Ҳукми қандай?

20:43 / 22.06.2018 | Савол | 2493
Ассалому алайкум! Эркак киши аёлининг ҳомиласини "мендан эмас", деса, яъни ўз зурриёдини тан олмаса, бунинг ҳукми қандай бўлади? Умуман покиза аёлни бузуқликда айблашнинг ҳукми қандай?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
.عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا لَاعَنَ امْرَأَتَهُ فِي زَمَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَانْتَفَى مِنْ وَلَدِهَا، فَفَرَّقَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَيْنَهُمَا وَأَلْحَقَ الْوَلَدَ بِالْمَرْأَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ. وَلَفْظُهُ: جَعَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِيرَاثَ ابْنِ الْمُلَاعَنَةِ لِأُمِّهِ وَلِوَرَثَتِهَا مِنْ بَعْدِهَا.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бир киши хотини билан лаънатлашишди ва унинг (туғадиган) боласидан воз кечди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икковининг орасини ажратиб қўйдилар ва болани аёлга нисбат бердилар».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Абу Довуднинг лафзида:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлашган аёлнинг ўғлининг меросини онасига ва онасининг меросхўрларига қилдилар», де йилган.
Шарҳ: Эр ўз хотинини зинода айбласа-ю, етарли гувоҳ топа олмаса ва хотин зино қилганини тан олмаса, шариат бўйича, улар орасида ўзаро лаънат айтишлари йўлга қўйилади.
Ушбу ўзига хос нозик жиҳатларга эга бўлган ҳукмни Аллоҳ хоҳласа, келажакда ўрганамиз.
Бунда эр қози ва гувоҳлар олдида ўзининг гапи тўғри эканлигини айтиб, агар ёлғон гапирган бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати бўлишини тилайди. Хотин ҳам эрининг гапи ёлғон эканлигини, агар ўша гап рост бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати бўлишини айтиб, қасам ичади. Шунинг учун бу иш «мулоъана» – «лаънатлашиш» деган номни олиб қолган.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлиб ўтган ана шундай воқеалардан бири ҳақида сўз бормоқда. Эри билан лаънатлашган хотин ҳомиладор бўлган. Эр «Унинг ҳомиласи мендан эмас», деб, болани тан олмаган. Икковлари лаънатлашиб бўлганларидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ораларини ажратганлар ва «Бола туғилса, онасининг номи билан юритилади, мерос олиши ёки қолдириши ҳам фақат онаси томонидан бўлади», деб ҳукм чиқарганлар.
Демак, мазкур ҳолатга тушиб қолган болалар онаси ва онасидан мерос оладиганлар билангина мерос ҳаққига эга бўлади, холос. Чунки отанинг тайини йўқ. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан)