эгаси мендан эмас», дедилар».
Табароний ривоят қилган.
Яъни «Ҳасадчи менинг умматим эмас», деганлар. Ўзини билган одам учун бундай ҳолга тушишдан ҳам ортиқроқ бадбахтлик йўқдир.
Ҳасаднинг зарарлари:
1. Ҳасад Аллоҳ таолонинг ғазабига сабабдир.
2. Ҳасадгўйнинг қалби ҳасратга тўла бўлади.
3. Ҳасад ўз эгасининг мартабасини пасайтиради.
4. Ҳасадчини одамлар ёмон кўради.
5. Ҳасад неъматнинг заволига сабаб бўлади.
6. Ҳасад катта ёмонликларнинг манбаидир.
7. Ҳасад жамиятни бузувчи чўқмордир.
8. Ҳасад ахлоқсизлик аломатидир.
Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутула бориш баробарида ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам қутулиши шарт. Ўшандагина элу юртимизда бирор яхшиликдан умид қилсак бўлади. Ҳар биримиз ҳасаддан фориғ бўлиб, қалбимиз тоза ҳолга келиб, қуйидаги ҳадисда зикр қилинган саодатманд саҳобий даражасига етишишга ҳаракат қилишимиз лозим.
عَنْأَنَسِ بْنِ مَالِكٍ t قَالَ: كُنَّا جُلُوسًا مَعَ رَسُولِ اللهِ r فَقَالَ: «يَطْلَعُ عَلَيْكُمُ الْآنَ رَجُلٌ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ». فَطَلَعَ رَجُلٌ مِنَ الْأَنْصَارِ تَنْطُفُ لِحْيَتُهُ مِنْ وَضُوئِهِ قَدْ تَعَلَّقَ نَعْلَيْهِ فِي يَدِهِ الشِّمَالِ، فَلَمَّا كَانَ الْغَدُ قَالَ النَّبِيُّ r مِثْلَ ذَلِكَ، فَطَلَع ذَلِكَ الرَّجُلُ مِثْلَ الْمَرَّةِ الْأُولَى، فَلَمَّا كَانَ الْيَوْمُ الثَّالِثُ قَالَ النَّبِيُّ r مِثْلَ مَقَالَتِهِ أَيْضًا، فَطَلَعَ ذَلِكَ الرَّجُلُ عَلَى مِثْلِ حَالِهِ الْأُولَى، فَلَمَّا قَامَ النَّبِيُّ r تَبِعَهُ عَبْدُ اللهِ بْنُ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ فَقَالَ: إِنِّي لَاحَيْتُ أَبِي فَأَقْسَمْتُ أَنْ لَا أَدْخُلَ عَلَيْهِ ثَلَاثًا، فَإِنْ رَأَيْتَ أَنْ تُؤْوِيَنِي إِلَيْكَ حَتَّى تَمْضِي فَعَلْتَ. قَالَ: نَعَمْ. قَالَ أَنَسٌ: وَكَانَ عَبْدُ اللهِ يُحَدِّثُ أَنَّهُ بَاتَ مَعَهُ تِلْكَ اللَّيَالِي الثَّلَاثِ فَلَمْ يَرَهُ يَقُومُ مِنَ اللَّيْلِ شَيْئًا غَيْرَ أَنَّهُ إِذَا تَعَارَّ وَتَقَلَّبَ عَلَى فِرَاشِهِ ذَكَرَ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ وَكَبَّرَ حَتَّى يَقُومَ لِصَلَاةِ الْفَجْرِ، قَالَ عَبْدُ اللهِ: غَيْرَ أَنِّي لَمْ أَسْمَعْهُ يَقُولُ إِلَّا خَيْرًا، فَلَمَّا مَضَتِ الثَّلَاثُ لَيَالٍ وَكِدْتُ أَنْ أَحْتَقِرَ عَمَلَهُ قُلْتُ: يَا عَبْدَ اللهِ، إِنِّي لَمْ يَكُنْ بَيْنِي وَبَيْنَ أَبِي غَضَبٌ وَلَا هَجْرٌ ثَمَّ، وَلَكِنْ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ r يَقُولُ لَكَ ثَلَاثَ مِرَارٍ: «يَطْلَعُ عَلَيْكُمُ الْآنَ رَجُلٌ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ» فَطَلَعْتَ أَنْتَ الثَّلَاثَ مِرَارٍ، فَأَرَدْتُ أَنْ آوِيَ إِلَيْكَ لِأَنْظُرَ مَا عَمَلُكَ فَأَقْتَدِيَ بِهِ، فَلَمْ أَرَكَ تَعْمَلُ كَثِيرَ عَمَلٍ، فَمَا الَّذِي بَلَغَ بِكَ مَا قَالَ رَسُولُ اللهِ r؟ فَقَالَ: مَا هُوَ إِلَّا مَا رَأَيْتَ. قَالَ: فَلَمَّا وَلَّيْتُ دَعَانِي فَقَالَ: مَا هُوَ إِلَّا مَا رَأَيْتَ غَيْرَ أَنِّي لَا أَجِدُ فِي نَفْسِي لِأَحَدٍ مِنَ الْمُسْلِمِينَ غِشًّا وَلَا أَحْسُدُ أَحَدًا عَلَى خَيْرٍ أَعْطَاهُ اللهُ إِيَّاهُ. فَقَالَ عَبْدُ اللهِ: هَذِهِ الَّتِي بَلَغَتْ بِكَ وَهِيَ الَّتِي لَا نُطِيقُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالنَّسَائِيُّ.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Ул зот:
«Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатдан бир одам чиқади», дедилар. Ансорийлардан соқолидан таҳорат суви оқиб турган, чап қўлида кавуш тутган киши чиқиб келди.
