Ва алайкум ассалом!
«Каҳф» сўзи «ғор» маъносини англатади. Сурадаги асосий қисса қаҳрамонлари – Роббларига иймон келтирган ёш йигитлар ўз замонлари подшоҳининг зулмидан қочиб, иймонларини сақлаш мақсадида ғорга кириб оладилар ва ўша ерда илоҳий мўъжиза содир бўлади. Суранинг номи шундан олинган.
«Каҳф» сураси Қуръони Каримдаги «Ал-ҳамду» лафзи билан бошланган беш суранинг биридир.
Бу сурада асосий урғу қиссаларга берилган. Бир юз ўн оятдан иборат бўлган «Каҳф» сурасининг етмиш бир ояти қиссалардан иборат. Сураи каримада каҳфга кириб олган йигитлар, икки боғ, Одам ва иблис, Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда ҳамда Зулқарнайн қиссалари келади.
«Каҳф» сурасида ҳам Маккада нозил бўлган бошқа суралардаги каби, ақийдани, фикр ва тасаввурни, одоб-ахлоқ ва қадриятларни исломий йўлга солишга даъват етакчилик қилади.
Ислом даъватининг машаққатли босқичида – мусулмонларни кофирлар азоблаётган бир пайтда нозил қилинган бу сураи кариманинг оятлари, ундаги ибратли қиссалар агар иймон аҳли қийинчиликларга бардош берса, албатта ғолиб бўлажакларини англатади. Ҳар замон ва ҳар маконда ҳам иймон аҳли синовга учраши, кофирлар вақтинча устун келиши мумкинлигини тушунтиради.
9. Каҳф ва битик соҳибларини ажойиб оят(белги)ларимиздан деб ўйладингми?!
Яъни «Эй Пайғамбар, ўша каҳф (ғор) эгалари ва ундаги уларнинг исмлари битилган битикни Бизнинг энг ажойиб мўъжизаларимиз деб ўйладингми?»
10. Қачонки йигитлар каҳфдан жой олганларида: «Роббимиз, бизга ҳузурингдан раҳмат бергин ва ишимизни тўғрилагин», – дедилар.
Каҳф эгалари йигитлар экан. Улар ғордан паноҳ топибдилар. Яъни бировдан қочиб келиб, яширинибдилар. Сўнгра Аллоҳга илтижо қилиб:
«Роббимиз, бизга ҳузурингдан раҳмат бергин…» – дедилар.
Демак, уларнинг ғорга кириб, яширинишларидан мақсадлари Аллоҳнинг раҳматига эришиш экан.
«…ва ишимизни тўғрилагин», – дедилар».
Демак, ишларидан кўнгиллари тўқ эмас. Бу борада ҳам уларга Аллоҳдан ёрдам керак.
11. Бас, каҳфда уларнинг қулоқларига бир неча йиллар (парда) урдик.
«Қулоққа парда урди» дегани, «қулоғини эшитмайдиган қилиб қўйди» деганидир. Йигитлар қочиб келиб, ғорга жойлашганларида, Аллоҳ таоло уларнинг қулоқларини эшитмайдиган қилиб қўйган, яъни ухлатиб қўйган. Ухлаган одам ҳеч нарсани эшитмайди. Эшитса, уйғонган бўларди. Ушбу ҳолат бир неча йил давом этган. Яъни йигитлар ғорда ҳеч нарсани эшитмай, узоқ вақт ухлаб ётганлар.
12. Сўнгра икки гуруҳдан қайси бири уларнинг турган муддатини ҳисобловчироқ эканини билиш учун уларни уйғотдик.
Яъни, бир неча йиллар ўтгач, ухлаганларни уйғотдик. Одамлар уларнинг ғорда қанча муддат ухлаб ётганлари ҳақида тортишадилар. Биз ўша тортишадиган икки гуруҳдан қайси бири тўғрироқ ҳисоблашини юзага чиқариш учун уларни уйғотдик.
Ушбу мухтасар ва умумий баёндан кейин Каҳф эгалари қиссаси батафсил келтирилади:
13. Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берамиз. Албатта, улар Роббларига иймон келтирган йигитлардир. Ва уларга янада зиёда ҳидоят бердик.
Каҳф эгалари ҳақида турли ривоят ва қиссалар бор. Аммо Қуръонда:
«Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берамиз», – дейилган.
Ҳақиқий ва ишончли хабар шу. Шундан бошқа ҳақиқий ва ишончли хабар йўқ. Ана ўша маълумотлардан бири шуки:
«…улар Роббларига иймон келтирган йигитлардир».
Каҳф эгаларининг бош сифатлари уларнинг иймонли эканликларидир. Шу билан бирга, улар ёш йигитлардир. Иймонлари туфайли
«…уларга янада зиёда ҳидоят бердик».
Оғир ҳолга тушиб қолганда нима қилиш кераклигини илҳом этдик. Ҳамда
14. Уларнинг қалбларини мустаҳкамладик. Турганларида, бас: «Роббимиз осмонлару ернинг Роббидир. Ундан ўзгани ҳаргиз илоҳ дея дуо қилмасмиз. Агар шундай қилсак, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз.
