Қуръон ва намоз ўқиш

10:26 / 16.09.2017 | Nasiba Hadicha | 1176
Ассалому алайкум! Ассаламу алайкум! 1. Мен яқинда тухумдондан операция бўлдим. Ярам йиринг олмаслиги учун таҳорат қилолмадим. Мен шу аҳволимда таяммум қилиб, Қуръон ўқишим, уни ёдлашим мумкинми?

2. Операция бўлганим сабабли кўп эгилолмайман, ярам ҳали янги. Намоз ўқишни енгиллатиб ўтириб ўқишим мумкинми? Агар мумкин бўлса, унинг қандай, қай ҳолда адо этилишини, рукуъ ва саждаларда менга қулайроқ бўладиган йўлини ўргатсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! 1. Таҳорат олиш соғлиққа зарар келтирадиган бўлганида, ўрнига таяммум қилиш жоиз.

2. Соғлиғингиз кўтармаса ёки зарардан қўрқсангиз, ўтириб ўқийсиз. Рукуъ ва саждага имконингиз борича эгиласиз. Саждага рукуъдан кўпроқ эгиласиз.

БЕМОРНИНГ НАМОЗИ ҲАҚИДАГИ ФАСЛ
Намозда ундан аввал ёки асносида пайдо бўлган беморлик сабабли тик туриш узрли бўлиб қолса, ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб ўқийди.
Агар рукуъ ва сажда
ҳамда қиём узрли бўлиб қолса, имо қилади. Тик туриб имо қилмайди. Ўтириб имо қилиш маҳбубдир. Саждасини рукуъидан пастроқ қилади. Сажда қилиш учун бирор нарсани кўтармайди.
Агар ўтиришга ҳам қодир бўлмаса, қиблага юзланган ҳолда, ёнбошлаб ёки чалқанча тушиб ўқийди. Чалқанча ҳол яхшироқдир. Имо бош билан бўлади. Агар бош билан имо қилиш ҳам узрли бўлса, кечга суради.
Имо қилаётган намоз ичида тузалиб қолса, намозни янгитдан ўқийди.
Ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда ила намоз ўқиётган одам намоз ичида тузалиб қолса, тик турган ҳолда давом эттиради.
Юриб бораётган кемада узрсиз ўтириб намоз ўқиса, тўғри бўлади. Боғланган кемада тўғри бўлмайди. Илло, узр бўлса, тўғри бўлади.
Бир кечаю бир кундуз жинни бўлган ёки ҳушидан кетган одам ўтган намозларни қазо қилади. Агар бир соат зиёда бўлса ҳам, қазо қилмайди.
Аллоҳ таоло бандаларни тоқатларидан ташқари амалларга буюрмайди. Уларнинг ҳолатларини эътиборга олади. Бемор бўлиб қолган кишининг беморлиги ҳисобга олинади. Намоз ўта аҳамиятли ибодат. Уни вақтинчалик бўлса ҳам тарк қилиб бўлмайди. Агар шундоқ қилинса, банда намоздан узоқлашиб қолади. Намоздан узоқлашиш эса, Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқлашишдир. Айниқса, бемор банда Аллоҳ таолога ёлвориши, Унинг раҳматидан умидвор бўлиши матлубдир.
Шунинг учун, бемор киши ҳам имкони борича намозини ўқийверади. Бу ҳам Исломнинг енгиллик дийни эканининг ёрқин далилидир. Келаси сатрларда ушбу масалани батафсил ўрганишга ҳаракат қиламиз.
Намозда ундан аввал ёки асносида пайдо бўлган беморлик сабабли тик туриш узрли бўлиб қолса, ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб ўқийди.
Агар беморлик туфайли тик туриб намоз ўқиш имкони бўлмаса ёки тик турса беморлиги зиёда бўлиш хавфи бўлса, тузалиши орқага сурилса, тик турганда шиддатли алам бўлса ёхуд боши айланса, ўтириб рукуъ ва сажда қилиб намоз ўқийди.
Бу ҳукмга далил қуйидагича:
عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ t قَالَ: كَانَتْ بِي بَوَاسِيرُ فَسَأَلْتُ النَّبِيَّ r عَنِ الصَّلاَةِ فَقَالَ: صَلِّ قَائِمًا فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَقَاعِدًا فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَعَلَى جَنْبٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ مُسْلِمًا.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менинг бавосирим бор эди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим. Ул зот:
«Тик туриб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ўтириб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ёнбошлаб ўқи», – дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Агар рукуъ ва сажда ҳамда қиём узрли бўлиб қолса, ўтиришга қодир бўлса, имо қилади.
Ўрнидан туриб намоз ўқий олмайдиган одам ўтирган ҳолида рукуъ ва сажда қила олмаса, ўтирган ҳолида имо билан намоз ўқийди.
Тик туриб имо қилмайди.
Аммо, рукуъ ва сажда қила олмаса-ю, тик туришга қодир бўлса ҳам, ўтириб имо билан намоз ўқийди.
Ўтириб имо қилиш маҳбубдир.
Ўтирган ҳолда имо билан намоз ўқиш тик туриб имо билан намоз ўқишдан яхшидир. Чунки, ўтирганда ерга яқин бўлади. Имо билан намоз ўқиган одам
Саждасини рукуъидан пастроқ қилади.
Чунки, аслида ҳам сажда рукуъдан паст бўлади.
Сажда қилиш учун бирор нарсани кўтармайди.
رَوَى الْبَزَّارُ وَالْبَيْهَقِيُّ عَنْ جَابِرٍ t وَالطَّبَرَانِيُّ عَنِ ابْنِ عُمَرَ t: أَنَّ النَّبِيَّ r عَادَ مَرِيضًا، فَرَآهُ يُصَلِّي عَلَى وِسَادَةٍ، فَأَخَذَهَا فَرَمَى بِهَا، فَأَخَذَ – أَيِ الْمَرِيضُ- عُودًا لِيُصَلِّي عَلَيْهَ، فَأَخَذَهَا فَرَمَى بِهِ وَقَالَ: صَلِّ عَلَى اْلأَرْضِ إِنِ اسْتَطَعْتَ، وَإِلاَّ فَأَوْمِ إِيمَاءً، وَاجْعَلْ سُجُودَكَ أَخْفَضُ مِنْ رُكُوعِكَ.
Баззор ва Байҳақий Жобир розияллоҳу анҳудан, Тобароний Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир беморни кўргани бордилар. Унинг болиш устига намоз ўқиётганини кўриб, уни олиб отиб юбордилар. У бир чўпни олиб, ўшанга сажда қилмоқчи бўлди. Ул зот уни ҳам олиб отиб юбордилар ва «Агар қодир бўлсанг ерга сажда қил. Бўлмаса, имо қил. Саждангни рукуъингдан пастроқ қил», – дедилар».
Имо билан намоз ўқувчи бир нарсани олиб, бошини унга эгиб сажда қилса дуруст. Аммо бошини эгмасдан ҳалиги нарсани пешонасига олиб бориб тегизса, бўлмайди.
Агар ўтиришга ҳам қодир бўлмаса, қиблага юзланган ҳолда ёнбошлаб ёки чалқанча тушиб ўқийди.
Чалқанча тушганда оёғини қиблага қаратиб б
ир оз кўтариб қўйилади. Шунда қиблага оёғини чўзмаган бўлади. Бошининг остига ёстиқ қўйиб, юзи қиблага қаратилади.
Чалқанча ҳол яхшироқдир.
Шунда имоси Каъбанинг ҳавосига бўлади.
Имо бош билан бўлади.
Қош ёки кўз билан бўлмайди
Агар бош билан имо қилиш ҳам узрли бўлса, кечга суради.
Аммо, намоз соқит бўлмайди. Қодир бўлганда унинг қазосини ўқиб беради. Агар ўша беморликдан тузалмай вафот қилса, афв қилинади. Фидя бериш ҳам лозим бўлмайди.
Имо қилаётган намоз ичида тузалиб қолса, намозни янгитдан ўқийди.
Шунингдек, ёнбошлаб ўқиётган одам ўтиришга қодир бўлиб қолса ҳам, намозни янгитдан бошлайди.
Ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда ила намоз ўқиётган одам намоз ичида тузалиб қолса, тик турган ҳолда давом эттиради.
Юриб бораётган кемада узрсиз ўтириб намоз ўқиса, тўғри бўлади.
Агар кема кичик бўлиб, унда бош айланиши ва турғунсизлик муҳаққақ бўлса. Аммо кемада тик туриб ўқиш имкони бўлса, тик туриб ўқиган афзал.
رَوَى الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْحَاكِمُ: أَنَّ النَّبِيَّ r سُئِلَ كَيْفَ أُصَلِّي فِي السَّفِينَةِ؟ فَقَالَ: صَلِّ قَائِمًا إِلاَّ أَنْ تَخَافَ الْغَرَقَ.
Имом Дора Қутний ва Ҳоким қилган ривоятда айтилишича:
«Набий алайҳиссаломдан, кемада қандоқ қилиб намоз ўқийман, деб сўралди.
«Тик туриб ўқи, илло, ғарқ бўлишдан қўрқсанг»,– дедилар».
Боғланган кемада тўғри бўлмайди.
Яъни, боғланган кемада узрсиз ўтириб намоз ўқиш тўғри эмас. Чунки, одатда боғланган кемада бош айланмайди ва тик туриш қийин бўлмайди.
Илло, узр бўлса, тўғри бўлади.
Яъни, боғланган ҳолда ҳам кема қаттиқ чайқалиб турган бўлса, унда ўтириб намоз ўқиш тўғри бўлади.
Бир кечаю бир кундуз жинни бўлган ёки ҳушидан кетган ўтган намозларни қазо қилади.
Ибн Умар, Аммор ибн Ёсир ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳум ўзларидан кетганларидан кейин ҳушларига келганларида намозни қазо қилиб ўқиганлар.
رَوَى الدَّارَقُطْنِيُّ، عَنْ يَزِيد، مَوْلَى عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ: أَنَّ عَمَّارَ بْنَ يَاسِرٍ أُغْمِيَ عَلَيْهِ فِي الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ وَالْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ، وَأَفَاقَ نِصْفَ اللَّيْلِ فَقَضَاهُنَّ. 
Дора Қутний Аммор ибн Ёсирнинг мавлоси Язиддан ривоят қилади:
«Аммор ибн Ёсир Пешин, Аср, Шом ва Хуфтонда ҳушидан кетиб ётди. Ярим кечада ўзига келди ва ҳаммасини қазо қилди».
Агар бир соат зиёда бўлса ҳам, қазо қилмайди.
Бу ердаги соат олтмиш дақиқани эмас, бир оз муддатни билдиради. Яъни, мазкур икки ҳолат бир кечаю бир кундуздан бир оз ўтиб кетса, намозларнинг қазосини ўқимай қўяверади