Ассалому алайкум! Бир инсон Аллоҳнинг иродаси билан оламдан ўтгандан кейин, зиммасидаги фарз намози, фарз рўзаси қарздорлиги бўлса, ортидан қолган яқинлари нима қила оладилар? Жавоб учун олдиндан раҳмат!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
САДАҚАНИНГ САВОБИ ЕТИШИГА ДАЛИЛ:
1. «Бир киши Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам тўсатдан вафот этди. Ўйлайманки, агар гапирса садақа килар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга ажри-савоб бўладими?»-деб сўраганда. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа!»-деб жавоб бердилар. (Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).
2. «Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам, менинг йўқлигимда вафот этди. У кишининг номидан садақа қилсам у кишига манфаат берадими?»-деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа»-деб жавоб бердилар. Шунда Саъд розияллоху анху: «Сизни гувох киламанки, хосилдор богим у кишининг номидан садака», деди. (Бухорий Ибн Аббосдан ривоят килган).
Рўзанинг савоби етишига далил:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким вафот этсаю зиммасида рўза тутиш бўлса, унинг номидан валийси рўза тутади»-деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).
Ҳажнинг савоби етишига далил:
Саҳиҳ Бухорийда Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Жухайна қабийласидан бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хузурларига келиб: «Онам ҳаж қилишни назр қилган эди. Ҳаж қилмасдан вафот этиб қолди. У кишининг номидан Ҳаж қилсам бўладими?»-деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг номидан ҳаж қил. Айтчи, онангнинг қарзи бўлганида адо қилармидинг? Аллоҳнинг қарзини ҳам адо қилинглар. Аллоҳ вафо қилишга ҳақлидир»-дедилар.
Шунингдек, мусулмонлар, ўлган одамнинг қарзини бошқа биров, хатто бегона одам ҳам, тўлаб қўйса унинг зиммасидаги қарз соқит бўлишига ижмоъ қилишган.
Бунинг далили - Абу Қатоданинг ҳадисидир. Абу Қатода розияллоҳу анҳу бир ўликнинг икки динор қарзини ўз бўйнига олган. Кейин ўша икки динорни ҳақдорга берганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энди (ўлганнинг) териси совуди» - деганлар. (ал-Хоким ривоят қилган).
Ҳудди рўза ва ҳажнинг савоби етганидек, ҳақ олмасдан, холисона Қуръон қироат қилиб савоби ўлганга бағишланса, унинг савоби ҳам етади.
Агар: «Бу иш ўтганлар ичида маълум бўлмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам буни қилишга иршод қилмаганларку!» - деган эътироз бўлса, жавоб шулки:
Агар, эътироз қилувчи ҳаж, рўза ва дуонинг савобини етишини эътироф қиладиган бўлса, булар билан Қуръон қироати савобининг етиши орасида нима фарқ бор? Ўтганларнинг қилмагани савобни етмаслигига далил эмас, дейилади.
Агар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқанинг номидан рўза, намоз, ҳаж ва садақа адо қилишга иршод қилганлар. Қироатга эса иршод қилмаганлар, деган эътироз бўлса.
Жавобимиз қуйидагича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабсиз, аввал бошдан иршод қилганларида қироатнинг савоби етмаслигига далил бўлиши мумкин эди. Хакикатда эса, ундоқ бўлмаган. Одамлар ўлган шахс номидан рўза тутиш, ҳаж қилиш ҳақида сўраб келишганда изн берганлар. Бу эса, бошқа нарсалар ман қилинган, дегани эмас. (Агар бирон киши Қуръон қироати хакида сўраганида изн берган бўлур эдилар).
Қироат савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлашга келсак. Мутааххир уламолардан баъзилари бу ишни мустаҳаб, деганлар, баъзилари, бидъат, деганлар. Чунки, саҳобалар бундоқ қилмаганлар ва ўзи шундоқ ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг умматларидан хар бирининг яхши амали савоби, қироати Қуръонми, бошқами етиб туради. Чунки, У зот умматларини яхши ишларга далолат ва иршод қилганлар.
Ўлган одам Қуръон қироатини эшитса манфаат олади, деган гап тўғри эмас. Бу гапни машҳур имомлардан бирортаси ҳам айтмаганлар. Ўлик қироатни эшитиши мумкин. Аммо, эшитиб, манфаат олиши собит эмас. Бу нарса ҳаёт вақтида бўлиши шарт. Чунки, бу ихтиёрий ишдир ва ўлими билан кесилгандир.
Балки, зарарланиши, алам чекиши мукин. Аллоҳнинг амрида юрмагани, қайтарганидан кайтмагани ва яхши амалларни кўпроқ қилмагани учун надомат қилиши мумкин.
Билингки, Қуръон қироати савобини бағишлаш учун маросим уюштириш, жузъларни бўлиб бериш, жамоат бўлиб, овоз чикариб дуо қилиш каби одат бўлиб қолган нарсалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, тобеъийнлар, таба тобеъийнлар ва мужтаҳид уламоларнинг бирортасидан ҳам собит бўлмаган. Ўлганнинг номидан рўза тутиш, ҳаж ва садақа қилишнинг маълум шакли бўлмаганидек, Қуръон қироатининг ҳам маълум шакли ёки шарт-шароити йўқ. Ўлган одамга савоб бўлишини хоҳлаган одам ўзи тиловат қилиб, дуо ила савобини бағишлаб кўяверади.
Аммо, бировни Қуръон тилвот қилиб савобини маййитга бағишлаш учун ёнлаб олишни ўтган азизлардан ҳеч ким қилмаган. Уламоларимиздан бирорталари бу ишга амр қилмаганлар, рухсат ҳам бермаганлар. Савобнинг етиши, амал Аллоҳ учун холис бўлгандагина бўлади. Ажр-ҳақ олиш учун ёнланган одамнинг қироати эса, холисона эмас. Шунинг учун ундан савоб ҳам хосил бўлмайдики, маййитга бағишласа.
Шунинг учун ҳам, имомлардан бирорталари рўза тутиб, намоз ўқиб савобини маййитга бағишлаш учун бировни кирага олинади ҳам, демаганлар