Она зиёратими ёки эр розилиги

22:24 / 23.03.2017 | Савол | 4125
Ассалому алайкум! Ассалому алайкум, опажон. Биз эрим билан турмуш қурганимизга 9 йил бўлди. Турмушимизнинг илк ойларидан пойтахтга келиб яшадик. 5-6 ойда, баъзида 3-4 ойда ўзимизнинг шаҳримизга бориб келардик. Ўтган йилнинг март ойининг бошида эримнинг ўқишлари туфайли бошқа юртга келдик. Бу йил ўқишлари тугаб, сентябрь ойида юртимизга қайтишимиз керак эди. Лекин Аллоҳ ҳўжайинимнинг ишларини ўнгидан бериб, шу ерда иш топдилар. Сентябрь ойидан бошлаб Ин ша Аллоҳ иш бошлайдилар. Келганимиздан бошлаб мен ҳам ишга тушдим, озми-кўпми ёрдам бердим. Энди ҳўжайинимдан уйга, яъни Ўзбекистонга бориб келишимни сўрадим. Чунки кейин қачон боришимиз ноаниқ. Хўжайиним билет олиб бердилар, лекин сезиб турибман: кўнгилларининг тубида буни хоҳламаяптилар. «Шунча пул сарфлаб бориб келиш шартми, ундан кўра уйингдагиларни чақирсанг арзон тушади, ҳали қиладиган қанча ишларимиз бор, шунча пулга кўп иш қилса бўлади», деб кўп айтаяптилар. Менинг кетишимдан асосий мақсадим: онамни кўриб келиш. Онам мени роса соғинганлар. Буни биламан, телефонда гаплашганимизда менга яхши гапириб, кейин соғинганларидан йиғлашлариниям биламан. Фарзандлик бурчимни бир кун бўлса ҳам бажармоқчиман. Онамнинг кўнгилларини олмоқчиман. Мени шунчалик вояга етказганлари эвазига нима учун доим соғинтириб яшашим керак. Пул худо берса топилаверадику. Ўзимнинг ҳам иккита фарзандим бор. Онамларни бу ерга чақиртирганим билан бемалол келиб кета олмайдилар. Қон босимлари ошади, беллари, оёқлари оғрийди. Куёвнинг олдида қандай ўтираман дейдилар. Мен кетиш қароримда қатъий турибман. Шу қилаётган ишим тўғрими ё ҳўжайинимга итоатсизлик қилаяпманми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Кўнгил хотиржамлиги учун истихора қилиб кўринг. Онангизни кўриб келишга ҳаққингиз бор. Турмуш ўртоғингизга буни яхши гаплар билан тушунтиринг. Ўзлари ҳам бориб, ота-оналарини зиёрат қилиб келсинлар. Иш тугамайди. Ота она эса ғанимат ва уларнинг фарзандлари олдидаги ҳақлари буюкдир. Валлоҳу аълам