Ассалому алайкум! Ассалому алайкум опажон! Сизга ёзишдан аввал жуда кўп ўйладум, чунки авваллари тушкунликка тушсам кўпроқ зикр ва истиғфор айтиб тушкунликдан чиқишга ҳаракат қилар эдим, энди эса ҳолатимни ўнглай ололмаяпман. Илтимос маслаҳат беринг. Турмуш ўртоғим, фарзандларим (4та фарзандим бор), ҳаммамиз ибодатдамиз. Турмуш қурганимизга бу йил 16 йил бўлади. Турмуш ўртоғим жуда талабчан инсонлар, мен ҳам шунга яраша ҳамма айтганларини қилишга ҳаракат қиламан. Лекин шунда ҳам жуда кўп асабийлашиб бақираверадилар, фарзандларим ҳам ишдан келишларига иложи борича кўзларига кўринмасликка ҳаракат қилишади. Мен ҳаммадан ҳам ота- кўпроқ ҳавотир оламан, чунки қайнотамларни қон босимлари тез-тез ошиб туради. Уларга неча маротаба гапиришга, диний китоблардан ўқиб беришга ҳаракат қилдим, ўша вақтда қулоқ соладилар, кейин яна ўз ҳолларига қайтиб қоладилар. Арзимаган сабаблар дилни оғритадилар, шу кунларда шулар ҳақида ўйлаб жудаям сиқилиб кетдим. Бундай вазиятда нима қилишим керак. Маслаҳатингизга муҳтожман
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Сизни жуда яхши тушунаман. Юрак ҳовучлаб яшаш ўта мушкул. Аммо ноилож. Аллоҳим сизга шундай қисматни ато этган экан, демак бунда бир ҳикмат бор. Ўзи билгувчидир. Бизни бу ҳаётда нимаики ўлдирмаса, бизни кучли қилади. Эҳтимол, бу ишларнинг ҳаммаси сизни яна ҳам кучли, доно, ақлли бўлишингиз учундир. Ҳамда, бизларга маълумки, Аллоҳимнинг жаннатига эришиш учун бандасининг бошида қанчадан қанча синовлар бор. Сизнинг бу сабрларингиз учун ин шаа Аллоҳ ажр-савоблар бор. Фақат чидаб бўлмайдиган даражада зулмга ҳам сабр қилиш керак дегани эмас бу. Сизга бир муолажани таклиф этмоқчиман. Кечқурун, ҳамма уйқуга кетганида, бир қоғозга дардларингизни тўлиқ ёзиб чиқинг. Кейин эса бу қоғозни ёқиб, хожатхонага оқизиб ташланг. Ҳамма дардларингиз гўёки оқиб, тугаб битгандек. Анча енгил тортасиз. Ҳар гал кўнглингизда бирон ғашлик пайдо бўлганида шу ишни қилиб кўринг. Қуръони карим сураларини, “Юнус алайҳиссалом” дуоларини кун давомида жуда кўп ўқиб юришингизни маслаҳат қилган бўлардим. Аллоҳим қалбингизга хотиржамлик, ҳаётингизга офият ато этсин!.