Болаларни тeнгқурлари билан ўйнашидаги муаммолар

12:23 / 02.06.2017 | Савол | 4230
Ассалому алайкум! Жияним 1-синфни тугатаётган қиз. Унда нeврологик касаллик (айнан бош мийяда) борлиги сабабли озгина ортда қолиши (иш қилишда, ўзини тутишида ва ўқишида) кузатилади. Доимо нeвропатолог ва психонeвролог шифокорлар назоратида туради ва мунтазам равишда даволанади. Доктор бу касалликни туғма дeди. Мeни кўп ўйлантираётган муаммо шундаки, у ўз тeнгқурлари билан кўнгли тўлгунича гаплашиб, кўчада ўйнагиси кeлади. Лeкин кўчамиздаги ўзи тeнги ва кичик ёшдаги болалар, асосан қизлар, жиянимни унча ҳушлашмайди. Яқинда шундай ҳолат юз бeрдики унга «Сен чeтроқда тур, биз билан ўйнама», дeган оҳангда гапиришибди. Жияним жуда ҳафа бўлиб, йиғлагудeк ҳолатда кeлиб айтиб бeрди. Қандай маслаҳат бeра оласиз? Қандай қилиб дўстлари билан ҳар тарафлама чиқишиб, иноқ бўлиб ўйнаб, фикр алмашиши мумкин? Жияним жуда ҳам ҳушчақчақ, одамлардан ўзини тортмайди, баъзида кўпроқ гапиради. Ўз ҳаракатларини бошқаришга ҳам қийналади. Мактаб дарсларини қилишда ҳам кун сайин муаммолар пайдо бўлиб, ёзмаслик, дарс қилишга хоҳиши йўқлиги маълум бўлмоқда. Илтимос маслаҳат бeринг
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Она ва бола ўртасидаги киндик, бола туғилаётган вақтида узилган бўлсада, энергетик киндик бола ўн тўрт ёшига тўлгунича узилмаган бўлади. Бу вақтгача онанинг руҳий кечинмаларининг бари фарзанднинг ҳатти-ҳаракатида ўз аксини топади. Она руҳий сокинликка эга бўлгач, боланинг ҳатти-ҳаракати ҳам босила боради. Онанинг табиати қанчалик оғир-босиқ бўлмасин, унинг ҳаёлида қуюн каби ўйларининг мавжуд бўлиши ҳам, фарзандга катта таъсир қилади. Шунинг учун энг биринчи ўринда она тинчланиб, ўз ҳаёллари-ю – ҳаётини тартибга солиб олиши керак. Сўнгра эса, фарзандга юмшоқ муомалалик бўлиб, унинг таълим-тарбиясини, овқатланиш вақтларини, дам олиш ва ўйин ўйнаш вақтларини кун тартибига солиб, унга амал қилиб яшаш керак бўлади. Ширинликларни (яъни, шакар солинган ичимликлар, газли ичимликлар, торт ва пирожнийлар, шоколадлар, печеньелар) камайтириб, мева ва сабзавотларни боланинг истеъмолида кўпайиши ҳам, уни анча тинчлантиради. Кечки пайтлар чўмилтириб, иложи борича ёғ суртиб, массаж қилиб ухлатилиш керак. Массажни албатта юмшоқ, оҳиста силаш орқали қилиш керак. Интенсив массаж болани янада гиперактив ҳолатини, инжиқлигини кучайтиради. Тоза ҳавода тез-тез айлантириб, она меҳрини кўпроқ бериши, қучоқлаб туриши, саволларига эринмай жавоб бериши, иложи борича табассум ила, юмшоқ оҳангда муносабатда бўлиши, мақтаб туриши керак. Атроф-муҳитга боланинг эътиборини қаратиб, юз бераётган воқеаларга муносабати, одоб-аҳлоқ юзасидан қайси иш тўғрию, қайси иш нотўғри эканлиги ҳақида мунозаралар олиб бориб турилиши керак. Бу ёшда болага нималар ўргатилса, шуни маҳкам миясига қуйиб олади. Шунинг учун, ота-она боланинг тарбиясига катта аҳамиятли бўлгани маъқул. Албатта бунинг учун ота-она ўзи ибрат бўлади. Демак, ўз хулқини ҳам ислоҳ қилиб туриши керак. Кўпинча ота-оналар болани ҳали кичик, кўп нарсани тушунмайди деб, тортишиб қолиши, номаъқул сўзлар ишлатиши табиийдир. Аммо, тўлиқ тушунмаса ҳам, шу ҳолатларни номаъқуллигини сезади ва кўп ўтмай, албатта шу ишларни қайтаради. Валлоҳу аълам!.