Ассалому алайкум! Мен намоз ва рўза тутишни бошлаганимга унча кўп бўлмади. Қуръон ўқишни билмайман. Кечалари таровеҳ намозини ўқимоқчи эдим. Илтимос йўл кўрсатинг, намозни қандай ўқисам бўлади? Жавобингизни кутиб қоламан. Олдиндан катта раҳмат!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Таровеҳ намози 20 ракъат ўқилади. 20 ракъат ўқишга қийналганлар қудрати етганича ўқийверади. Уни хуфтон намозидан кейин, витрдан олдин ўқийсиз. Таровеҳ намози икки ёки тўрт ракъатдан ўқилади, ҳар ракъатига зам сура қўшилади. Ҳар тўрт ракъатдан кейин ўтириб, тасбеҳ айтилади. Таровеҳ ўқиш аёллар учун ҳам суннати муаккададир.
Қуйида «Кифоя» китобидан иқтибос келтирамиз.
ТАРОВЕҲ НАМОЗИ ҲАҚИДАГИ ФАСЛ
Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз «таровеҳ» деб номланиши ҳаммага маълум. «Таровеҳ» роҳат-истироҳат маъносидадир. Чунки мазкур намоз истироҳат ҳисобланади, ҳар тўрт ракъатни ўқиб бўлгандан кейин истироҳат олинади.
«Мухтасари Виқоя»да бу намоз ҳақида қуйидагилар келган:
Таровеҳ витрдан олдин ёки кейин суннатдир. Ҳар тўрт ракъатдан кейин унинг миқдорича ўтирилади. Бир марта хатм қилиш суннатдир. Уни қавмнинг дангасалиги туфайли тарк қилинмайди. Рамазондан ташқарида витрни жамоат билан ўқилмайди.
Бунинг энг кучли далили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларидир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ يُرَغِّبُ فِي قِيَامِ رَمَضَانَ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَأْمُرَهُمْ بِعَزِيمَةٍ وَيَقُولُ: مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ бермас эдилар. Бас, у зот:
«Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дер эдилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча тун ярмида чиқиб, масжидда намоз ўқидилар. Кишилар у зотнинг намозларига эргашиб намоз ўқишди. Тонг отгач, одамлар (буни) гапиришди. Натижада (кечқурун) улардан ҳам кўпчилик жамланиб, у зот билан бирга намоз ўқишди. Одамлар тонгда туриб, (буни) гапиришди. Натижада учинчи кеча масжид аҳли кўпайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар. (Одамлар у зотнинг) намозларига эргашиб намоз ўқишди. Тўртинчи кечада масжид ўз аҳлини сиғдиролмай қолди. Ниҳоят, у зот тонгги намозга чиқиб, бомдодни адо қилиб бўлгач, одамларга юзланиб, шаҳодат айтдилар. Сўнг: «Аммо баъд: Албатта, сизларнинг бу ерда турганингиз менга махфий эмас эди. Лекин бу сизларга фарз қилинса, кейин уни (адо этишдан) ожиз қолишингиздан қўрқдим», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида иш ана шу ҳолда эди».
Учовлари ривоят қилишган.
Саҳобаи киромлар ва барча Ислом уммати бу намознинг шаръийлигига ижмоъ қилганлар.
Абдурраҳмон ибн Абдин Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир кеча Рамазонда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан бирга масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар тарқоқ, гуруҳ-гуруҳ: кимдир ёлғиз ўзи намоз ўқияпти, кимдир намоз ўқимоқда-ю, бир гуруҳ одам унинг намозига эргашиб намоз ўқияпти. Шунда Умар:
«Менимча, агар буларни битта қорининг ортидан жамласам, ниҳоятда гўзал бўлар эди», деди. Сўнгра азм қилиб, уларни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг ортига жамлади. Кейин бошқа бир кечада яна у билан чиқдим. Одамлар ўз қориларининг намозига эргашиб намоз ўқишар эди. Умар:
«Бу қандай яхши бидъат! Улар ухлайдиган пайт (тунда) қоим бўладиган пайтларидан афзалдир», деди. У кечанинг охирини назарда тутаётган эди. Одамлар эса унинг аввалида қоим бўлишар эди».
Бухорий ривоят қилган.
Ҳазрати Умарнинг бу ишларига саҳобалардан ва мусулмон умматидан бирор киши ҳам қарши чиқмаган.
Ирбоз ибн Сорийадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг суннатимни ва мендан кейин муҳтадий рошид халифаларнинг суннатини лозим тутинг», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ҳазрати Умарнинг қилган бу ишлари ҳақида сўралганда:
«Таровеҳ – суннати муаккададир. Уни Умар ўзидан чиқарган эмас. У бу ишда бидъатчи эмас. Унинг асли бор бўлгани учун амр қилган. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аҳд бўлган», деганлар.
Таровеҳ намози Рамазонда, хуфтон намозидан кейин, витр намозидан олдин ўқилади. У йигирма ракъатдан иборатдир. Валлоҳу аълам