Ассалому алайкум! Мени доим ваҳима босади, оёқ-қўлим оғриса ҳам дарров ваҳима қиламан, "ҳозир нимадир бўп қоламан", деб юрагимни сиқаман. Бошим оғриса ҳам қўрқаман нимага оғриябди деб. 2 та фарзандим бор, гоҳида шўхлик қилса асабим бузилиб урушиб бераман, оёқ қўлим қалтираб қолади. Шифокорга бордим, ҳеч қандай қўрқинчли нарса йўқ экан. Умуртқа поғонамда остеохондроз бор экан, юрагимни ҳам текширтирдим, яхши экан, машқларни қилсам ўтиб кетар экан. Лекин мен қилмаябман. Жуда ёмон, қўрқинчли ҳаёллар билан юраман, ваҳимага тушавераман. Ўзимни ўнглашга ёрдам беринг
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Сиздаги ваҳима ҳолати, яъни касаллиги, қаттиқ қўрқув ёки сиқилиш, стрессдан кейин пайдо бўлган бўлса керак. Шунчаки ўзингиз учун гормонларингизни текширтириб, бўқоғингиз борми йўқми текширтириб қўйинг. Мияда қон айналиши яхши бўлмаса хам, шундай ҳолат тез-тез бўлиб туриши мумкин. Бунинг қўрқинчлик жойи йўқ, хамда воҳима касаллиги бу шунчаки сизнинг руҳий ҳолатингиз, медицина буни даволамайди. Бу ҳолатдан қутулиш мумкин албатта, фақат ўзингизни ташлаб қўймасангиз. Бир нарсани тушуниб олинг, фарзанд кўрган она ёки ота ҳеч хам бўшашишга, соғлигига лоқайд бўлишига хаққи йўқ. Энг аввал ўз қадрини, соғлигини эҳтиёт қилиши керак. Чунки, фарзандига ўрнак бўлади. Қуш уясида кўрганини қилади. Сиз ҳозир хамма нарсадан қўрқиб, ўзингизга эътибор қилмасангиз, фарзандингиз хам ҳудди шу ишни такрорлайди. Шунинг учун ҳозирдан ўзингизни қўлга олинг. “Бошга тушганини кўз кўрар” деган гап бежиз айтилмаган. Нимаики бўлса, демак Аллоҳ Таолонинг истаги билан бўлади. Ҳеч нима содир бўлмаган экан, йўқ нарсага ўзингизни қўрқитиб нима қиласиз? Ўзингизга, мия ости қобиғи, сизнинг онгингизни қул қилиб олган органга буюринг, “Мен соғломман, мен дадилман, мен чаққонман, мен онгли ва илмли аёлман.”ва ҳаказо. Албатта “Фотиха” сурасини тез-тез ўқиб, ўзингизга дам солиб туринг, истиғфорни кўпайтиринг. Қуръон шифолигини ҳаммамиз биламиз, шунинг учун кўп Қуръон ўқинг. Ҳар куни пиёда 1-1,5 соат пиёда юришни одат қилинг. Бунда, бутун танангиз бўйича қон айланиши яхшиланиб, миянгизга кислород етиб бориши нормаллашади. Жисмоний машқларни хар куни бажаринг. Ўзингизни тетик ва дадил ҳис қила бошлайсиз. Валлоҳу аълам!.