Бомдод

21:44 / 27.05.2017 | Савол | 1785
Ассалому алайкум!
Бомдод намозини тонг отган вақтдан то қуёш чиққунга қадар ўқиш мумкинми? Яъни, тонг 3.42 да отса, қуёш 5.11 да чиқса. Шу вақтнинг охирида ҳам Бомдодни ўқиса бўладими? Охирги вақтда кун ёришиб қолса ҳам. Ёки вақти кирган заҳоти кун ёришмасдан ўқиб олиш керакми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаброил тушиб, менга имом бўлди. Бас, у билан намоз ўқидим, сўнгра у билан яна намоз ўқидим, сўнгра у билан яна намоз ўқидим, сўнгра у билан яна намоз ўқидим, сўнгра у билан яна намоз ўқидим, деб бармоқлари билан бешта намозни ҳисоб қилдилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Сўнгра мана шунга амр қилиндим», дедилар» деган зиёда бор».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: ҳадиснинг ровийи Абу Масъуд розияллоҳу анҳу билан олдин танишганмиз.
ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг фарз қилган намозлари бешта эканини, ҳаммасининг алоҳида-алоҳида ўз вақти бор эканини таъкидламоқдалар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар:
1. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга имом бўлиб, қандоқ намоз ўқиш тартибини ўргатганлари.
2. Янги намоз ўқувчига биладиган одам бирга ўқиб кўрсатиши афзаллиги.
3. Ҳар намоз ўз вақтида алоҳида ўқилиши.
4. Намозни ўз вақтида ўқиш Аллоҳнинг амри экани.
Бу ҳадисда ҳар бир намознинг вақти алоҳида эканлиги умумий равишда айтиб ўтилмоқда. Бундан бошқа вақтда бир неча намозни ёки бир намознинг вақтида бошқасини ўқиб бўлмаслиги ҳам чиқади. Қуйидаги ҳадисда эса ҳар намознинг вақти батафсил баён қилинади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаброил алайҳиссалом менга байтнинг (Байтуллоҳнинг) олдида икки марта имомлик қилди. Бас, улардан биринчисида пешинни соя кавушнинг тасмасича бўлганида ўқиди. Сўнгра асрни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганда ўқиди. Сўнгра шомни қуёш ботиб, рўзадор ифтор қиладиган пайтда ўқиди. Сўнгра хуфтонни шафақ ғойиб бўлганда ўқиди. Сўнгра бомдодни фажр ярақлаб рўзадорга таом ҳаром бўладиган вақтда ўқиди. Иккинчи мартада пешинни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганда, кечаги аср вақтида ўқиди. Сўнгра асрни ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлганда ўқиди. Сўнгра шомни биринчи ўқиган вақтида ўқиди. Сўнгра хуфтонни кечанинг учдан бири кетганда ўқиди. Сўнгра бомдодни ер ёришиб кўринганда ўқиди. Сўнгра Жаброил менга ўгрилиб қаради-да:
«Эй Муҳаммад мана шу сендан олдинги анбиё¬ларнинг вақтидир. Вақт ушбу икки вақтнинг ўртасидир», деди», дедилар».
Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Жаброил алайҳиссалом менга Байтнинг (Байтуллоҳнинг) олдида икки марта имомлик қилди», деганлари, Байтуллоҳнинг олдида икки кун беш вақтдан намозга имомлик қилди, маъносидадир. Буни ҳадиси шарифда келган кейинги жумлалардан фаҳмлаб олиш қийин эмас.
«Пешинни соя кавушнинг тасмасича бўлганида ўқиди» деганлари, қуёш заволга кетиб ҳар бир нарсанинг сояси туша бошлаганида ўқиди, деганларини билдиради.
Қоқ туш пайти қуёш тиккага келганида соя энг қисқарган пайти бўлади. Қуёш оға бошланиши эса, соя узая бошланади. Арабистондаги ковушлар ўзига хос бўлиб тасмалари устида ингичка қайиши бўлади. Демак, нарсаларнинг сояси ўша қайиш тасмаси бўлганида, яъни, энди узая бошлаганида пешин намозининг аввалги вақти киради.
