Кечириш

09:09 / 15.12.2018 | Ummu Solihabonu | 1103
Ассалому алайкум! Опажон, менинг саволим бироз чигалроқ вазият ҳақида. Яқинда мени овсиним жуда кўпчилик олдида, қайнона қайнотам, эримга мендан шикоят қилиб жуда катта туҳмат, бўҳтон қилди. Гап шундаки у бироз бадавлатроқ оиладан ва буни мен яшайдиган оилада катта аҳамияти бор. Шунча айблов, шармандагарчиликдан кейин ҳам эрим ўша аёл билан ҳеч нарса бўлмагандай гаплашяптилар ва мени ҳам гаплашишга, қилмаган айбим учун кечирим сўрашга ундаяптилар. Мен эса бу аёлни ҳеч кечиролмаяпман, назаримда айбсизлигимга ҳеч ким ишонмаяпти. Шу вазиятда нима қилишни билмай қолдим. Маслаҳат беринг
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Ҳар бир инсон қилган ноҳақ иши, тухмати ва зулми учун жавоб беради. Шуни ўйласангиз, аламларингиз анча ёйилади. Аммо, сиздан бу дард аламлар тўлиқ кетиши учун истиғфорни кўпайтиришингиз керак. Турмуш ўртоғингиз кечирим сўратмоқчи эканлар, у инсонни тўғри тушунишга ҳаракат қилинг. Унинг мақсади, фақат оилада тинчлик бўлишидир. Сизга Яратган бу синовни бекорга бермаган. Ҳар бир ишида улуғ ҳикматлар бор. Демак, сиз яна бир каррага “кўтариласиз”, ҳаётий, бебаҳо дарс оласиз. Овсинингиз ўзига тўқ хонадондан бўлса, тарбияси яхши бўлмаса, унга сиз эътибор берманг. Сиз Яратганга яқин бўлишга ҳаракат қилаверинг. Ҳаммамиз биламизки, Аллоҳнинг мўжизаси, караматлари беқиёс. Илмингизни оширишда бардавом бўлаверсангиз, сиз ва турмуш ўртоғингизга офият, ҳамда сизга тажовуз қилганларга Ўзи тавфиқ бериб, ҳаётингиз хотиржам бўлса ажаб эмас. Валлоҳу аълам