Салавот

18:14 / 29.07.2017 | Moh | 5587
Ассалому алайкум! Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га салавот айтсам “Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад” дердим. Бундан бошқа салавотлар "Алайҳиссалом” ёки “Соллаллоҳу алайҳи васаллам” дейиш ҳам мумкин экан. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га салавот айтиш деганда айнан қайси калима тушунилади?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
.Ва алайкум ассалом
НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМГА САЛОВОТ

Аллоҳ таоло:
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон ‎‎келтирганлар! (Сиз ҳам) унга саловот айтинг ва салом йўлланг», деган («Аҳзоб» сураси, 56-оят).
Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, ҳатто Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши таъкидланмоқда. Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, «дуо» маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади.
Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.
Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари у зоти бобаракотнинг ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.
Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари эса улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.
Демак, Аллоҳ таоло доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан.
Фаришталар ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб дуо қилиб туришар экан.
Ояти каримада таъкидли хабардан кейин мўминларга:
«Эй иймон келтирганлар! (Сиз ҳам) унга саловот айтинг ва салом юборинг», деб амр қилинмоқда.
Бу амрга биноан, ҳар бир мўмин учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз «Умр давомида бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ҳар зикр қилинганида бир марта саловот айтиш керак», деганлар.
Амалда эса охиргиси – ҳар доим номлари зикр қилинганида саловот айтиш урф бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни амр қилган экан, бу саловот қандай қилиб айтилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Жумладан, ушбу оят нозил бўлганидан кейиноқ саҳобаи киромларда худди шу савол пайдо бўлган.
Баъзи кишиларда «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи саловот айтиб турса, Унинг фаришталари саловот айтиб турса, мўминларнинг саловотига нима ҳожат бор?» деган савол пайдо бўлиши ҳам мумкин.
Бу муҳтамал саволга жавоб шу: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларнинг саловотларига эҳтиёжлари йўқ. Балки мўминлар у зотга саловот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу саловотлари ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида саловот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа, кўп», деганларини эшитдим».
Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади.
Имом Шофеъий:
«Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар.
Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз: «Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз?!» дедик.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чунки ҳузуримга фаришта келиб, «Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтур: «Ким сенга саловот айтса, албатта, Мен унга ўн марта саловот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар.
Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Асрлар давомида мусулмонлар ушбу оятга ва ҳадисларга чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмоқдалар. У зоти бобаракотнинг номи шарифлари зикр этилиши билан саловот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор.
Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинганда у зотга саловот айтмаслик мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда:
«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир», деганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр этилганида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмаслик ниҳоятда ёмон ишдир.
4681- عَنْ أَبِي حُمَيْدٍ السَّاعِدِيِّ  أَنَّهُمْ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، كَيْفَ نُصَلِّي عَلَيْكَ؟ قَالَ: قُولُوا: اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَأَزْوَاجِهِ وَذُرِّيَّتِهِ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، وَبَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَأَزْوَاجِهِ وَذُرِّيَّتِهِ كَمَا بَارَكْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.
4681. Абу Ҳумайд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Баъзи одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга қандай саловот айтамиз?» дедилар.
У зот:
«Аллоҳумма! солли ъала Муҳаммадин ва азвожиҳи ва зурриятиҳи, кама соллайта ъалаа оли Иброҳийм. Аллоҳумма! барик ъалаа Муҳаммадин ва азвожиҳи ва зурриятиҳи, кама барокта ъалаа оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд», деб айт», дедилар.
Учовлари ривоят қилганлар.
Саловатнинг маъноси: «Аллоҳим! Муҳаммадни, унинг завжаларини ва зурриётларини худди оли Иброҳимни ёрлақаганингдек ёрлақагин. Муҳаммадни, унинг завжаларини ва зурриётларини худди оли Иброҳимни баракотли қилганингдек баракотли қилгин. Албатта, Сен Ҳамийдсан, Мажийдсан».
4682- عَنْ عَبْدِ الرَّحْمنِ بْنِ أَبِي لَيْلَى  قَالَ: لَقِيَنِي كَعْبُ بْنُ عُجْرَةَ فَقَالَ: أَلَا أُهْدِي لَكَ هَدِيَّةً، إِنَّ النَّبِيَّ  خَرَجَ عَلَيْنَا فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ، قَدْ علِمْنَا كَيْفَ نُسَلِّمُ عَلَيْكَ فَكَيْفَ نُصَلِّي عَلَيْكَ؟ قَالَ: قُولُوا اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ، اللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا بَارَكْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.