ҳадиси шарифдан тушунилишича, Жаброил алайҳиссалом биринчи куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга беш вақт намозни ҳаммасини энг аввалги пайтида ўқиб берганлар. Иккинчи куни эса энг охирги вақтида ўқиганлар. Сўнгра:
«Эй Муҳаммад, мана шу, сендан олдинги анбиёларнинг вақтидир. Вақт ушбу икки вақтнинг ўртасидир», деди»
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойтдалар:
1. Пешин намозининг вақти қуёш заволга кетиб, ҳар бир нарсанинг сояси узая бошлаганидан то ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг бўйи мислича бўлгунича экани.
Бу икки вақтдан ташқарида Пешин намози вақти бўлиши мумкин эмас.
2. Аср намозининг вақти ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйи мислича бўлгандан бошлаб, то ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг бўйига икки баробар бўлгунича бўлади.
Бу вақтдан, яъни, ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки мисл бўлгандан кейин, Асрнинг вақти чиқмайди. Балки асрнинг вақти шомнинг вақти киргунча давом этади.
Ушбу ҳадисда Жаброил алайҳиссалом асрнинг афзал вақтини кўрсатиб берганлар. Бошқа ҳадисларда асрнинг вақти шомнинг вақти киргунича давом этиши очиқ-ойдин баён қилинган.
3. Шом намозининг вақти қуёш ботганидан бошланиб, хуфтон вақти киргунича давом этади.
Аммо Жаброил алайҳиссалом икки кунда ҳам бир хил вақтда, қуёш ботганда ўқиб берганлари, энг афзал вақт шу эканига далолат қилади.
4. Хуфтон намозининг вақти шафақ ғойиб бўлганидан бошлаб тонг отгуничадир.
Лекин бу ҳадисда кечанинг учдан бири ўтганда ўқилиши энг афзал вақт шу эканни кўрсатади.
5. Бомдод намозининг вақти тонг отганидан бошлаб қуёш чиқишни бошлагунича.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ушбу ҳадиси шарифда ҳар бир намознинг энг аввалги вақти билан охирги вақтининг энг афзали кўрсатилган.
Аслида эса бомдоддан бошқа намозларнинг вақти бир-бирига улашиб кетади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти ҳақида сўралди. Бас, у зот:
«Бомдод намозининг вақти қуёшнинг аввалги шохи чиқмагунча, пешин намозининг вақти қуёш осмон қорнидан заволга кетгандан, асрнинг вақти киргунча, аср намозининг вақти қуёш сарғайиб аввалги шохи ботгунча, шом намозининг вақти қуёш ғойиб бўлганда шафақ тушгунча, хуфтон намозининг вақти кечанинг ярмигача», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, асосан, ҳар бир намознинг охирги вақтини баён қилмоқдалар. Эҳтимол, савол намозларнинг охирги вақти ҳақида бўлгандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни баён қилиб, шомнинг охирги вақти шафақ ғойиб бўлгунча бўлса ҳам олдинги вақтида ўқиш яхшилигини таъкидлаган бўлишлари мумкин. Хуфтоннинг охирги вақти ушбу ҳадис айтилган пайтда кечанинг ярмигача, бўлса ҳам, кейинчалик тонг отгунча деб ҳисобланган.

Жобир розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари (вақти) ҳақида сўралди.
Бас, у киши:
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам пешинни қуёш қиздирган пайтда, асрни қуёш тирик турганда, шомни қуёш ботганида, хуфтонни одамлар кўп бўлса эртароқ, оз бўлса, кечроқ, бомдодни тонг қоронғисида ўқир эдилар», деди».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўзларининг бу жавобларига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ўзлари кўриб мулоҳаза этган тажрибани баён қилмоқдалар. У кишининг айтишларича, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда пешин намозини заволдан кейин қуёш қиздирган пайтда ўқир эканлар.
