Мисол учун, Оиша онамизнинг опалари Асмаъ бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайни сингиллари бўлади ва у зотдан қочмаганлар. Уйларига бемалол кириб юрганлар. Ҳолбуки, икковлари орасидаги никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчалик бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг қизлари Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳо ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан қочмаганлар. Ҳолбуки, икковларининг ораларида никоҳ дуруст бўлган.
Шу билан бирга, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Фазл ибн Аббосдан қочганлар. Ҳолбуки, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Фазл ибн Аббоснинг аммаларининг қизи бўлган. Шунга ўхшаш ҳолатларни ўрганган уламоларимиз, юқорида айтилганидек, бундай ишларда шароитга қараб ҳукм чиқарилди, деганлар.
Иқтибос тугади;
Сўрамоқчи бўлганим, билишимча муслималар поччанинг, амакининг ва амманинг ўғлининг олдида сатрланган ҳолда бўлиши керак.
Бу ердаги, “қочганлар қочмаганлар” дейилганини қандай тушунишимиз керак?
Жавоб учун олдиндан раҳмат
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Бу ердаги қочишдан мурод, авратини очиш эмас, кўзига кўринмаслик, гаплашмаслик, яъни парда ортига ўтиш. Иқтибосда келган барча аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида авратларини ёпишган. Бунга далил, Асмо розияллоҳу анҳо юпқа кийимда кўринганларида У зот юзларини буриб, балоғатга етган аёл авратини ёпиш керак эканлиги ҳақидаги ҳадисдир. Қочмаган аёллар сатри авратли ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам бор хонага кириб чиқиб юрганлар, сўзлашганлар, У зотга хизмат қилганлар ва ҳк. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари номаҳрамларга кўринмаганлар. Гаплашишса ҳам парда ортидан гаплашишган. Валлоҳу аълам