Ассалому алайкум! 12 ёш ўғлим дудуқланаяпти. Нима қилиш керак?
Шифокор:
.Ассаламу алайкум. Дудуқланиш, унинг сабаблари ва уни бартараф этиш йўллари ҳақида шифокор маслаҳати бўлимида сизнинг ҳолатингизга ўхшаш ҳолат билан мурожаат қилган мухлисга жавоб берилганлигига диққатингизни қаратмоқчиман.
Шуларга қўшимча қилиб айтишим мумкинки, бу ёш ўсмирлик ёши бўлиб организмда балоғатга етишнинг ўзига хос қийинчиликлари, муаммоларига бой ҳисобланади. Бу ёшда ўсмирлар организмида гормонал ўзгаришлар рўй беради, улар тажанг, тез аччиқланувчан , серзарда ва ҳиссиётларга берилувчан бўлиб қоладилар. Шунинг учун бу ёшдаги дудуқланиш одати бор ўсмирни даволашда 4 хил омилни эътиборга олиб даволаш ишларини олиб борилсагина даво самара бериши мумкин:
1. Ўсмирнинг умумий соғлиғини ва нерв системасини даволаш лозим.
2. Психотерапиядан фойдаланиш зарур.
3. Нутқий кўникмаларни ривожлантирувчи машғулотларни ўтказиш керак, логопед билан бирга ишлаш зарур. Артикуляцияни равонлаштирувчи машқлар билан шуғулланиш керак.
4. Атроф муҳитдаги, оилавий муҳитдаги муносабатларни ижобий бўлишига ҳаракат қилиш зарур, ўсмирни психик жароҳатлардан асрашга ҳаракат қилиш керак. Умуман олиб қараганда, фарзандингиздаги бу нуқсонни йўқотиш учун унинг ўзи , сиз, логопед, психолог ҳамда боланинг мактабдаги ўқитувчилари биргаликда иш олиб бориши талаб қилинади.
Баъзи ғарб мутахассислари дудуқланишни бартараф қилишда ашула тинглаб, қўшиқ айтишни тавсия қилишмоқда ва бу усул самара бераётганини таъкидлашмоқда.
Агар уйингизда Қуръони Карим суралари ёзилган аудиодисклар бўлса, уни фарзандингизга қўйиб беришингиз ва у ўзи билган сураларни қорилар ортидан такрорлаб ўқиши мумкин агар ихтиёр қилса албатта. Оддий қўшиқларнинг даволанишга нафи бўлар экан, Аллоҳнинг каломини қандай ҳам нафи бўлмасин. Ҳаётда дудуқланиб гапирувчи баъзиларнинг тиловат қилиш асносида дудуқланмаганлигини эшитганлар бўлса керак. ЎЗИ шифо берсин