Намозда макруҳ амал

12:53 / 16.01.2018 | Феруза | 1517

Ассалому алайкум! 1. Соч турмаклашни намозда макруҳ амаллар қаторига киритилган экан “Кифоя” китобида. Бу нарса барчага тегишлими, яъни эркагу аёлгами? Мен сочимни доимо қисқичда йиғиб юраман . 2. Яна "Қўли билан кийим, бадан ва соқолни оз миқдорда ушлаб ҳаракат килиш" макруҳ дейилган. Буни қандай тушуниш мумкин? Намозда саждага боришдан олдин босиб олмаслик учун узун кўйлагимни ушлаб, озгина кўтараман ёки аврат тўлиқ ёпилсин учун енгимни тортиб қўяман. Шу амаллар макруҳ бўлиб қолмайдими?

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом. Бу эркагу аёлга тегишли. Эркакларга сочни ҳар қандай кўринишда йиғиш макруҳдир. Аммо аёллар битта узун қилиб ташлаган ҳолда сочларини жамлаб олишлари мумкин. Яъни боғич боғлаб ёки ўриб. Аммо юмолоқлаб бош тепасига жамлаб олиш макруҳдир. Кўйлакни босмайдиган ва аврат очилмайдиган қилиб ҳозирлик кўриш зарур намоз учун. Валлоҳу аълам. 7. Сочни турмаклаш. مَرَّ أَبُو رَافِعٍ مَوْلَى النَّبِيِّ  عَلَى الْحَسَنِ بْنِ عَلِيٍّ عَلَيْهِمَا السَّلَامُ وَهُوَ يُصَلِّي، وَقَدْ غَرَزَ ضَفْرَهُ فِي قَفَاهُ، فَحَلَّهَا أَبُو رَافِعٍ، فَالْتَفَتَ الْحَسَنُ إِلَيْهِ مُغْضَبًا، فَقَالَ: أَقْبِلْ عَلَى صَلَاتِكَ وَلَا تَغْضَبْ، فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ  يَقُولُ: «ذَلِكَ كِفْلُ الشَّيْطَانِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ. «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Абу Рофеъ намоз ўқиётган Ҳасан ибн Али алайҳимассаломнинг ёнидан ўтди. У (Ҳасан) соч ўримини орқасига турмаклаб олган эди. Абу Рофеъ ечиб юборган эди, Ҳасан унга ғазаб билан қаради. У бўлса: «Намозингни ўқи. Fазаб қилма. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бу шайтоннинг тўқимидир», деганларини эшитганман», деди». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Инсон намоз ўқиганида, сажда қилганида унинг барча аъзолари, бутун вужуди, ҳатто кийимлари ҳам иштирок этиши керак. Агар эркак киши сочини қайтариб турмаклаб олса, ўша ҳолатга футур етади. Шунинг учун бу иш макруҳ ҳисобланади. 8. Кийимни осилтириш ва шимариш. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ : أَنَّ رَسُولَ اللهِ  نَهَى عَنِ السَّدْلِ فِي الصَّلَاةِ، وَأَنْ يُغَطِّيَ الرَّجُلُ فَاهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда кийимни осилтиришдан ва кишини оғзини тўсишдан наҳйи қилдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Ушбу ҳолатлар кўпроқ Арабистон шароити ва у ердаги халқларнинг одатларидан келиб чиққан. Маълумки, уларда эркаклар ҳам узун кийим киядилар. Авваллари нафақат узун кийим кийишарди, балки кийимни узун қилиш ила фахрланишар эди. Шунингдек, арабларда салласининг бир тарафи ила оғзини беркитиб юриш одати ҳам бор эди. Ислом дини кибру ҳавога боғлиқ ҳамма нарсаларни ман қилганидек, кийимни фахр, кибру ҳаво билан судраб юришни ҳам ман қилди. Намоздан ташқарида ман этилган нарса намозда ман этилиши турган гап. Шунингдек, намозда оғизни бирор мато билан тўсиб олиш ҳам макруҳдир. عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «أُمِرْتُ أَنْ أَسْجُدَ عَلَى سَبْعَةِ أَعْظُمٍ: الْجَبْهَةِ - وَأَشَارَ بِيَدِهِ عَلَى أَنْفِهِ – وَالْيَدَيْنِ، وَالرُّكْبَتَيْنِ، وَأَطْرَافِ الْقَدَمَيْنِ، وَلَا نَكْفِتَ الثِّيَابَ وَالشَّعْرَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етти аъзо билан: пешона – қўллари билан бурунларига ҳам ишора қилдилар, – икки қўл, икки тизза ва икки оёқнинг учи билан сажда қилишга ҳамда кийимлар ва сочни йиғиштирмасликка буюрилдим», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган