Эрнинг муҳаббатига эришиш

19:01 / 04.11.2018 | Zulfiya0909 | 1554
Ассалому алайкум! Ассалому алайкум хурматли Муслимаат жамоси! Аллох сизлардан рози бўлсин! Хўжайним билан турмуш қурганимизга 11 йил бўлди. Улар тоғамнинг ўғиллари, хоҳламасам ҳам мажбурлаб беришган, хуллас ота-оналаримизнинг хоҳишлари кўпроқ устунлик қилган. Ҳозирда 1 нафар фарзандим бор, шунча ҳаракат қилиб даволансам ҳам бошқа ҳомиладор бўла олмаяпман. Лекин шу йиллар давомида эримнинг менга муҳаббати йўқ Сал келишмовчилик бўлса ҳафталаб, ойлаб мен билан гаплашмай юрадилар. Ўзим айбдор бўлмаган ҳолатларда ҳам Аллоҳдан қўрқганим учун ялиниб бўлса ҳам вазиятни яхшилашга ҳаракат қиламан. Аслида эр хотин сифатида умумий режаларимиз, орзу истакларимизни ҳеч муҳокама қилмаймиз. Чунки улар мен билан гаплашишни хоҳламайдилар. Аёл сифатида ҳеч қандай ўрним йўқ. Бундай бефарқликка асабларим дош бера олмай қоляпти. Эримнинг муҳаббатига эришиш, оилам фаровонлиги учун нима қилишим керак?
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Икки оғиз гап билан сизга бунинг йўлини намоён этиш реал иш эмас. Бунинг учун анча поғоналардан ўтиш керак бўлади (психологик поғоналар). Бироқ, энг биринчи қадамни ниятингизни яна ҳам ҳолис қилишдан бошлашни тавсия этган бўлардим. Чунки, ҳадисда айтилганидек, “.амаллар ниятга кўра бўлади.”. Ана шу ҳадиснинг “мағзини чақишингиз” керак. Бунга эришиш учун эса, ўз навбатида, Шайх ҳазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Амаллар ниятга боғлиқдир” китобларини ўқиб чиқишингиз самаралидир. Ҳамда, шуни айтиш керакки, турмуш ўртоғингиздан хафа бўлиш ишини бутунлай йўқотишингиз керак. (Албатта, бу ўта қийин иш бўлсада). Тасаввур қилиб кўринг, сиз ҳеч кимдан, айниқса, турмуш ўртоғингиздан ҳафа бўлмай яшаяпсиз. Табассум ила кутиб оласиз, у кишига ёқадиган таом пиширасиз, тоза кийимларини вақтида мухайё қиласиз, уйларингиз озода, фарзандингиз ҳар доим озода кийимда, инжиқлик қилмайди, тунги хизматларингизни ҳам кўнгилгидек бажарасиз, доимо кўтаринки руҳда юрасиз, юзингиздан турмуш ўртоғингизга нисбатан миннатдорчилик аломатлари ҳар доим намоён. Бундай амаллар реалликка тўғри келмайди, аммо, ҳар бир аёл ҳудди шундай амалларни уддасидан чиқиб, бажараман дейди. Биласизми, нима учун реалликка тўғри келмайди? Чунки, асосан аёллар ҳар доим турмуш ўртоғидан ёки унинг яқинларидан хафа бўлиб юради. Ва, бу амалларни бажарганида, ҳафалик энергияси ила бажаради. Бунда амаллар ҳеч кимни кўзига кўринмайди. Гўё, сиз бажарган амалларни, орқангиздан биров, “ўчириб” чиққандек. Табиийки, ҳамманинг кўз олдида, сиз ўзингизда яратган, “ҳафа” бўлган энергиянинг маҳсули кўриниб туради. Ана шу энергияни йўқ қилиш керак. Бунинг учун кўп изланиш, китоб ўқиш, илмли бўлишингиз, хуллас, ўз устингизда ишлашингиз керак. Айтиш осон, аммо бу катта “меҳнат”ни талаб қилади. Бахтга эришиш учун эса, “меҳнат” қилиш шарт. Иложини топа олсангиз, руҳшуносга мурожаат қилишингиз керак. Чунки, руҳшунос сизга поғонама-поғонама ўз устингизда ишлашингиз учун нималар қилишингиз мумкинлиги ҳақида айрим сирларни ўргатиши мумкин. Валлоҳу аълам