4682. Абдурроҳман ибн Абу Лайла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Каъб ибн Ужра мени учратиб қолиб:
«Сенга бир совға берайми? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқдилар. Биз у зотга «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку, биламиз, аммо сизга қандай саловот айтамиз?» дедик.
«Аллоҳумма! Солли ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин, кама соллайта ъала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд. Аллоҳумма! Барик ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин, кама барокта ъала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд», деб айтинглар», деди».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Саловатнинг маъноси: «Аллоҳим! Муҳаммадни ва оли Муҳаммадни худди оли Иброҳимни ёрлақаганингдек ёрлақагин. Албатта, Сен Ҳамийдсан, Мажийдсан. Муҳаммадни ва оли Муҳаммадни худди оли Иброҳимни баракотли қилганингдек баракотли қилгин. Албатта, Сен Ҳамийдсан, Мажийдсан».
4683- وَلِلْبُخَارِيِّ فِي بَدْءِ الخَلْقِ: اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إبْرَاهِيْمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ، اللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيْمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ.
4683. Бухорийнинг «Яратилишнинг бошланиши»даги ривоятида:
«Аллоҳумма! Солли ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин, кама соллайта ъала Иброҳийма ва ъала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд. Аллоҳумма! Барик ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин, кама барокта ъала Иброҳийма ва ъала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд», дейилган.
Шарҳ: Намозларда ўқиш учун айнан имом Бухорийнинг ривоятларида келган саловот олинган. Бошқа ҳадисларда ҳам бир оз фарқли сийғалар келган. Шундан кўриниб турибдики, бир хил сийғада саловот айтиш шарт эмас. Турли сийғада айтса ҳам бўлаверади. Энг муҳими, айтиш керак.
4684- عَنْ أَبِي سَعِيْدٍ  قَالَ: قُلْنَا يَا رَسُولَ اللهِ، هَذَا السَّلَامُ عَلَيْكَ، فَكَيْفَ نَصَلِّي عَلَيْكَ؟ قَالَ: قُولُوا اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ عَبْدِكَ وَرَسُولِكَ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ، وَبَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيْمَ وَآلِ إِبْرَاهِيمَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
4684. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку, биламиз, аммо сизга қандай саловот айтамиз?» дедик.
«Аллоҳумма! Солли ъала Муҳаммадин абдика ва расулика, кама соллайта ъала Иброҳийма ва барик ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин, кама барокта ъала Иброҳийма ва оли Иброҳийм», денглар», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Саловатнинг маъноси: «Аллоҳим! Қулинг ва Расулинг Муҳаммадни худди Иброҳимни ёрлақаганингдек ёрлақагин. Муҳаммадни ва оли Муҳаммадни худди Иброҳимни ва оли Иброҳимни баракотли қилганингдек баракотли қилгин».
4685- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: مَنْ سَرَّهُ أَنْ يَكْتَالَ بِالْمِكْيَالِ الْأَوْفَى إِذَا صَلَّى عَلَيْنَا أَهْلَ الْبَيْتِ فَلْيَقُلِ اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ النَّبِيِّ وَأَزْوَاجِهِ أُمَّهَاتِ الْمُؤْمِنِينَ وَذُرِّيَّتِهِ وَأَهْلِ بَيْتِهِ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.
4685. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бизга, аҳли байтга саловот айтганда унга тўлиқ ўлчов ила ўлчаб берилишидан масрур бўлса, «Аллоҳумма! солли ъала Муҳаммадинин-набиййи ва азвожиҳи уммуҳотил мўминийн ва зурриятиҳи ва аҳли байтиҳи. Кама соллайта ъала оли Иброҳийма. Иннака ҳамийдум-мажийд», десин», дедилар».
Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилганлар.
Саловатнинг маъноси: «Аллоҳим! Набий Муҳаммадни, мўминларнинг оналарини – у зотнинг завжаларини, зурриётини ва аҳли байтини худди оли Иброҳимни ёрлақаганингдек ёрлақагин. Албатта, Сен Ҳамийдсан, Мажийдсан».
4686- وَعَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ  قَالَ: مَنْ صَلَّى عَلَيَّ وَاحِدَةً صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ عَشْرًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
4686. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловот айтади», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар.
4687- عَنْ حُسَيْنِ بْنِ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ  قَالَ: الْبَخِيلُ الَّذِي مَنْ ذُكِرْتُ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيَّ.
4687. Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир», дедилар».
