Бомдод намози

18:56 / 17.08.2017 | Moh | 6277

Ассалому алайкум! Ҳурматли устоз! Бомдод намозини унинг вақти киргач тезда ўқиб олган маъқулми? Ёки атроф қоронғу, осмон эса бироз оқариб қолган, ғира-шира вақтда ҳам ўқиш мумкинми? Мен бомдодни вақти кирган заҳоти ўқийман, баъзида уҳлаб қолсам, бомдод вақти кирганига 30 дақиқа бўлган бўлса энди кеч бўлди деб ўқимайман. Кундузи қазосини ўқийман. Бомдоднинг вақти у кирган дақиқадан неча дақиқа ўтгунча белгиланган? Жавобингиз учун катта раҳмат!

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

НАМОЗНИНГ ВАҚТЛАРИ

Бунда қайси намознинг қай вақтда ўқилиши, беш вақт фарз намозларнинг ҳар бирининг аввалги ва охирги вақтлари, қай вақтда намоз ўқимоқ жоиз эмас, қай вақтда макруҳ бўлади, каби масалалар муолажа қилинади. وَقْتُ الصُّبْحِ مِنَ الْفَجْرِ الْمُعْتَرِضِ فِي اْلأُفُقِ إِلَى الطُّلُوعِ. وَالظُّهْرِ مِنَ الزَّوَالِ إِلَى بُلُوغِ ظِلِّ كُلِّ شَيْءٍ مِثْلَيْهِ، سِوَى فَيْءِ الزَّوَالِ، وَفِي رِوَايَةٍ: مِثْلُهُ. وَالْعَصْرِ مِنْهُ إِلَى الْغُرُوبِ. وَالْمَغْرِبِ مِنْهُ إِلَى غَيْبَةِ الشَّفَقِ: هُوَ الْحُمْرَةُ، وَبِهِ يُفْتَى. وَالْعِشَاءِ مِنْهُ، وَالْوِتْرِ بَعْدَهُ إِلَى الْفَجْرِ لَهُمَا. Бомдоднинг вақти уфқда кўндаланг бўлган фажрдан бошлаб то қуёш чиққунчадир. Пешиннинг вақти ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунча. Завол пайтидаги соядан бошқа. Бир ривоятда бир баробар дейилган. Асрнинг вақти ўшандан қуёш ботгунча. Шомники ундан то шафақ ғойиб бўлгунча. У қизғишликдир ва бунга фатво берилгандир. Хуфтон ва ундан кейин Витр мазкур вақтдан то фажргачадир. Иккисига бир хил. (الأَوْقَاتُ الْمُسْتَحَبَّةِ) وَيُسْتَحَبُّ لِلْفَجْرِ الْبَدَاءَةُ مُسْفِرًا، بِحَيْثُ يُمْكِنُهُ تَرْتِيلُ أَرْبَعِينَ آيَةً، ثُمَّ اْلإِعَادَةُ إِنْ ظَهَرَ فَسَادُ وُضُوئِهِ. وَيُسْتَحَبُّ تَأْخِِيرُ ظُهْرِ الصَّيْفِ وَتَأْخِيرُ الْعَصْرِ مَا لَمْ تَتَغَيَّرْ، وَالْعِشَاءِ إِلَى ثُلُثِ اللَّيْلِ. وَالْوِتْرِ إِلَى آخِرِهِ، لِمَنْ يَثِقُ بِالاِنْتِبَاهِ. وَتَعْجِيلُ ظُهْرِ الشِّتَاءِ وَالْمَغْرِبِ. وَيَوْمُ غَيْمٍ يُعَجَّلُ الْعَصْرُ وَالْعِشَاءُ وَيُؤَخَّرُ غَيْرُهُمَا. МУСТАҲАБ ВАҚТЛАР Фажрни оқарганда бошлаш мустаҳабдир. Токи, қирқ оятни тартийл қилишга ва тоҳарати йўқлиги зоҳир бўлиб қолса, яна қайтаришга имкон бўлсин. Ёзда Пешинни кечга суриш мустаҳабдир. Асрни ҳам, модомики, қуёш ўзгармаса. Шунингдек, Хуфтонни кечанинг учдан биригача ва уйғонишга ишончлилар учун Витрни охиригача. Қишда Пешин ва Шомни эрта ўқилади. Булутли кунда Аср ва Хуфтонни эрта ўқилади. Иккисидан бошқани кеч ўқилади. (الأَوْقَاتُ الْمَكْرُوهَةُ) وَلاَ يَجُوزُ صَلاَةٌ، وَسَجْدَةُ تِِلاَوَةٍ، وَصَلاَةُ جِنَازةٍ عِنْدَ طُلُوعِهَا وَقِيَامِهَا وَغُرُوبِهَا، إِلاَّ عَصْرَ يَوْمِهِ. وَتُكْرَهُ إِذَا خَرَجَ اْلإِمَامُ لِلْخُطْبَةِ. وَيُكْرَهُ النَّفْلُ فَقَطْ بَعْدَ الصُّبْحِ إِلاَّ سُنَّتَهُ، وَبَعْدَ أَدَاءِ الْعَصْرِ إِلَى أَدَاءِ الْمَغْرِبِ. وَمَنْ هُوَ أَهْلُ فَرْضٍ فِي آخِرِ وَقْتِهِ، يَقْضِيهِ فَقَطْ، لاَ مَنْ حَاضَتْ فِيهِ. МАКРУҲ ВАҚТЛАР 1. Бомдоднинг вақти уфқда кўндаланг бўлган фажрдан бошлаб то қуёш чиққунчадир. Тонг отиб янги кун бошланиши билан биринчи фарз бўладиган намоз Бомдод бўлгани учун, гап айни шу намознинг вақтини баён қилишдан бошланди. Бу жумладаги «уфқда кўндаланг бўлган фажр»дан мурод субҳи содиқдир. Бундан олдин узунасига, бўрининг думига ўхшаб кўринадиган субҳи козиб ҳақиқий фажр эмаслигини шундан билиб оламиз. عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدُبٍ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: لاَ يَغُرَّنَّكُمْ مِنْ سَحُورِكُمْ أَذَانُ بِلاَلٍ وَلاَ بَيَاضُ اْلأُفُقِ الْمُسْتَطِيلُ هَكَذَا حَتَّى يَسْتَطِيرَ هَكَذَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ. وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ: لاَ يَمْنَعَنَّكُمْ مِنْ سُحُورِكُمْ أَذَانُ بِلاَلٍ وَلاَ الْفَجْرُ الْمُسْتَطِيلُ وَلَكِنِ الْفَجْرُ الْمُسْتَطِيرُ فِي اْلأُفُقِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيُّ. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарликларингиздан Билолнинг азони ҳам, уфқда бундоқ бўлиб кўтарилган оқлик ҳам сизни алдаб қўймасин. Токи, мана бундоқ бўлиб ёйилгунча (бўлаверади)», – дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Термизийнинг лафзида: «Саҳарликларингиздан сизни Билолнинг азони ҳам, баландга кўтарилган фажр ҳам манъ қилмасин. Лекин уфқга ёйилган фажр бўлса (бўлади)», дейилган. Тонг отиш пайти икки босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқичда ёруғлик пастдан юқорига кўтарилади, буни «субҳи козиб» ёки «фажри козиб» дейилади. Яъни, «ёлғончи тонг» дегани. Ушбу ҳадиси шариф ҳукмига кўра ўша субҳи козиб вақтида саҳарлик вақти тугамаган бўлади. Иккинчи босқич эса, ёруғликнинг уфқ бўйлаб кўндалангига тарқалиши билан бўлади. Буни «субҳи содиқ» ёки «фажри содиқ», яъни, «рост тонг», дейилади. Ана шунда оғизни беркитиш вақти кирган бўлади. Ундан кейин саҳарлик қилиш мумкин эмас. Чунки, Бомдод намозининг вақти кирган бўлади. Бомдод намозининг охирги вақти қачонлигига далил: Аллоҳ таоло «Тоҳа» сурасида: «Роббингга қуёш чиқишидан олдин тасбиҳ ва ҳамд айт», деган (130-оят). عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ أَنَّهُ قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ  عَنْ وَقْتِ الصَّلَوَاتِ فَقَالَ: وَقْتُ صَلاَةِ الْفَجْرِ مَا لَمْ يَطْلُعْ قَرْنُ الشَّمْسِ اْلأَوَّلُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти ҳақида сўралди. Бас, у зот: «Бомдод намозининг вақти қуёшнинг аввалги шохи чиқмагунча…», – дедилар. