Бомдод вақтидан сўнг ухламаслигим учун нима қилай?

13:30 / 14.03.2017 | Савол | 1668
Ассалому алайкум! Сиздан бир маслаҳат сўрамоқчи эдим. Мен шариатимизда Бомдоддан сўнг қуёш чиққунча ухламай тиловат, зикр, дуода бўлиш афзал ва лозим ҳолат деб биламан. Аммо мен шу ибодатларни ёз кунлари қила олмайман. Чунки кечаси жуда эрта ухлолмайман, Хуфтон вақти ҳам биз яшаётган давлатда сал кеч киради ва менда ҳолсизлик, толиқиш, уйқуга мойиллик бўлади. 6,8 соат ухламасам уйқум очилиб кетиши жуда қийин (яъни Хуфтон билан Бомдод орасида 3,4 соат ухлаган бўлсам). Шифокорга текширтирдик, қонда шу ҳолатга сабаб бўлаётган модда кам чиқди, ҳозир даволанаяпман, аммо “секин фойдаси билинади” деди шифокор. Қиш кунлари бошқача, тетик тураман ва Бомдоддан сўнг ухламай юра оламан, ёз кунларида эса нафсимга бўйсунавераманми деб курашиб, ухламай ўтириб, зикр қилмоқчи бўлсам, ўтирган ҳолатимда ҳам ухлаб қолиш бор. Яна қандай чора кўрай? Бу ҳолатдан чиқишни хоҳлайман. Аллоҳ рози бўлсин!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Авваламбор Аллоҳдан ёрдам сўраш керак. Астойдил дуо қилиб, ўзининг муборак соатларида дуо, зикр ва тиловатларга муваффақ бўлишда ёрдам сўраш керак. Кейин, кечаси эртароқ ётишга ҳаракат қилиш керак. Бирдан икки уч соат аввал ётиб, ухлаб қолмайсиз албатта. Лекин ўрганиб олгунча эрталаб эртароқ туриш, кундаги уйқуни камайтириш керак, шунда чарчаб, мажбур эртароқ ухлайсиз . Шунингдек ҳар куни беш дақиқадан уйқу вақтини олдинга суравериш керак. Шундай қилса кўникма осонлашади. Эрталаб Бомдодга турганда суннатга мувофиқ кўзни ишқаланг. Юзни совуқ сувда ювинг. Истиъоза айтинг. Юриб, ўтириб, туриб ҳаракат қилиб юборинг. Ўзингизни уч тўрт кун ётиб олмасликка мажбурласангиз, ўрганиб кетасиз, ин шаа Аллоҳ