Қуръон ҳақида

20:30 / 16.10.2017 | Moh | 1773
Ассалому алайкум!
Қуръоннинг бир нечта сураларини ўқимоқчи бўлдим, аввалини "Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм" " Бисмиллаҳир роҳманийр роҳийм" билан бошладим. Бир сурадан сўнг, иккинчи сурани бошлаганимда фақат "бисмиллаҳ" ни айтиладими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
.ИСТИЪОЗА ВА БАСМАЛА

ИСТИЪОЗА

Истиъоза айтиш – «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм»ни ўқиш.
Маъноси: «Қувилган шайтон ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман».
Қуръон ўқимоқчи бўлган киши тиловатга киришишдан олдин истиъоза айтиши жумҳур уламолар наздида вожибдир. Аллоҳ таоло Наҳл сурасида шундай марҳамат қилади:
ﮋﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤﮊ

«Қачон Қуръон ўқисанг, Аллоҳдан қувилган шайтондан паноҳ сўрагин» (98-оят).
Яъни «Аввал «Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин». «Аъуузу биллаҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг Китоби бўлмиш Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради. Ушбу ояти каримадан уламоларимиз Қуръон ўқишни бошламоқчи бўлган ҳар бир инсонга «Аъуузу биллаҳи»ни айтиш вожиблиги ҳукмини чиқарганлар. Чунки Аллоҳ шунга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри ҳар бир мўминга вожиб. Уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади.
Истиъоза тиловат олдидан бир марта ўқилади. Тиловат қилаётган киши тиловатдан бошқа ишга ўтса, масалан, бирор киши билан гаплашса ёки туриб, бирор ишни бажариб келса, яна тиловат бошламоқчи бўлганда қайтадан истиъоза айтади. Аммо аксириш, йўталиш каби ихтиёрдан ташқари ҳолатлар юзага келиб қолса ёки қироатга тааллуқли гап айтилса, истиъоза қайтарилмайди.
Истиъозанинг бир неча кўринишлари бор:
أَعُوذُ بِاللهِ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيم1-ِ
أَعُوذُ بِاللهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيم2-ِ

Лекин афзали ва машҳури: «أَعُوذُ بِاللهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ» дир. Чунки Қуръони Каримда шундай ворид бўлган:
ﮋﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤﮊ

«Қачон Қуръон ўқисанг, Аллоҳдан қувилган шайтондан паноҳ сўрагин».

Истиъоза баъзи ўринларда жаҳрий, баъзи ўринларда эса махфий ўқилади.
Жаҳрий – овоз чиқариб ўқиладиган ўринлар:
1. Тингловчи жамоат орасида;
2. Таълим мақомида;
3. Қироат даврасида бошловчи бўлганда.

Махфий ўқиладиган ўринлар:
1. Намозда.
2. Қироат даврасида бошловчи бўлмаганда.

Қори ўзи ёлғиз ҳолда Қуръон ўқиганида истиъозани махфий ўқиши жоиздир.



БАСМАЛА

Басмала айтиш – «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни ўқиш. Қуръон ўқимоқчи бўлган киши тиловатининг аввалида басмала айтиши суннатдир. Басмала сураларни бир-биридан ажратувчи иборадир. У Намл сурасининг 30-оятида нозил бўлган:
ﮋﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭﮊ

«Албатта, у Сулаймондандир, албатта, унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» (дейилмишдир)».
Басмала истиъозадан кейин, Тавба сурасидан бошқа ҳар бир суранинг биринчи оятини ўқишни бошшлашдан олдин бир мартагина ўқилади.
Тавба сурасининг бошида басмала ўқилмаслигини уламолар асосан икки хил изоҳлайдилар:
– Басмалада раҳмат, меҳр маъноси бор. Тавба сураси эса жангу жадал, қийинчилик, аҳдига вафо қилмаган мушрикларга, мунофиқларга нисбатан қаттиққўллик қилиш ҳақидадир. Раҳмат билан оғирлик бир жойда жамланмагани учун Тавба сураси билан басмала бирга бўлмайди.
– Тавба сураси ўзидан аввалги Анфол сурасининг давоми бўлиши, яъни бу икки сура аслида битта сура деган эҳтимол ҳам бор. Уларнинг орасида басмала бўлиши улар қатъиян иккита сура, деган жазмга сабаб бўлади. Шу боис мусҳафларда бу икки суранинг орасида басмала ёзилмайди.
Истиъоза ва басмала билан суранинг илк оятини ўқишда тўрт хил кўриниш бор:
1. Ҳаммасини қўшиб ўқиш, яъни истиъоза, басмала ва суранинг илк оятларини бир нафасда, орасини узмасдан, қўшиб ўқиш.
2. Ҳаммасини алоҳида-алоҳида ўқиш, яъни истиъозани ўқиб, тўхтаб, нафас олиб, кейин басмалани ўқиб, тўхтаб, нафас олиб, кейин суранинг илк оятларини ўқиш.
3. Истиъоза ва басмалани қўшиб бир нафасда ўқиб, сўнг тўхтаб, суранинг илк оятларини алоҳида ўқиш.
4. Истиъозанинг ўзини ўқиб, тўхтаб, басмала ва суранинг илк оятларини бир-бирига қўшиб, бир нафасда ўқиш.
Тавба сурасини ўқимоқчи бўлган киши истиъозадан сўнг бевосита сурани ўқишни бошлайди. Бунда икки йўлдан бирига амал қилади:
1. Истиъозани ўқиб, тўхтаб нафас олади, сўнг сурани ўқишни бошлайди.
2. Истиъозани суранинг илк оятларига қўшиб, бир нафасда ўқийди.
Суранинг ўртасидан қироат қилишни бошлаганда басмала ўқилади. Бунда ҳам худди истиъоза ва басмала билан суранинг илк оятларини ўқишдаги йўлларнинг бирига амал қилинади.
«Суранинг ўртасидан бошлаб қироат қилганда басмала ўқилмайди» деганлар ҳам бор. Унга кўра, истиъоза ва суранинг ўқиш ирода қилинган ояти бир-биридан ажратиб, вақф билан ўқилади ёки иккиси бир-бирига улаб, бир нафасда ўқилади. Айрим уламолар «Тавба сурасининг ўртасида ҳам басмала ўқилмайди», дейишган.
Амалдаги мўътабар гап биринчи айтганимиздир, яъни суранинг ўртасидан бошлаб қироат қилганда басмала ўқилади.
Икки суранинг орасини басмала билан улашда ҳам уч хил йўл бор:
1. Ҳаммасини узиб ўқиш – аввалги суранинг оятини ўқиб бўлгач, тўхтаб, басмалани алоҳида ўқиб, кейин янги сурани бошлаш.
2. Ҳаммасини қўшиб ўқиш – бир нафасда биринчи суранинг оятини басмалага улаб, унга кейинги суранинг оятини қўшиб ўқиш.
3. Биринчи суранинг оятини ўқиб бўлгач, тўхтаб, басмалага кейинги суранинг оятини қўшиб ўқиш.
Тўртинчи кўриниш жоиз эмас, яъни биринчи суранинг охирги ўқилаётган оятини басмалага қўшиб ўқиб, тўхтаб, сўнг кейинги суранинг оятини ўқиш мумкин эмас, чунки бунда басмала суранинг охирги оятига ўхшаб қолади. Басмала суранинг охирида эмас, бошида ўқиш учундир.
Анфол сурасининг охири билан Тавба сурасининг бошини ўқишда ҳам уч хил услуб бор:
1. Васл – Анфол сурасининг охирини Тавба сурасининг бошига қўшиб, бир нафасда ўқиш.
2. Вақф – Анфол сурасини тугатиб, нафас олиб, кейин Тавба сурасини бошлаш.
3. Сакта – Анфол сурасининг охирги ояти ва Тавба сурасининг биринчи ояти ўртасида сакта қилиб ўқиш.
Сакта – икки ҳаракат миқдорида нафас олмасдан тўхтаб, кейин давом этиш.

Мулоҳаза:
Анфол сураси каби, бошқа сураларни ҳам Тавба сураси билан худди шундай ўқиш мумкин. Шарти шуки, сура тартиб жиҳатидан Тавба сурасидан юқорида бўлиши керак. Аммо тартиб бўйича Тавба сурасидан кейин келадиган сураларни Тавба сураси билан бирга ўқишда фақат вақф қилинади. Васл ва сакта мумкин бўлмайди. Мисол учун, Анъом сураси билан Тавба сурасини кетма-кет ўқимоқчи бўлган киши худди Анфол ва Тавба сураларини қўшиб ўқишдаги йўллардан бирини тутиши мумкин. Аммо Анбиё сурасидан кейин Тавба сурасини ўқимоқчи бўлса, у ҳолда иккала сурани бир-биридан ажратиб ўқишгина жоиз бўлади