Эртасига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шу гапни айтган эдилар, яна ўша одам кечаги ҳолида чиқиб келди.
Учинчи куни ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шу гапни айтган эдилар, яна ўша одам ўша ҳолида чиқиб келди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, Абдуллоҳ ибн Амр ҳалиги одамга эргашиб борди-да: «Отам билан орамиздан гап ўтиб қолиб, уч кунгача унинг олдига кирмасликка қасам ичган эдим. Агар маъқул топсангиз, менга шу муддат ўтгунча уйингиздан жой бериб туринг», деди. У одам «Хўп», деб жавоб берди».
Ҳазрати Анас ривоят давомида шундай дейди:
«Абдуллоҳ ўша уч кеча у билан бирга тунаганини, у одамнинг кечалари ҳеч бедор бўлмаганини гапириб юрар эди. Агар у одам безовта бўлса, ўрнида ағдарилиб ётар ва бомдодгача Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб, такбир айтиб чиқар экан».
Абдуллоҳ яна шуларни айтган экан: «Аммо ундан фақат яхши гапларни эшитдим. Уч кеча ўтгандан сўнг, унинг амали ҳеч нарса эмас экан, деган фикрга келай дедим. Унга: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Отам билан орамизда ҳеч гап ўтгани йўқ. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уч марта «Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатлардан бир киши келади», деган гапни эшитдим. Уч марта ҳам сен чиқиб келдинг. Сенинг ҳузурингдан жой олиб, қиладиган амалларингга назар солиб, сенга иқтидо қилиш орзусида эдим. Аммо каттароқ бир иш қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гапларга сени нима эриштирган?» деб сўрадим.
У эса: «Ўзинг кўрган нарсадан бошқа ҳеч нарса йўқ», деди.
Қайтиб кетаётганимда у мени ёнига чақириб: «Ўзинг кўрган нарсалардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Фақат мен қалбимда мусулмонлардан бирор кимсага гина-кудурат сақламайман. Ҳеч кимга нисбатан унга Аллоҳдан етган яхшиликка ҳасад қилмайман», деди».
«Сени ўша мақомга етиштирган шу хислатинг экан. Ана шунга биз тоқат қила олмаймиз», деди Абдуллоҳ».
Аҳмад ва Насоий ривоят қилишган.
Ҳақиқатан ҳам, инсонлар қалбида ўзгаларга нисбатан ҳасад бўлмаслиги улуғ фазилатдир. Зеро, бундай одамдан ҳеч бир ёмонлик чиқмайди. Аллоҳ таоло барчамизни ҳасадгўйликдан сақласин! Элу юртимизни бу оғир дарддан Ўзи қутқарсин! Омин!
Ҳасаднинг сабаблари
Ҳасаднинг бир неча сабаблари бор. Уламоларимиз мазкур сабабларни ўрганиб чиқиб, асосийлари олтита эканини таъкидлаганлар. Уларни қисқача ўрганиб чиқамиз:
1. Душманлик ва ёмон кўриш. Бу ҳасаднинг энг кучли сабабларидан биридир. Икки киши бирор сабабга кўра урушиб қолишлари ва ораларида келишмовчилик чиқиб, бир-бирини ёқтирмай қолишлари мумкин. Ғазаби чиққан одам ўзининг душманига нисбатан қалбида кек сақлаб қолса, у ҳасадга айланади. Душманига ўзи етказа олмаган зарарни замондан кута бошлайди. Агар душманига бирор ёмонлик етса, хурсанд бўлади ва «Менга ёмонлик қилгани учун Аллоҳ таолонинг Ўзи уни жазолади», дейди.
Мабодо душманига неъмат етса, унинг мақсадига тескари бўлгани учун хафа бўлади. Ҳасади яна ҳам зиёда бўлади. Мазкур неъматнинг ёмон кўрган одамидан кетишини истайди ва шу мақсадда иш ҳам олиб боради.
2. Кўра олмаслик. Баъзи одамларда бошқанинг ўзидан устун бўлишини кўра олмаслик одати бўлади. Ана шу нарса ҳам ҳасаднинг сабабларидан биридир. Одатда, бировни ўзидан паст санаб, уни одам ўрнида кўрмай, назар-писанд қилмай юрган бўлади. Доимо ўша одам унга қарам бўлишини ва ялиниб туришини истайди. Бирдан қараса, ҳалиги одамга неъмат етибди. Ҳасадчининг хаёли бошидан учади. Ўзини қўйгани жой топа олмай қолади. Ҳасади ўзини кўрсатади.
