Қадр кечаси

22:35 / 29.05.2018 | Madina_shirin | 2515
Ассалому алайкум! Ассалому алайкум устоз! Қадр кечасида қандай амаллар бажарилади? Интернетдан ва бошқа китоблардан топа олмадим. "Муқаддас ойлар ва мустажоб дуолар" китобида батафсил маʼлумот берилган экан. Лекин интернетда "бу китобда баъзи нарсалар нотўғри баён этилган. Шунинг учун таҳажжуд намозини ўзини ўқиб, ўзим афзал деб билган амалларни қиламиз" деган маънодаги мақолани кўриб қолдим.
Нима қилай? Ушбу китоб ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз, яхши китобми?
Саволимдаги хатоликлар учун узр
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Қадр кечаси каби Аллоҳ таолонинг раҳматлари ёғиладиган кечаларда устидан чиқарилган ҳукмларни раҳматига ўзгартирилишини сўралади. Бу борада "Ҳадис ва Ҳаёт" китобида қуйидагича ҳадислар келган:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَرَأَيْتَ إِنْ عَلِمْتُ أَيُّ لَيْلَةٍ لَيْلَةُ الْقَدْرِ مَا أَقُولُ فِيهَا؟ قَالَ: قُولِي اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, агар Лайлатул қадр кечаси қайси кеча эканини билсам, унда нима дейман?» дедим.
«Аллоҳим! Албатта Сен афв қилувчи ва карамлисан. Афвни яхши кўрасан. Бас, мени афв қилгин», дегин», дедилар».
Шарҳ: Албатта, Лайлатул қадр кечаси дуонинг қабул бўлиши энг қулай фурсатлардан бири эканини ҳамма яхши билади. Бу саволни бошқача қилиб, «Дуо энг қабул бўладиган вақтда қайси дуони қилай?» десак ҳам бўлади.
«Афв» сўзи луғатда тарк қилиш, ўчириш ва йўқ қилиш маъноларини ифода этади.
Уламолар афвни қуйидагича таърифлайдилар:
Муновий: «Афв бир нарсани тановул қилишни қасд этиш ва гуноҳни ўтиб юборишдир», деганлар.
Кафавий: «Афв қудрати етиб туриб, зарар етказмасликдир. Ким уқубат беришга ҳақдор бўла туриб, уни тарк қилса, афв қилган бўлади», деганлар.

عَنِ الْعَبَّاسِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، عَلِّمْنِي شَيْئًا أَسْأَلُهُ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ، قَالَ: سَلِ اللهَ الْعَافِيَةَ، فَمَكَثْتُ أَيَّامًا ثُمَّ سَأَلْتُهُ ثَانِياً، فَقَالَ لِي: يَا عَبَّاسُ يَا عَمَّ رَسُولِ اللهِ، سَلُو اللهَ الْعَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ

Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Менга Аллоҳ азза ва жалладан сўрайдиган нарсани ўргатинг», дедим. У зот менга:
«Аллоҳдан офият сўра», дедилар.
Бир неча кун турдим, сўнгра у зотдан шу нарсани яна бир бор сўрадим. У зот менга:
«Эй Аббос! Эй Расулуллоҳнинг амакиси! Аллоҳдан бу дунё ва охиратдаги офиятни сўра», дедилар».
Шарҳ: «Офият» сўзи саломатлик, эсон-омонлик, бардамлик, яхши кайфият каби маъноларни ифода қилади.
Кўриниб турибдики, офият ҳам Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан бири экан. Бу неъматнинг бандадан бошқа тарафга ўтиши унинг учун катта мусибат бўлиши турган гап.
Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Ибн Можалар Абдуллоҳ ибн Меҳсон ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Кимнинг жасади офиятда бўлса, ўз гуруҳида тинч-омон бўлса ва ҳузурида егани қути бўлса, гўёки дунёни қўлга киритибди».
Офият Аллоҳ таолонинг бандани барча турдаги бало ва офатлардан сақлашидир.

وَسَأَلَ رَجُلٌ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَيُّ الدُّعَاءِ أَفْضَلُ؟ قَالَ: سَلْ رَبَّكَ الْعَافِيَةَ وَالْمُعَافَاةَ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، ثُمَّ سَأَلَهُ فِي الْيَوْمِ الثَّانِي، فَقَالَ مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ سَأَلَهُ فِي الْيَوْمِ الثَّالِثِ، فَقَالَ مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ قَالَ: إِذَا أُعْطِيتَ الْعَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَأُعْطِيتَهَا فِي الْآخِرَةِ فَقَدْ أَفْلَحْتَ

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Қайси дуо афзал?» деб сўради.
«Роббингдан бу дунё ва охиратдаги офиятни сўра», дедилар.
Сўнгра у зотдан иккинчи куни ҳам сўради. У зот ўшани айтдилар. Сўнгра у зотдан учинчи куни ҳам сўради. У зот яна ўшани айтдилар. Кейин эса:
«Қачон бу дунёда сенга офият берилса ва у сенга охиратда ҳам берилса, батаҳқиқ, нажот топибсан», дедилар».
Шарҳ: Аллоҳ таоло барчаларимизга бу дунё ва охират офиятини берсин! Валлоҳу аълам!

http://savollar.islom.uz/wparxiv/5716.