Таҳажжуд намози

16:54 / 09.01.2018 | Маржона | 1854

Ассалому алайкум! Таҳажжуд намози ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Сизнинг бу саволингизга жуда кўп маротаба жавоб берганмиз. “Излаш хизмати”дан фойдаланганингизда бунга жавоб олган бўлардингиз. 

Таҳажжуд намози

 Бу намознинг ози икки, кўпи саккиз ракатдир. Аллоҳ таоло: «Кечасида таҳажжуд (намози) қил, сенга нофила бўлур. Шоядки, Роббинг сени Мақоми маҳмудда тирилтирса», деган (Исро сураси, 79-оят). Ушбу оят ила таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келгани эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз «таҳажжуд намози» деб аталади. Шунингдек, бу намоз «қиём намози» деб ҳам аталади. Аввал бошида бу намоз вожиб бўлган эди, бир йилчадан кейин вожиблиги насх қилинган. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир, ёмонликларга каффоротдир, гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам дейилган Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган. Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Чунки бу намоз ҳамма ухлаб ётган вақтда ўқилгани учун риёдан узоқ, ихлосга яқин бўлади. Изоҳ: таҳажжуд хуфтондан сўнг ухлаб, кечанинг иккинчи ярмида бедор бўлишдир. Уйғонишига ишончи бўлмаса, хуфтон намозидан кейин ўқиб олса ҳам жоиз. Раддул муҳтор соҳиблари таҳажжуд намозига: «Ҳар бир хуфтондан кейин ўқилган намоз» деб таъриф берган. Афзали эса бир ухлаб туриб ўқишдир. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَنْزِلُ رَبُّنَا تَبَارَكَ وَتَعَالَى كُلَّ لَيْلَةٍ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا حِينَ يَبْقَى ثُلُثُ اللَّيْلِ اْلآخِرُ، يَقُولُ: مَنْ يَدْعُونِي فَأَسْتَجِيبَ لَهُ، مَنْ يَسْأَلُنِي فَأُعْطِيَهُ، مَنْ يَسْتَغْفِرُنِي فَأَغْفِرَ لَهُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббимиз табарока ва таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганида дунё осмонига нозил бўлади ва: «Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтадики, Мен уни мағфират қилсам», дейди», дедилар». Тўртовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан таҳажжуд намозини кечанинг охирги учдан бирида ўқиш афзаллиги билинади. Чунки ўша пайтда Аллоҳ таоло дунё осмонига тажалли қилган ва дуо, сўров ва истиғфорларни тўсиқсиз қабул қилаётган бўлади. Албатта, бундай фазилатли вақтни таҳажжуд намози билан ўтказаётган банда ғоят улуғ мақомларга эришиши турган гап. У вақтда банданинг қилган дуоси Аллоҳ таоло томонидан дарҳол қабул бўлади, сўраган нарсаси берилади, гуноҳлари кечирилади. Шунинг учун бу амалга, яъни таҳажжуд намозини кечанинг охирги учдан бирида ўташга яна ҳам мустаҳкам бўлмоғимиз лозим. وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَنْزِلُ اللهُ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا كُلَّ لَيْلَةٍ حِينَ يَمْضِي ثُلُثُ اللَّيْلِ الْأَوَّلُ، فَيَقُولُ: أَنَا الْمَلِكُ أَنَا الْمَلِكُ، مَنْ ذَا الَّذِي يَدْعُونِي فَأَسْتَجِيبَ لَهُ، مَنْ ذَا الَّذِي يَسْأَلُنِي فَأُعْطِيَهُ، مَنْ ذَا الَّذِي يَسْتَغْفِرُنِي فَأَغْفِرَ لَهُ، فَلَا يَزَالُ كَذَلِكَ حَتَّى يُضِيءَ الْفَجْرُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلِمُسْلِمٍ: إِنَّ فِي اللَّيْلِ لَسَاعَةً لَا يُوَافِقُهَا رَجُلٌ مُسْلِمٌ يَسْأَلُ اللهَ خَيْرًا مِنْ أَمْرِ الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ إِلَّا أَعْطَاهُ إِيَّاهُ وَذَلِكَ كُلَّ لَيْلَةٍ Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ҳар кечаси туннинг аввалги учдан бири ўтганида дунё осмонига нозил бўлур ва: «Мен подшоҳман! Мен подшоҳман! Менга дуо қиладиган борми, уни қабул қилай! Мендан сўрайдиган борми, унга берай! Менга истиғфор айтадиган борми, уни мағфират қилай!» дейди. Токи фажр ёришгунича шундай давом этади», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. Муслимнинг лафзида: «Тунда бир соат бордир. Мусулмон одам Аллоҳдан дунё ва охират ишидан яхшилик сўраган ҳолида мувофиқ келиб қолса, албатта, мазкур нарсани унга беради. Ҳар кеча шундай», дейилган. Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам олдинги ҳадисга жуда ўхшаб кетади. Шунинг учун Аллоҳнинг тавфиқи ила баъзи фарқли жойларини бир оз шарҳ қилишга уринамиз. Бу ҳадисда Аллоҳ дунё осмонига кечанинг аввалги учдан бири ўтганида нозил бўлади, дейилмоқда. Бу аввалги ҳадисга хилоф эмас, балки нузул бўлишининг аввали кечанинг аввалги учдан бири ўтганига тўғри келади, деганидир. Кечасидаги дуо қабул бўладиган соат эса тайинли маълум соат эмасдир. Бу соат туннинг иккинчи ярмига тўғри келиши маълум, бошқаси номаълум. Шунинг учун бу соатни топиш учун ижтиҳод қилиш керак бўлади. Бу эса албатта, доимий равишда таҳажжуд намози ўқиш билан бўлади. وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَفْضَلُ الصِّيَامِ بَعْدَ رَمَضَانَ شَهْرُ اللهِ الْمُحَرَّمُ، وَأَفْضَلُ الصَّلَاةِ بَعْدَ الْفَرِيضَةِ صَلَاةُ اللَّيْلِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Шарҳ: Бу ҳадиси шариф «Рўза китоби»да ҳам келган ва унинг рўзага тегишли қисми кераклича шарҳ қилинган. Бу ерда эса тунги намозга тегишли гаплар шарҳ қилинади. Фарз намоз энг афзал намоз эканлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Шу билан бирга, фарз намоздан бош¬қа намозлар ҳам кўп, улардан баъзиларини ўргандик, баъзиларини эса Аллоҳнинг тавфиқи ила ўрганамиз. Албатта, ҳамма намозларнинг фазли ҳам бирдек бўлавермас экан. Баъзилари баъзиларидан афзал бўлиб, уларнинг ичида энг афзали эса тунги намоз экан. Чунки кечаси тинч бўлади. Ундаги намоз риёсиз, чин дилдан ўқилади. Бандалар ухлаб ётганида уларнинг ухламагани Роббига муножот қилади. Шунинг учун ҳар биримиз тунги намоз ўқишга одатланишимиз лозим. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!.