Цистит ҳақида

16:07 / 11.12.2018 | Bibisohiba | 1816
Ассалому алайкум! Уй шароитида циститни қайдай даволаса бўлади?
Шифокор:
Ва алайкум ассалом! Цистит − 20-45 ёшгача бўлган аёлларда учрайдиган қовуқ шамоллаши. Цистит – стафилакокк, стрептакокк каби инфекциялар, баъзи ҳолларда эса уреаплазмоз ва микоплазмоз каби жинсий инфекциялар оқибатида ҳам юзага келади. Касаликка чалинган аёлларда касаллик қайта-қайта такрорланиши ҳам мумкин.
Касаллик белгилари: аёл ҳожатга чиққанда, ачишиш, оғриқ сезади. Қовуқда оғир оғриқ туриб, аёлда ҳожатга чиқиш истаги пайдо бўлаверади. Сийдик лойқаланган каби тус олиб, баъзан қон аралаш келади. Касаллик ўтказиб юборилганда иситма кўтарилади. Бундай ҳолларда зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг, чунки тана ҳароратининг кўтарилиши касалликнинг буйракка ўтганидан дарак беради.
Ўткир цистит – урологияда энг кўп учрайдиган касалликлардан. Касаллик эркакларда ҳам учраши мумкин, аммо бу камдан-кам учрайдиган ҳол. Кичик ёшдаги қизларда ҳам қовуқ яллиғланиши ҳолати кузатилади. Касаллик тўғри даволанмаган ёки давоси охирига етказилмаган ҳолатларда яллиғланиш сурункали формага ўтади. Бундай ҳолатда йилда икки марта касалликнинг авж олиши кузатилади.
Келиб чиқиши:
1. Очиқ ҳаво ҳавзаларида узоқ чўмилиш. Узоқ чўмилиш натижасида аввалига сезилмаса-да, инсон танаси совқотади ва инфекция тушиш хавфи ортади.
2. Гигиена қоидалари тўла риоя қила олмаслик. Кўп ҳолларда янги турмуш қурган аёлларда кузатилади. Янги жойга ҳали тўла ўрганиб улгурмаган келинчак, ўз соғлиғига эътибор қарата олмайди ёки айтишга уялади.
3. Узоқ вақтида ҳожатга чиқмаслик. Сийдик қовуқда йиғилиб қолади ва вақт ўтиши билан сийдик қопи деворлари юмшаб қолади. Натижада ҳожатга чиққанда сийдик тўла чиқмайди ва бу инфекциялар ривожланишига олиб келади. Жинсий ҳаётни янги бошлаган аёлларда ҳам кўп учраб туради.
Даволаниши:
Агар юқорида кўрсатилган касаллик аломатларини ўзингизда кузатсангиз, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Касаллик антибиотиклар билан даволанади. Шифокор организмингизнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда сизга муолажа белгилайди. Касаллик вақтида даволанмаса, сурункали формага ўтиб кетади.
Қовуқ шамоллаши ҳомиладор аёлларда ҳам учраб туради. Аёл касалликнинг биринчи аломатларини ўзида сезгандаёқ акушер гинеколог ёки урологга мурожаат қилиши лозим. Тадқиқотларга кўра, касаллик мактаб ёшидаги қизларда ҳам учрайди. Уларни бу касалликка чалинишдан сақлаш учун шахсий гигиена қоидаларига амал қилишни ўргатиш керак.
Кўпроқ суюқлик истеъмол қилинг. Суюқлик қовуқдаги ва сийдик йўлидаги бактерияларни ювиб тушади. Ҳожатга чиққанингизда сийдик қопининг тўла бўшашига эътибор беринг. Ҳожатга бориш истаги уйғонганда, ҳожатга боринг. Ҳожатга чиқиш вақти 3-4 соат бўлиш керак. Жинсий алоқадан олдин ва кейин албатта ҳожатга чиқинг. Гигиена қоидаларига амал қилинг, айниқса, ҳайз кунларида гигиенага катта аҳамият беринг.
Табиий матолардан тикилган ич кийимлар кийинг. Ички кийимингиз тор ва сиқувчи бўлмасин. Тор кийимлар ҳаво ўтказмайди ва натижада аъзода намлик (рутубат) ҳосил бўлади. Турли кимёвий қўшимчалар қўшилган совунлардан фойдаланманг. Ёз ойларида кўпроқ тарвуз енг, бошқа мавсумларда эса сийдик ҳайдовчи ўтлардан дамлаб ичинг.
Асабийлашиш ҳам касалликнинг ривожланиб кетишига олиб келиши мумкин. Ўзингизни совқотишдан сақланг.
Касаллик ўткир тус олганда, оғриқ кучайганда иссиқ ванна қилиш ёки қовуққа иссиқ грелка қўйиш тавсия этилади. Аммо сийдик қон аралаш келса, қовуққа иссиқ қўйиш қатъиян ман қилинади. Шунингдек, оғриқ кучли бўлса, спазмалитик дорилар ҳам ичишингиз мумкин. Аччиқ, қовурма, нордон овқатлардан, қаҳва ва спиртли ичимликлардан ўзингизни тийинг. Қабзиятга йўл қўйманг. Кўпроқ ҳаракат қилинг, спорт билан шуғулланинг.
Циститни даволашда фитотерапиядан ҳам фойдаланиш мумкин. Мойчечак, қизилпойча, забтурум (баргизуб), қирқбўғин, игир, арчагул каби гиёҳлардан дамлама қилиб ичинг ва ванна қилинг. Дорилар, фитотерапия, парҳез ва қовуқни иссиқ тутиб касалликни енгиш мумкин. Наъматак устига қайнаган сув солинг, 15 дақиқа қайнатинг. Оловдан олиб 2 соат ўраб қўйинг. Овқатдан олдин дамламани бир пиёладан ичинг