Арабларда бу вақт «ҳожира» дейилади. Бунда ҳижрат маъноси бўлиб, ҳаво исиб кетгани учун ҳамма ишини ташлаб уйига қараб ҳижрат қиладиган – қочадиган вақти бўлади.
«Асрни қуёш тирик турганда» ўқир эканлар.
Бу қуёшни ранги ҳам, иссиқлиги ҳам ўзгармай турганида, яъни, ботишига яқинлашмай туриб, деганидир. Кўриниб турибдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин каби аср намозини ҳам олдинги вақтида ўқиган эканлар.
«Шомни қуёш ботганда» ўқир эканлар.
Бу ҳам бошқа намозлар каби биринчи – дастлабки вақтида ўқишдир.
«Хуфтонни одамлар кўп бўлса эртароқ, оз бўлса кечроқ» ўқир эканлар.
Хуфтонда вақт бемалол бўлгани ва иш ёки дам олишга шошилинилмагани учун жамоат етарли бўлса, эртароқ бўлмаса, одам кўпайишини кутиб, кечроқ ўқилар экан.
«Бомдодни тонг қоронғисида ўқир эдилар».
Тонг отгандан кейинги қоронғи даври ҳам бомдод намозининг олдинги вақти ҳисобланади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар:
1. Беш вақт намоз вақтларини билиш.
2. Намозни вақти кириши билан ўқишга шошилиш кераклиги.
Бошқа ривоятларда пешинни бироз ҳаво совуганда, бомдодни ёруғлик яхши тарқаганда ўқиш ҳам зикр этилган.
3. Жамоатни кўпайтиришни кутиб туриш жоизлиги.
4. Олим кишилардан савол сўраб туриш кераклиги.
5. Сўралган нарсанинг ўзига жавоб бериш жоизлиги.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқиганларидан кейин, аёллар муртларига ўралиб чиқиб кетишар, қоронғиликдан танилмас эдилар».
Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: «мурт» жундан бўлган аёлларга хос ки¬йим. Бу ривоятда ҳам бомдод намозини олдинги вақтда ўқиш одати борлиги айтилмоқда.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида жамоат намозига аёллар ҳам қатнашганликлари ва эркаклардан олдин чиқиб кетиб, ўзларини танитмасликлари зикр қилинмоқда. Бу масала иншааллоҳ, кейинроқ батафсил ўрганилади.
Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини биздан биримиз ёнидаги одамни танийдиган ҳолда бўлганида ўқир эдилар. Унда олтмиш оятдан юз оятгача қироат қилар эдилар».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
«Сунан» эгалари қилган ривоятда:
«Бомдодни ёруғлик яхши тарқалганда ўқинг. Бас ўшанинг ажри улуғдир», деганлар».
Шарҳ: Абу Барза розияллоҳу анҳунинг бу ривоятларини ўша вақт воқеълигидан келиб чиқиб тушунилади. У вақтларда масжидда чироқ бўлмаган. Шунинг учун бомдод вақтида масжидда ўтириб, ёнидаги одамни таниб оладиган бўлишини, тонгнинг отганидан қанча кейин бомдод ўқилишига ўлчов қилинмоқда.
Шу билан бирга, жуда ортга суриб қуёш чиқишига яқинлаштириб юбормаслик учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоздаги қироатлари олтмиш оятдан юз оятгача бўлиши ҳам зикр қилиб қўйидмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шошилмай дона-дона қилиб, ҳар оятнинг охирида тўхтаб, қироат қилар эдилар.
Сунан китоблари эгалари томонидан ривоят қилинган зиёдада эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдодни тонг яхши ёришганда ўқишнинг ажри улуғлигини таъкидламоқдалар.
Ҳанафий мазҳабида мана шу ривоятга амал қилинади. Шунинг учун, аввал ўтган ҳадислардан бирини ўқиб олиб, дарҳол ҳанафийларни ҳақорат қилишга шошилмаслик керак. Шу билан бирга, бошқалар ўз мазҳаби бўйича олдинги вақтда ўқисалар, уларни ҳам хатода айбламаслик керак.
Валлоҳу аълам!.