4688- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: رَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ ذُكِرْتُ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيَّ، وَرَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ دَخَلَ عَلَيْهِ رَمَضَانُ ثُمَّ انْسَلَخَ قَبْلَ أَنْ يُغْفَرَ لَهُ، وَرَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ أَدْرَكَ عِنْدَهُ أَبَوَاهُ الْكِبَرَ فَلَمْ يُدْخِلَاهُ الْجَنَّةَ.
4688. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен олдида зикр қилинганимда менга саловот айтмаган одамнинг бурни ерга ишқалсин. Рамазон кириб, мағфират қилинишидан аввал чиқиб кетган одамнинг бурни ерга ишқалсин. Ота-онаси кексайиб қолган, лекин уни жаннатга киритмаган одамнинг бурни ерга ишқалсин», дедилар».
4689- عَنْ أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ  قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ  إِذَا ذَهَبَ ثُلُثَا اللَّيْلِ قَامَ فَقَالَ: يَا أَيُّهَا النَّاسُ، اذْكُرُوا اللهَ، اذْكُرُوا اللهَ، جَاءَتِ الرَّاجِفَةُ تَتْبَعُهَا الرَّادِفَةُ، جَاءَ الْمَوْتُ بِمَا فِيهِ، جَاءَ الْمَوْتُ بِمَا فِيهِ. قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي أُكْثِرُ الصَّلَاةَ عَلَيْكَ، فَكَمْ أَجْعَلُ لَكَ مِنْ صَلَاتِي؟ قَالَ: مَا شِئْتَ. قُلْتُ: الرُّبُعَ؟ قَالَ: مَا شِئْتَ، فَإِنْ زِدْتَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكَ. قُلْتُ: النِّصْفَ؟ قَالَ: مَا شِئْتَ، فَإِنْ زِدْتَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكَ. قُلْتُ: فَالثُّلُثَيْنِ؟ قَالَ: مَا شِئْتَ، فَإِنْ زِدْتَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكَ. قُلْتُ: أَجْعَلُ لَكَ صَلَاتِي كُلَّهَا؟ قَالَ: إِذًا تُكْفَى هَمَّكَ وَيُغْفَرُ لَكَ ذَنْبُكَ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ التِّرْمِذِيُّ.

4689. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Кечанинг учдан иккиси кетганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб:
«Эй одамлар! Аллоҳни зикр қилинглар! Аллоҳни зикр қилинглар! Рожифа (биринчи пуфлаш) келди. Унинг ортидан родифа (иккинчи пуфлаш) келадир. Ўлим ўз нарсалари билан келди. Ўлим ўз нарсалари билан келди», дер эдилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен сизга саловотни кўп айтаман. Саловотларимнинг қанчасини сизга атай?» дедим.
«Ўзинг истаганингчани», дедилар.
«Тўртдан бириними?» дедим.
«Ўзинг истаганингчани. Агар зиёда қилсанг, ўзингга яхши бўлади», дедилар.
«Ярминими?» дедим.
«Ўзинг истаганингчани. Агар зиёда қилсанг, ўзингга яхши бўлади», дедилар.
«Учдан иккисиними?» дедим.
«Ўзинг истаганингчани. Агар зиёда қилсанг, ўзингга яхши бўлади», дедилар.
«Саловотимнинг ҳаммасини сизга атайман», дедим.
«Ундай бўлса, ғамингдан қутуласан ва гуноҳларинг мағфират қилинади», дедилар».
Учовини Термизий ривоят қилган.
4690- عَنْ عَبْدِ اللهِ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: أَوْلَى النَّاسِ بِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَكْثَرُهُمْ عَلَيَّ صَلَاةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ حِبَّانَ بِسَنَدٍ صَحِيحٍ.
4690. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни менга энг яқин кишилар менга кўп саловот айтганлардир», дедилар».
Термизий ва Ибн Ҳиббон саҳиҳ санад ила ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ саловот айтишга ҳаракат қилайлик.

ХУЛОСАЛАР

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом айтиш Аллоҳ таолонинг амри ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарғиблари бўлгани учун мусулмонлар бу ишга доимий равишда мислсиз эътибор билан ёндошганлар. Барча ҳадис ва тасаввуф китобларида бу мавзуга алоҳида боблар бағишланган. Бу мавзуга бағишланган бутун бошли китоблар ҳам жуда кўп. Мазкур боб ва китобларда келган маълумотлардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қилишга ижозат бергайсиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиладиган ҳол ва жойлар
1. Намознинг биринчи ташаҳҳудида.
2. Намознинг охирги ташаҳҳудида.
3. Жаноза намозининг иккинчи такбиридан кейин.
4. Ийд, Жумъа намозлари хутбасида ва бошқа хутбаларда.
5. Муаззиннинг азонига жавоб бераётганда.