3. Кибр. Мутакаббир одамлар ўзидан паст саналган кишиларни доимо масхара қилиб, ерга уриб, олдиларида мақтаниб, сал нарсага керилиб юрган бўладилар. Шунинг учун улардан паст одамларга неъмат етганига чидай олмай ҳасад қилишга ўтадилар.
4. Мақсадига эришолмай қолишдан қўрқиш. Бу ҳолат бир мақсадга эришиш учун ҳаракат қилаётган шахслар орасида бўлади. Улардан бири кўзланган мақсадга эришиш йўлида неъматга сазовор бўлса, бошқаси ҳасад қилади. Қўполроқ мисол келтирадиган бўлсак, бу ҳолатни кундошлар ўртасидаги ҳолатга қиёслаш мумкин.
5. Мансабпарастлик ва шуҳратпарастлик. Бунга маълум бир соҳада тенги йўқ бўлишни орзу қилган шуҳратпараст кимса мисол бўлади. Агар унга «Дунёнинг нариги бурчида сенга тенг келадиган одам чиқибди» дейилса, ўшанинг йўқ бўлишини орзу қилади.
6. Одамларга яхшиликни раво кўрмайдиган табиати бузуқ шахс ҳасадчи бўлади. Ўзига ҳеч алоқаси бўлмаса ҳам, бировга неъмат етишини кўролмайди. Ўз-ўзидан ҳасад қилаверади.
Ҳасаднинг давоси
Маълумки, ҳасад энг оғир қалб хасталикларидан биридир. Қалб хасталикларини эса фақат илм ва амал билангина даволаш мумкин.
Ҳасадни илм билан даволаш қуйидагича:
Аввало, ҳар бир киши ҳасад ўзининг дину дунёсига зарар эканини яхши англаб етмоғи лозим. Шу билан бирга, у ҳасад қилинган одамнинг на динига ва на дунёсига зарар етказа олмаслигини ҳам тушуниши керак. Аксинча, унинг ҳасадидан душмани фойда олади.
Агар охиратга ва ундаги ҳисоб-китобга иймонни бир тарафга қўйиб туриб, ақл юзасидан иш тутганда ҳам, ҳасадга ўрин йўқ. Чунки ҳасадчи ўз ҳасади туфайли ич-ичини ейди, қалби дард-аламга тўлади. Аммо бирор фойда кўрмайди.
Ҳасад қилинган одамнинг неъмати сизнинг ҳасадингиз туфайли бу дунёда заволга учрамайди. Қандай қилиб дейсизми?
Унга неъматни Аллоҳ таоло берган ва Аллоҳнинг Ўзи белгилаган муддатгача давом этади. Бировнинг ҳасади туфайли неъмат тугаб қолмайди.
Сизнинг ҳасадингиз ҳасад қилинган одамнинг охиратига ҳам зарар етказмаслиги аниқ. Чунки сизнинг ҳасадингиз унга гуноҳ бўлиб ёзилмайди. Балки ҳасадингиз сабабли мазлум бўлгани учун фойда олиши турган гап. Бу дунёда унинг фойда олиши сизнинг жизғанак бўлишингиздандир. Чунки одамларнинг хурсандчилигининг сабабларидан бири душманининг азобланишидир.
Юқорида зикр қилинган нарсаларнинг барчаси ҳасадчининг ўзига ўзи душман ва душманига дўст эканини кўрсатади. Бу худди душманини қатл қилиш учун тош отаётган одамга ўхшайди. Биринчи тошни отганида душманига тегмай ўзига қайтади ва ўнг кўзини кўр қилади. Унинг аччиғи яна ҳам аланга олиб, иккинчи тошни отади. Иккинчи тоши ҳам мўлжалга тегмай ўзига қайтади ва чап кўзини ҳам кўр қилади. У ғазаб отига миниб, учинчи тошни отади. Тош қайтиб келиб, ўзининг бошини ёради. Душмани эса соппа-соғ, кулиб, уни томоша қилиб туради.
Айтиб ўтилганларни тафаккур қилган одамнинг қалбида ҳасад олови сўниши турган гап.
Ҳасадни амал билан даволаш қуйидагича:
Бунда ҳасад дардига мубтало бўлган шахс, ҳасади унга қайси амални буюрадиган бўлса, ўшанинг аксини қилиши лозим бўлади. Мисол учун, унга душманини ёмонлашни амр қилмоқда, у уни мақташга ўтсин. Ҳасади унга мутакаббирлик қилишни тавсия қилмоқда, у унга тавозеъ кўрсатсин.
Салафи солиҳлардан кўплари ўзини ғийбат қилган шахс ҳақида хабар эшитса, унга ҳадялар юборар эдилар.
Валлоҳу аълам!