Ўт қопи йўқ, жигари димланган инсон рўза тутадими?

08:02 / 23.03.2017 | Савол | 2755
Ассалому алайкум! Ўт қопим йўқ, жигарим димланган. Рўза тутишим мумкинми? Қандай муолажа тавсия киласиз? 6 ойлик эмизикли болам ҳам бор. Олдиндан раҳмат!
Шифокор:
.Ассаламу алайкум. Ўт қопининг вазифаси жигарда ишлаб чиқарилган ўт суюқлигини ўзида жамлаб, сақлаб туриш ва ошқозон, 12 бармоқ ичакка озуқа моддалар тушган пайтда унга ўт суюқлигини чиқариб туриш. Сизда ўт қопи йўқ бўлса-да, операция пайтида жигарда ишлаб чиқиладиган ўт суюқлиги тўғридан-тўғри 12 бармоқ ичакка тушадиган ҳолатда йўлча қолдирилади. Акс ҳолда мунтазам равишда ишлаб чиқариладиган ўт суюқлиги жигарнинг ўзида тўпланавериб, уни некроз ҳолатига ва хатто циррозгача олиб келиши мумкин. Шуни инобатга олиб, операция пайтида шу йўлча (фистула) қолдирилади. Гап шундаки, операциядан кейинги даврда парҳез бузилиши ёки турли инфекцион жараёнлар бўлиб туриши шу йўлларнинг торайиши, буришиши, чандиқланиши ва оқибатда жигар димланишига олиб келиши мумкин. Операциядан кейинги парвариш тўғри амалга оширилган тақдирда бундай асоратлар кам бўлади. Сизда димланиш борлиги инструментал текширишлар (УЗД хулосаси ) ва лабаратор текширишлар натижаси (билирубин, тимол, ишқорий фосфатаза ) орқали тасдиқланган тақдирда Рамазон рўзасини айнан шундай димланиш бор пайтда тутмаслигингизда узр бор деб ўйлайман. Бемор киши агар рўза тутса беморлиги зиёда бўлиб кетадиган ёки тузалиши ортга суриладиган бўлса, Рамазон ойида бемалол рўза тутмай юриши мумкин. Аллоҳ таоло беморлиги сабабли унга рухсат берган. Рўза тутишга узрли бўлганлар қуйидагилардир:
1. Ўта қари кишилар.
2. Ҳомиладор аёллар.
3. Эмизикли аёллар.
4. Мусофирлар.
5. Беморлар.
6. Очлик ва сувсизлик оқибатида ҳолдан тойганлар.
7. Мажбурланган шахс.
8. Машаққатли касб эгаси.
Юқоридаги 3 ва 5 -пунктлар сизда мавжуд экан, агар фарзандингиз эмизикли экан ва у ҳали суньий овқатланишга ўтказилмаган экан, унинг саломатлиги учун зарур озуқа моддаларини еткиза олмасликдан қўрқсангиз рўза тутмаслигингиз мумкин. Жигарингиздаги димланиш масаласига келсак, бу ҳолат бартараф қилингандан кейин даво муолажаларини олгач, албатта шу кунларда қолдирган рўзангизни оз-оздан бўлса ҳам ( ҳафтада 2 — 3 кун ёки кунора ) тутиб беришингиз керак.
Энг аввало тўғри, рационал овқатланишни йўлга қўйинг. Тез-тез, кам-камдан овқатланиб туринг. Аччиқ, шўр маҳсулотларни рационингизда чекланг.
Наъматак дамламаси, Ходжиматов доривор йиғмаси кабиларни 3 маҳал истеьмол қилиб туринг( 1 ой давомида ). Дорилардан Цинариксни 1 табл.дан 2 маҳал 1 ой давомида ичишингиз мумкин. Ҳар 6 ойда бир неча кун давомида дюбаж муолажасини қилиб туринг ( илиқ минерал сувга магнезия порошогини солиб, 30-40 мин давомида ўнг биқин остига илиқ грелка қўйиб туриб ичиш ). Бу ҳам мунтазам бажариб турилса димланишни олдини олади.
Аллоҳ дардингизга шифо берсин ва фарз амалларга сизни қодир қилсин