Руҳий тушкунлик

01:37 / 11.05.2017 | Савол | 2019
Ассалому алайкум! Мен ҳозир жудаям тушкун аҳволдаман. Сабаблари жуда кўп синовларни кeтма-кeт кeлиши, энг катта сабаби бир нeча ой бўлди мен учун ҳаётда қадрли бўлган, кўнгил қўйган инсонимдан айрилганман. Бу айрилиқ менга қаттиқ зарба бeрди. Натижада хаёлпараст бўлиб, фикр юрита олмай қолдим. Кўзларим кўр, қулоқларим кардeк ғафлатда қолдим. Биз у билан бирга бўлишимиз қийин масала эди, лeкин мен фақат уни ёқтираман. У иймони гўзал, илм марифатли, Аллоҳга ошиқ жудаям одобли солиҳ бола эди. Шундай инсон «менга насиб қилмасая» дeб изтиробдаман. Мен бу мусибатларданми ҳаётга, китоб ўқишга, кўчага чиқишга, одамлар билан суҳбат ҳам қуришга қизиқишим йўқолган. Руҳан тушкун аҳволдаман, фақат ухлашни хоҳлайман. Чунки ухласам бу ташвишлардан бироз бўлсада қутуламан. Менга маслаҳат бeринг сeвгини давоси борми? Уни қандай унутиш мумкин? Нима қилсам ҳаётга қизиқишим, завқ-шавқим ошади? Аллоҳ рози бўлсин
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Авваламбор, мусибатларнинг шиддатлилари Аллоҳ суйган бандаларигагина берилишини эсласак, бу- синовлардан тушкунликка тушиш эмас, аслида хурсанд бўлишимиз керак, дегани эмасми?! Айрилиқ сабаблари турлича: Энди сиз саҳобалар ва аҳлларининг пайғамбаримиз Муҳаммад (с. а. в. )дан айрилгандаги мусибат билан ўзингизнинг ҳолатингизни бир лаҳзагинага солиштириб кўрингчи?! Бизга ўз танамиз-жуссамиз ҳатто омонатга вақтинча берилганини ўйлаб кўрсакчи?! Аслида нима бизники?! Олаётган нафасимизнида қайтиб чиқараётган бўлсак, қандай қилиб бутун бошли бир инсон бизники бўлиши мумкин?! Аслида Роббим биз истаган инсонларни эмас, бизга керакли инсонларни беради! Ҳеч нарса беҳикмат бўлмас, магар бизгина буни ҳадланган тафаккуримиз билан англолмаслигимиз мумкин. Сизда муслималик белгиларидан ҳақиқий таслимот бўлса, ин шаа Аллоҳ кетидан ҳақиқий таскинот ҳам келади, тушкунликка ҳам юз тутмайсиз. Аллоҳдан мусибатингизни ажрли этиб, йўқотганингиз ўрнига афзалроғини ато этишини сўраб дуо қилинг. (Эсланг, Умму Салама онамиз энг афзал эр саналмиш Абу Саламадан ажраб қолганларида шу дуони ўқиганлар. Оқибатида Оламлар сарвари пайғамбаримиз Муҳаммад (с. а. в. )дай зотга турмушга чиққанлар! Бироз бўлсада йўлланма беришга қодир қилганча уриндим, кифоя бўлса беҳад шодман, аксида руҳшунос шифокорга мурожаат этишингиз ҳам ўринли бўлади. Аллоҳ офият ато этсин