Ассалому алайкум! Жуда кўп сутдек оқ ёки сув аралаш ажралма келишининг қандай сабаблари бор? Бир саволга берган жавобингизда мана шу ҳолатни даволаш усули ҳақида ёзган экансиз, аммо у даво усулида қинга дори киргазиш кераклиги учун турмушга чиқмаган қизларга тўғри келмас экан. Шу каби даво усулларини турмушга чиқмаган қизларга мосини айтсангиз, илтимос
Шифокор:
Ва алайкум ассалом!
Азизам, қизларга маслаҳатим шуки, бу каби ёқимсиз ҳолатда ойлаб-йиллаб юрмай, болалар гинекологига кўринишсин. Чунки сурункали чаноқ аъзолари яллиғланиб юриши кўп ҳолларда турмуш қургач ҳомиладорликка монелик қилиб, ҳатто бепуштлик сабаб кўплар оилалар ажримларини юзага келтириб чиқаряпти! Мени бир ҳақиқат қийнаб келади: Нима учун турли миллат вакилалари қизларини болалигидан гинеколог шифокорларга кўрсатиб келишлари одатий ҳолу, ўзбек аёллари учун бу – ор?! Қизларини турли ўқув курсларида пишир-куйдир, тикиш-тўқиш, тил марказларида таълим беришади-ю, ёшлигидан болалар гинекологига кўрсатиб, уларни даволаб, керак бўлса жинсий ҳаёт тарбиясини ўргатиб боришмайди?! Бу каби масалаларда кераксиз “ор”ни йиғиштириб, керакли муолажани қилиш керак. Қолаверса, жинсий ҳаётга доир анатомик, физиологик хусусиятлар, ҳақиқий аёл бўла олиш санъатини ҳам дарсдай билиб бунинг сир-асрорларини ҳам ўргатиб боришлари шарт! Шундагина қизалоқларимиз ҳассос масалаларда ўзларидай билимсиз тенгдошлари билан эмас, сайтга мажбур хат ёзиш билан чекланиб эмас, оналари билан маслаҳатлашишни афзал деб топадиган бўлишади, ин шаа Аллоҳ