Маслаҳат беринг

09:49 / 22.11.2018 | Saodatxon | 1016
Ассалому алайкум! Мен ким билан яқинлашсам, ўртамизга албатта араз, тортишиш ёки совуқчилик тушяпди. 2 йиллардан бери шундай. Ҳар сафар энди бундай ҳол юз бермайди деб ўйлайман. Лекин барибир орага совуқчилик тушаверади. Ким бўлса ҳам фарқи йўқ. Ёшми, қарими, эркакми, аёлми, барибир ё аразлаш ё бир совуқчилик тушади. Баъзида бирор сабаб бўлади аразлашгани, баъзида сабабини ҳам билмай қоламан. Негадир менга муносабати ўзгаради. Илтимос маслаҳат беринг
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Икки оғиз гап билан маслаҳат бериш мушкул. Чунки, бирон ҳодисани мисол қилиб келтирганингизда ҳам, ўша ҳодиса мисолида маслаҳатлар қилинса бўлар эди. Аммо, ҳамма билан тил топиша олмас экансиз, сизга бундай ҳодисалар ноқулайчиликлар туғдирар экан, демак бу шахсан сизнинг муаммоингиз экан. Бунинг ечимини эса ўзингиздан қидириб топишингиз керак. Яъни, қоғозга ўша ҳодисаларни эслаб ёзиб чиқинг. Фақат ўзингизнинг ўрнингиз билан аразлашган инсонингизнинг исмини алмаштириб ёзинг. Сўнгра, баланд овозда, кўз олдингизга келтириб, ўқинг. Шунда, эҳтимол ўз хатоларингизни тушуниб оларсиз. Шуни айтиш жоизки, инсон хар куни ўзи билмаган ҳолда гуноҳ қилиб қўйиши, бировни тушуниб ё тушунмай дилини оғритиб қўйиши мумкин. Ҳар биримизнинг қилган хатоларимиз изсиз йўқ бўлиб кета олмайди. Бировнинг дилини оғритишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Шунинг учун, дуода бўлиб, инсонларга фойдамиз тегишини биринчи ўринга қўйиб (беминнат) яшашга, истиғфор айтиб юришга ҳаракат қилишимиз керак. Валлоҳу аълам