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Фажрни оқарганда бошлаш мустаҳабдир. Токи, қирқ оятни тартийл қилишга ва тоҳарати йўқлиги зоҳир бўлиб қолса, яна қайтаришга имкон бўлсин. Яъни, Бомдод намозини ўқишни тонг оқариб қолганда бошлаш мустаҳабдир. Бу вақтни шундай тартибга солиш керакки, намозни ният қилиб зам сурага қирқ оятни шошилмай тартийл билан ўқиб бўлгандан кейин ҳам тоҳаратсиз одам тоҳарат қилиб келиб, намозни янгитдан бошлаб яна қирқ оятни тартийл қилиб намозини тугатгунча қуёш чиқмайдиган бўлиши лозим. عَنْ رَافِعِ بْنِ خَدِيجٍ عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: أَسْفِرُوا بِالْفَجْرِ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ. Рофеъ ибн Хадийж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бомдодни тонг оқарганда ўқинглар», – дедилар». Имом Насаий ривоят қилган. عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ  قَالَ: شَهِدَ عِنْدِي رِجَالٌ مَرْضِيُّونَ وَأَرْضَاهُمْ عِنْدِي عُمَرُ أَنَّ النَّبِيَّ  نَهَى عَنِ الصَّلاَةِ بَعْدَ الصُّبْحِ حَتَّى تَشْرُقَ الشَّمْسُ وَبَعْدَ الْعَصْرِ حَتَّى تَغْرُبَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши: «Менга энг рози бўлинган кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг рози бўлингани Умардир: «Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча ва Асрдан кейин (қуёш) ботгунча намоз ўқишдан қайтарганлар». Бешовлари ривоят қилишган. Бу икки вақтда нафл намоз ўқиш макруҳдир. Тиловат саждаси, жаноза намози ва қазо намоз ўқиса, жоиз. Уламоларимиз мазкур далиллар ва улардан бошқа ҳужжатлару қоидаларни ишга солиб, намоз ўқиш ҳаром ёки макруҳ бўлган вақтларни тартибли равишда баён қилиб берганлар. Ҳанафий мазҳаби бўйича, қуйидаги вақтларда барча намозларни ўқиш ҳаром: 1. Қуёш чиқаётган пайтда. 2. Қуёш қиёмга келган вақтда. (Жумъа куни мустасно.) 3. Қуёш ботаётган пайтда. (Ўша куннинг Асри мустасно.) Қуйидаги вақтларда нафл ўқиш ҳаром: 4. Бомдод намози фарзини ўқигандан то қуёш найза бўйи кўтарилгунча. 5. Аср намози фарзини ўқигандан то қуёш ботгунча. Ҳанафий мазҳаби бўйича, қуйидаги вақтларда ҳам нафл намозлари ўқиш макруҳдир: 6. Тонг отгандан сўнг Бомдоднинг суннатидан бошқа намозларни ўқиш. Бунинг далили: عَنِ ابْنِ عُمَرَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ  قَالَ: بَعْدَ طُلُوعِ الْفَجْرِ إِلاَّ رَكْعَتَيِ الْفَجْرِ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ. Ибн Умардан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фажрдан кейин Бомдоднинг икки ракъат суннатидан бошқа намоз йўқ» – дедилар». Тобароний ривоят қилган. 7. Шом намозидан олдин нафл ўқиш. Чунки, Шом намозини тез ўқишга амрлар бор. Ундан олдин нафл ўқиш Шомни кечиктириш бўлади. 8. Жумъа, ийд, ҳаж, никоҳ, кусуф, хусуф ва истисқо хутбалари бўлиб турган вақтда. Бу вақт имом минбарга чиққандан то намозни ўқиб бўлгунча давом этади. 9. Ийд намозидан олдин ва кейин. 10. Фарз намозга иқома айтилганда. Фақат Бомдоднинг суннатини тезда, фарзга улгуриш шарти билан, ўқиб олса, рухсат. Валлоҳу аълам