Қаср намози

22:18 / 30.03.2018 | Nozigul | 2359
Ассалому алайкум! Ассалому алайкум ҳурматли сайт жамоаси!
1. Уйим Бухорода. Лекин Навоий вилоятида ишлайман. Ораси 100 км.дан ошади. Уйдан чиққанимда энг кўпи билан 13 кун қолишни ният қилиб чиқаман. Яъни ҳар икки ҳафтада бир марта уйимга бораман, икки кун яъни шанба ва якшанба қолиб, яна Навоийга келаман. Навоийда бир кишининг уйида ижарада тураман. Ўзимнинг уйим эмас. Мен мусофир ҳукмидаманми?
2. Витр вожиб намозида 3-ракъатда “Фотиҳа” билан зам сура айтгандан сўнг аёл кишининг ҳолати қанақа бўлади, яъни “Қунут” дуосини ўқишдан олдин нима қилади?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:
.Ҳанафий мазҳаби ўлчовига кўра, 96 км масофа сафар масофаси ҳисобланган.
لِقَوْلِ ابْنِ عَبَّاسٍ وَابْنِ عُمَرَ : إِذَا قَدِمْتَ بَلْدَةً وَأَنْتَ مُسَافِرٌ وَفِي نَفْسِكَ أَنْ تُقِيمَ خَمْسَ عَشرَةَ لَيْلَةً فَأَكْمِلِ الصَّلَاةَ بِهَا، وَإِنْ كُنْتَ لَا تَدْرِي مَتَى تَظْعَنُ فَاقْصُرْهَا. رَوَاهُ الطَّحَاوِيُّ.

Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумо:
«Мусофир ўлароқ бир юртга кирсанг ва бу юртда ўн беш кун қолишни ният қилсанг, намозни тўлиқ ўқи. Агар бу ердан қачон сафарга чиқишингни билмасанг, намозни қаср ўқи», дейишган.
Таҳовий ривоят қилган.
Аслий ватанни унинг мисли ботил қилади, сафар эмас.
«Аслий ватан» деганда туғилиб ўсган ва умрининг охиригача яшашни ният қилган ёки ўзига ватан тутиб, умрининг охиригача ўша ерда яшашни ният қилган юрт англанади. Бунда мазкур жойда оила қуриши шарт эмас.
Аввал бир ерда аслий ватани бўлса, кейин бошқа ерга кўчиб бориб, ўша ерни ватан тутса, ўша кейинги аслий ватани аввалгисини ботил қилади. Бошқача қилиб айтганда, кейинги ватанидан аввалгисига сафар қилиб келса, мусофир саналаверади.
Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мисол. Ул зотнинг аслий ватанлари Макка бўлган. Ҳижратдан кейин эса Мадина у зотга аслий ватан бўлди. Ҳижратдан кейин Мадинадан Маккага келганларида аслий ватан – Мадина ўзининг мисли – Маккани ботил қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада намозни қаср ўқидилар.
Бу ҳол аввалги ватанда аҳл, жуфти ҳалол, бола, зироат ва шу каби бошқа боғловчи нарсалар қолмаган бўлса, тўғри бўлади.
Агар мазкур нарсалардан бирортаси бўлса, у ўн беш кундан кўп туришни ният қилмаса ҳам, намозини тўлиқ ўқийверади. Икки ватан унинг учун бир хил ҳукмга эга бўлади.
Сафар аслий ватанни ботил қилмайди. Мусофир аслий ватанига кириши билан муқим бўлиб қолаверади. У намозни дарҳол тўлиқ ўқишга ўтади.
Витр вожиб намозида 3-ракъатда “Фотиҳа” билан зам сура айтгандан сўнг аёл киши махфий такбир айтиб икки қўлини кўтаради ва бу намоз бошлашдаги такбир ва қўл кўтариш каби бўлади. Яъни, кўкрак баробарида икки қўлни кўтариш. Сўнгра Қунутни ўқийди. Валлоҳу аълам