Нима қилсам бўлади?

23:47 / 04.12.2017 | medinabintub | 1727
Ассалому алайкум! Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин! Менга ноҳақ тухмат қилиб айблаган, ҳақорат қилган инсонга нисбатан ўзимни қандай тутай? Умуман ақлимдан чиқмаяпти, ёрдам беринг. Қалбимдаги туйғуларим иккиламчи Жавобингизни кутаман. Раҳмат
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Агар ҳамма унга ёмонлик қилган ҳар бир инсон билан талашиб, тортишаверса ёки ўзининг ҳақлигини исботлаш билан овора бўлаверса, у ҳолда бу ёруғ дунё фақат фисқу-фасод, урушу-жанжалдан иборат бўлиб қоларди. Пайғамбаримиз саллоллоху алайхи васалламнинг ҳаётларини эсланг. У зотга мушриклар томонидан қанча надомат етганини эсланг. Бунинг учун, у зот ҳақидаги китобни, яъни Шайх Муҳаммад Содиқ Мухаммад Юсуф ҳазратларининг “Ҳадис ва ҳаёт” китобларининг 19-жузи, “Оламларга раҳмат Пайғамбар” номли китобни топиб ўқишга ҳаракат қилиб кўринг. Биз инсонларнинг хафагарчиликлари, майда чуйда дил оғриқлари, Пайғамбаримиз саллоллоху алайхи васалламнинг тортган азобу-уқубатлари олдида ҳеч нима эканлигини тафаккур қилиб кўринг. Ин шаа Аллох, кўнглингиз ҳам таскин топади. Яратган сизга шу дил оғриғини берибдими, демак яна ҳам кучли, бардошли, доно инсон бўлишингиз учундир, ҳамда бу ҳодиса сизга яна бир карра ўсишингизга ва дарс олишингизга имконият туғдириш учундир. Мана шундай ҳолатлардагина, яъни қалб оғриғи пайдо бўлганда инсоннинг боши янада эгилиб, Аллоҳга янада яқинроқ бўла бошлайди. Ҳаётимиз фақат хурсандчиликлардан иборат бўлиб қолса, аксинча, ношукрликка кетиб қолишимиз осон. Бундай ҳолатларда истиғфорга қўшиб, Юнус алайхиссаломнинг қилган дуоларини ҳам тез-тез ўқиб туриш, дилга анча малҳам беради. Валлоҳу аълам!.