Ҳайз ҳақида

07:17 / 19.02.2018 | Гулнорахон | 1513
Ассалому алайкум! Ҳайз келишининг энг кўпи 10 кун, ҳайздан пок кунларнинг энг ками 15 кун деб аёллар фиқҳи китобида ўқиганман. Менда ҳайз кунлари 10 кун ва ундан ҳоли кунларим 14-15 кунни ташкил этади. Менда 15-кунда жуда кам миқдорда рангли ажралма келади. Шу куни мен ҳайзли бўламанми? Шунингдек, 9-10 кунлари жуда кам миқдорда қон кўраман. Ўша қон тушликкача келиб, ундан сўнг ҳеч нима келмайди. Шу кунларда тушликдан кейин пешиннинг чиқиш қисмига яқин вақтда ғусл қилиб, пешинни ва асрни, шомда яна ғусл қилиб шомни ва хуфтонни кириши билан ўқиб олсам бўладими? Ёки 10 кунгача намоз ўқимай турайми? 10 кунлаб намоз ўқимаслик ўзимга ҳам беҳузурлик келтиряпти. Бунга қарши бир неча бор даволаниб кўрдим. Аммо натижа ўзгармади. Жавобингиз учун аввалдан раҳмат. Аллоҳ Ўзи мададкор бўлсин!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Ҳайзнинг ози уч кечаю уч кундуз, кўпи ўн кун. Покликнинг ози ўн беш кун. Кўпининг чегараси йўқ. Ҳайз муддатида орада қон тўхташи ва аёлнинг оқ рангдан бошқа рангдаги нарса кўриши ҳам ҳайздир. Шундан келиб чиқиб, 10 кунни ҳайз деб олаверасиз, кам келсаю кўп келса. Ҳеч қаерда ҳайз кунларининг баъзида баъзи намозларни ўқилади, деган гап йўқ. 10 кундан ортиғи нима келса ҳам то 15 кунгача истиҳоза бўлади. Ҳар намозга алоҳида таҳорат оласиз. Тажрибалироқ шифокорга кўрининг. Ҳозирда муолажалар анча ривожланиб қолган. Валлоҳу аълам