6. Иқомага жавоб берилаётганда.
7. Дуо пайтида.
8. Масжидга кираётганда ва чиқаётганда.
9. Сафо ва Марвада.
10. Одамлар тўпланганда ва тарқалганда.
11. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр қилинганда.
12. Лаббайка тамомланганда.
13. Ҳажарул Асвадни истилом – қўл билан ушлаб ёки узоқдан ишора қилиб ўпганда.
14. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида.
15. Бозорга ёки бирор жойга чиққанда.
16. Кечасидаги уйқудан турганда.
17. Қуръони Каримни хатм қилгандан кейин.
18. Жумъа куни.
19. Мажлисдан турганда.
20. Масжидларни кўрганда ва уларнинг олдидан ўтганда.
21. Ғам-ғуссага ботганда.
22. Бошга мушкул иш тушганда.
23. Мағфират сўралганда.
24. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ёзилганда.
25. Одамларга илм етказилганда.
26. Наҳорнинг аввали ва охирида.
27. Гуноҳдан кейин каффорот исталганда.
28. Фақирлик ва ҳожатмандликка тушганда ёки уларнинг хафви бўлганда.
29. Совчилик қилинганда.
30. Акса урганда.
31. Таҳорат қилиб бўлганда.
32. Манзилга кираётганда.
33. Аллоҳнинг зикрига жамланиладиган жойларда.
34. Унутган нарсасини эсламоқчи бўлганда.
35. Ҳожатмандлик ориз бўлганда.
36. Қулоқ шанғиллаганда.
37. Намозлардан кейин.
38. Сўйиш сўйганда.
39. Садақага моли йўқ одам саловат айтса, садақа бўлади.
40. Уйқудан олдин.
41. Аҳамиятли гапни бошлашдан олдин.
42. Ийд намози жараёнида.
43. Таяммум ва ғуслдан кейин.
44. Тонг отгандан ва кун ботгандан кейин.
45. Тонгги намозга турганда.
46. Таҳажжуд намозини ўқиб бўлганда.
47. Мактуб ёзганда ва бошқалар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишнинг фойда ва самаралари:
1. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш.
2. Аллоҳ таолонинг саловотига мувофиқ иш қилиш.
3. Фаришталарнинг саловотига мувофиқ иш қилиш.
4. Бир саловот учун Аллоҳ таолодан ўн саловот олиш.
5. Бир саловот учун ўн даража кўтарилиш.
6. Бир саловот учун ўн ҳасанот ёзилиши.
7. Бир саловот учун ўн гуноҳнинг ўчирилиши.
8. Дуонинг қабул бўлиши.
9. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлиш.
10. Гуноҳларнинг мағфират қилиниши.
11. Ғам-ғуссадан фориғ бўлиш.
12. Қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлиш.
13. Саловот камбағал учун садақа ўрнига ўтиши.
14. Ҳожатларнинг раво бўлиши.
15. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтган одамга Аллоҳ таоло ва Унинг малоикалари саловот айтадилар.
16. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтувчи покланади.
17. Саловот айтиш бандага жаннат башоратини беради.
18. Қиёмат кунининг даҳшатларидан нажот беради.
19. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саловот айтувчига жавоб берадилар.
20. Бандага унутган нарсасини эслатади.
21. Мажлисни поклашга сабаб бўлади.
22. Саловот фақирликни кетказади.
23. Саловот бандадан бахиллик сифатини кетказади.
24. Саловот дуои баддан қутулишга сабаб бўлади.
25. Саловот ўз эгасини жаннат йўлига элтади.
26. У ўз эгасини мажлис нохушлигидан сақлайди.
27. Ҳамду сано билан бошланган дуони тамомлайди.
28. Банданинг сиротдаги нурини тўлиқ қилади.
29. Банда у билан жафодан чиқади.
30. Саловот баракага сабаб бўлади.
31. У бандани Аллоҳ таолонинг раҳматига эриштиради.
32. Саловот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг бардавомлиги сабабчисидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишнинг ҳукмлари:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга умр давомида бир марта саловот айтиш фарздир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намознинг охирги ташаҳҳудида саловот айтиш суннатдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга намоздан ташқарида барча вақтларда саловот айтиш мустаҳабдир.
Уламолар барча анбиёларга саловот айтиш жоизлигини таъкидлаганлар.
Пайғамбарлардан бошқалар ўзларига саловот айтишлари жоиз эмас.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб туриб, ортидан у зотнинг оли, асҳоблари ва атбоъларига айтиш мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг энг мукаммал ва батамом саловотлари бўлсин!.