15. Мана бу қавмимиз Ундан ўзга илоҳлар тутдилар. Уларга равшан ҳужжат келтира олармиканлар?! Аллоҳга ёлғон уйдиргандан ҳам золимроқ ким бор?!» – дедилар.
Яъни «Иймонлари сабабли, мазкур йигитларнинг ҳидоятларини зиёда қилдик ва қалбларини мустаҳкамладик. Қалбларида иймон ва эътиқод қаттиқ жойлашди».
«Турганларида…»
Бирон муҳим масала муҳокама этилган мажлисдан тураётиб, инсон одатда гапининг хулосасини, охирги нуқтасини айтади. Оятнинг мазмунидан, бу йигитлар бирор йиғилишда бўлишган кўринади. Ана ўша мажлисдан тураётиб:
«Роббимиз осмонлару ернинг Роббидир», – деяптилар.
Демак, ўша мажлисда Робб – Аллоҳ ҳақида сўз кетган. Бошқалар бу масалада йигитларга тўғри келмайдиган фикрни айтган бўлсалар керак, шунинг учун улар мажлисдан тураётиб, гапнинг пўсткалласини айтдилар. Улар сўзлари давомида:
«Ундан ўзгани ҳаргиз илоҳ дея дуо қилмасмиз», – дедилар.
Яъни «Аллоҳга ҳеч қачон ширк келтирмаймиз. Ундан ўзгани ибодатга сазовор деб билмаймиз», – дедилар.
«Агар шундай қилсак, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз».
Яъни «Аллоҳдан ўзгани илоҳ деб дуо этсак, ҳақиқатдан узоқ гапни айтган бўламиз».
Шунингдек, йигитлар бу масалада қавмлари тутган йўл нотўғри эканини ҳам баён қилмоқдалар:
«Мана бу қавмимиз Ундан ўзга илоҳлар тутдилар».
Ёлғиз Аллоҳга иймон келтириб, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилмасдан, Ундан бошқа нарсаларни ибодатга сазовор деб ишондилар ва уларга сиғиндилар.
«Уларга равшан ҳужжат келтира олармиканлар?!»
Ўзлари худо деб билаётган ўша нарсаларнинг ҳақиқий худо эканига равшан бир ҳужжат келтира олармиканлар?! Ақийда ва ибодат масаласи шуни тақозо қилади. Ҳужжат-далилсиз, гумон билан бирон нарсага эътиқод ҳам, ибодат ҳам қилиб бўлмайди. Очиқ-ойдин далилсиз бир нарсани худо деб эътиқод қилиш ҳам, унга сиғиниш ҳам Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш ҳисобланади.
«Аллоҳга ёлғон уйдиргандан ҳам золимроқ ким бор?!»
Ҳеч ким йўқ. Ўзини яратган Зотга ёлғон ва туҳмат уйдирган одам энг золим одам бўлади. Йигитларнинг қавмлари ўша энг золимлар туридан экан. Ўт билан сув бир жойга сиғишмагандек, иймон билан ширк ҳам бирга бўла олмайди. Шунинг учун ҳам мўмин йигитлар мушрик қавмларидан узоқлашишга қарор қилиб, бир-бирларига:
16. «Модомики, улардан ва улар ибодат қилаётган Аллоҳдан бошқа нарсадан узоқлашмоқчи бўлсангиз, ғордан паноҳ жой олингиз. Роббингиз сизга Ўз раҳматини таратур ва сизга ишингизда осонлик яратур», – дедилар.
Роббларига иймон келтирган, Робблари ҳидоятларини зиёда қилиб, қалбларини мустаҳкамлаган йигитлар кофирлар билан баҳслашиш бефойдалиги, уларнинг ёмонлигидан фақат қочибгина қутулиш мумкинлигини англаб етгач, иймонлари муҳофазаси учун каҳф – ғорга кириб, беркинишни ўзаро маслаҳат қилдилар. Улар бир-бирларига:
«Модомики, улардан (яъни кофир қавмингиздан) ва улар ибодат қилаётган Аллоҳдан бошқа нарсадан (яъни бут-санамлардан) узоқлашмоқчи бўлсангиз, каҳфдан паноҳ жой олингиз», – дедилар.
Мўмин ёшлар иймонларини саломат сақлаш учун кофирлардан беркинишга келишдилар. Улар мўмин бўлганликлари учун энг қийин дамда ҳам Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмадилар ва бир-бирларига:
«Роббингиз сизга Ўз раҳматини таратур ва сизга ишингизда осонлик яратур», – дедилар.
Ўзлари жуда қийин ҳолга тушганлари, ватанлари, аҳллари ва дўст-ёрларини тарк этиб, ғорга кириб, яширинишга мажбур бўлганларига қарамай, Аллоҳ ишларини ўнглашидан заррача ноумид бўлмадилар. Бу ҳол уларнинг ҳақиқий мўминликларига, ҳақиқатан ҳам Аллоҳ уларнинг ҳидоятини қабул қилиб, қалбларини мустаҳкамлаганига далилдир.
Бадр асҳоблари деб бадр жангида қатнашганларга айтилади. Валлоҳу аълам.