Ассалому алайкум! Оилада тўрт фарзандмиз, 6 йил олдин опам турмушга чиқди, 3 йил олдин мен ва шу йили акам уйландилар. Опам сал қаттиқ қўлроқ оилага турмушга чиққанлари учун, ҳар сафар йиғлаб келарди. Аслида оиласи бой, баъзи оилалардан яхшироқ, лекин қайнона-қайнотаси, ҳатто қайниси ҳам қаттиқ гапирар экан. Менда эса бошқача, қайнонам яхшилар, алҳамдулиллаҳ, қайнотам, қайниларим кўзимга тик қарамай гапиришади… Келин олганимиздан кейин опам янада ўзгарди, ота-онам келинга қилиб берган шароит боис куйяпти деб ўйладик, очиқчасига ота-онам билан жанг қиляпти. Арзимаган сабаблар билан жанжаллар қилиб, янги келинчак олдида шарманда бўляпмиз (“Келинга фалон пуллик сарпо қилдингиз”, “келин қанча ухласа ҳам ишингиз йўқ”, “у билан тенг иш қиласиз, мени қайнонам ундай эмас”, каби гаплар). 4 ойдан бери шу аҳвол, ҳар келишида жанжал қилади. Ўтириб гаплашиб олдим, қаттиқ ҳам гапирдим, фойдаси бўлмаяпти. Яқинда операция бўлиб наркоз олган эди, шу таъсир қилганмикин деб ҳам ўйлаяпмиз. Ўзини ёки боласини бирор нарса қилиб қўйишидан қўрқяпмиз
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Баъзида наркоз инсонга шундай таъсир кўрсатиш эҳтимоли бор. Яъни, асабга таъсир қилиб, уни таранг қилиб қўйиши мумкин. Балки, келин бўлиб тушган жойлари жанжалли оила бўлганлиги сабабидан, асаби шундай бўлгандир. Аммо опангизда аввал ҳам бундай ҳолатлар бўлганми, яъни турмушга чиқишидан аввал, арзимас ишлар учун жанжал қилишлари бўлганми, бу ҳақда афсуски маълумот йўқ. Нима бўлганида ҳам инсонда ўзгариш бирданига бўлиб қолмайди. Болалигидан қолган асоратлар, бирон сабаб пайдо бўлиб намоён бўла бошлайди. Шунинг учун опангизнинг болалик вақтида бўлиб ўтган воқеаларни эслаб, ёрдам бериш мумкин. Албатта бу ишни руҳшунос бажариши керак. Ҳозирча опангизга у ҳурмат қилиши мумкин бўлган (бирон авторитетга эга) инсон насиҳат қилиб, бу дунё синов дунёси эканлиги, бировнинг дилини оғритиб гуноҳларни кўпайтирмай, инсонларга яхшилик улашишга улгуриб қолиш кераклигини эслатиб туриши керак. Валлоҳу аълам!.